2.2. Ўзбекистонда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш соҳасини тартибга солувчи ва ташкил қилувчи меъёрий-ҳуқуқий асослар Мамлакатимизда жиной фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасини тартибга солувчи меъёрий хужжатларни таҳлил қилиб чиқамиз:
Ўзбекистон Республикасининг «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни (660-II-сон, 26.08.2004й.);
Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни (ЎРҚ-419-сон 03.01.2017);
Вазирлар Маҳкамасининг «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ ахборотни тақдим этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги 2009 йил 12 октябрдаги 272-сонли Қарори;
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2009 йил 29 декабрдаги 39/1-сонли Қарорига мувофиқ тасдиқланган «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишга оид қонун ҳужжатлари талабларини бузганликлари учун тижорат банклари, микрокредит ташкилотлари ва ломбардларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан қўлланиладиган чоралар ва санкциялар тўғрисида»ги Низом (рўйхат рақами: №2063, 13.01.2010й.);
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 майдаги «Бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини тубдан ошириш ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5446-сонли Фармони;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 сентябридаги «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши кураш бўйича идоралараро комиссияни ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-3947-сонли Қарори;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги «Ўзбекистон республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5729-сонли Фармони;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2016 йил 11 октябрда 2833-сон билан рўйхатга олинган «Террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхатига киритилган шахсларнинг операцияларини тўхтатиб туриш, пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкини ишга солмай тўхтатиб қўйиш, ишга солмай тўхтатиб қўйилган мол-мулкидан фойдаланишга рухсат бериш ва операцияларини тиклаш тартиби тўғрисида»ги Низом;
.Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидалари (рўйхат рақами: №2886, 23.05.2017й.)9
Юқорида қайд қилинган меъёрий хужжатлар Ўзбекистонда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасини тартибга солувчи хужжатлар ҳисобланади. Мазкур соҳасини тартибга солувчи энг асосий меъёрий хужжат бўлган, 2004 йилда қабул қилинган бўлсада, Ўзбекистон 2006 йилдан 2009 йилгача бўлган даврда ФАТФнинг рўйхатига тушиб қолган. Чунки қабул қилинган меъёрий хужжатларнинг етарли даража ҳуқуқий таъминот яратилмаган, зарурий чоралар кўрилмаган эди.
2009 йилга келиб жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасига катта эътибор қаратилди. Жумладан, 2009 йил 22 апрелда Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-212-сонли Қонуни қабул қилинди («Халқ сўзи» газетаси, 2009).
Мазкур қонунга кўра, «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритди.
2009 йил 12 октябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг 272-сонли Қарори билан тасдиқланган Низом ишлаб чиқилди.
Шунингдек, 2009 йил 23 октябрда тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича 2023-сонли дастлабки ички назорат қоидалари ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ қилинди.
Мазкур қоидалар билан бир қаторда соҳада амалга киритилган қонун хужжатлари талабларини бажарилишини назорат қилиш ва тартибга солиш мақсадида, 2009 йил 29 декабрда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 39/1-сонли Қарори билан тасдиқланган Низом кучга кирди.
Мазкур меъёрий хужжатлар Ўзбекистон Республикасида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасига катта эътибор қаратганлигидан далолат берарди. 2009 йил октябр ойига келиб Ўзбекистонда олиб борилган ислоҳотлар, кўрилган чора-тадбирлар ўз мевасини берди ва Ўзбекистон ФАТФнинг қора рўйхатидан чиқиб кетди.
Маълумки, ФАТФ санкциялар қўлланилиши мумкин бўлган ёки қўшимча равишда тавсиялар берилиши лозим бўлган мамлакатларнинг «қора рўйхатини» белгилаб беради.
Ривожланаётган мамлакатлар ФАТФнинг «қора рўйхати»да бўлмасликлари, биринчи навбатда, ХВФ ва Жаҳон банки томонидан ички иқтисодиётни ривожлантириш учун кредит олиш, молиявий инқирозга учрамаслик учун асосий вазифа ҳисобланади. Қолаверса, ФАТФнинг «қора рўйхати»га киритилган мамлакат иқтисодиёти бир мунча қийин аҳволга тушиб қолиш эҳтимоли жуда катта. Чунки, ўзининг миллий қонунчилигида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ҳуқуқий таъминот яратмаган бўлса, биринчи ўринда, ФАТФ томонидан юқори риск даражаси берилади. Бу эса мамлакат иқтисодиётининг ишончлилигига, инвестицион жозибадорлигига ва халқаро эътирофига салбий таъсир кўрсатади.
Сўнгги йилларда жаҳонда юз бераётган воқеалар, глобаллашув жараёнлари, ФАТФ баёнотларидаги ўзгаришлар ва бошқа сабаблар оқибатида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги миллий қонунчилигимизда ўзгаришлар юз берди. Жумладан, 2017 йилда амалиётга киритилган тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига бугунги кунга қадар 5 марта ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Мазкур киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасини бошқариш механизмини янада мустаҳкамлашга, мазкур соҳада кузатиладиган жиноятларни олдини олишга, қолаверса, ЕАГ гуруҳи томонидан 2020 йилда бўлиб ўтадиган ўзаро баҳолашнинг иккинчи босқичига муваффақиятли тайёргарлик кўришга имкон беради.
Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруғига биноин Адлия вазирлигида 2016 йил 11 октябрда 2833-сон билан рўйхатга олинган «Террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхатига киритилган шахсларнинг операцияларини тўхтатиб туриш, пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкини ишга солмай тўхтатиб қўйиш, ишга солмай тўхтатиб қўйилган мол-мулкидан фойдаланишга рухсат бериш ва операцияларини тиклаш тартиби тўғрисида»ги Низом кучга кирди.
Мазкур Низом талабларига кўра, террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахсларнинг рўйхатини шакллантириш, уларни пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар (молиявий институтлар)га етказиш, Рўйхатга киритилган шахсларнинг операцияларини тўхтатиб туриш ва (ёки) пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни ишга солмай тўхтатиб қўйиш, шунингдек операцияларни тиклаш, тўхтатиб қўйилган мол-мулкдан фойдаланишга рухсат бериш тартиби белгилаб берилди.
Мамлакатимиз президентининг 2018 йил 23 майдаги «Бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини тубдан ошириш ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5446-сонли Фармони ҳамда 2018 йил 20 сентябрдаги «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши кураш бўйича идоралараро комиссияни ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-3947-сонли Қарори республикамизнинг молиявий тизимини янада мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш жараёнида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш миллий тизимининг умумқабул қилинган халқаро нормалар ва андозаларга мувофиқлилигини таъминлашга қаратилди.
Аниқроқ қилиб айтганда, президентимизнинг ПҚ-3947-сонли Қарори бўйича ташкил қилинган комиссия жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ хавфларни баҳолаш бўйича самарали ишларни ташкил этади, шунингдек, унинг асосида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш миллий тизимини янада ривожлантиришга ва мустаҳкамлашга оид таклифлар ишлаб чиқади ҳамда чоралар кўради (Джалалов, 2020).
Шуни эътиборга олиш лозимки, турли давлатлар хуфёна бозори, ижтимоий зиддиятлиги, сепаратизм ва экстремизм даражаси турли индивидуал сиёсий ва иқтисодий ҳолатга эга. Мазкур омиллар энг самарали тизимни аниқлаш учун миллий жиноий йўл билан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тизими ишлашининг миқдорий натижаларини солиштиришни сезиларли даражада мураккаблаштиради.
Жиноий йўл билан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тизимини хорижий аналоглар билан сифат жиҳатдан солиштирганда, шундай хулоса қилиш мумкинки, унинг ташкилий ва институционал асоси халқаро стандартларга тўлиқ мос келади. Масалан, халқаро тавсиялар асосида Ўзбекистон республикаси “Жиноий йўл орқали олинган даромадларни легаллаштириш (ювиш) ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни ишлаб чиқилган ва кучга кирган бўлиб, у тизимнинг ташкилий-таркибий моделини белгилаб беради. Бундан ташқари, жиноий йўл орқали олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш учун жиноий жавобгарлик белгиланган. жиноий йўл билан олинган даромадларни легаллаштиришва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишнинг базис блоки сифатида пул маблағлари ва бошқа мол-мулк операцияларини амалга оширувчи ташкилотлар (улардан энг муҳими банклар ҳисобланади) хизмат қилади. Қонунчилик билан белгиланган мезонлар асосида ташкилотлар мазкур операцияларни доимий мажбурий назоратини амалга оширади ва улар ҳақида ваколатли орган – Иқтисодий жиноячиликка қарши курашиш департаментини ҳабардор қилади, ушбу орган (бошқа давлатларда сингари миллий МРБ сифатида) марказий ўрин эгаллайди. Бунда унинг фаолиятида бир қатор камчиликлар мавжуд.
Масалан, Департамент фақатгина кредит ташкилотларининг ҳам мажбурий ҳам ўз хоҳиши билан мустақил тарзда тақдим этилаётган шубҳали операцялар тўғрисидаги ахборотни таҳлил қилади. Шу боис банклар томонидан даромадларни легаллаштириш билан боғлиқ жиноий ҳаракатларни содир этган ҳолатларни қасддан яшириш ва тегишли ҳисоботларни юбормаслик хавфи мавжуд. Бундан ташқари, мажбурий назорат қилиниши лозим бўлган битимларнинг чегаравий қийматлари қонунчиликда акс эттирилган бу эса жиноятчилар томонидан ўзининг “ювишга оид” схемаларини ишлаб чиқишда фаол қўлланилмоқда. Умуман олганда, бутун маҳаллий жиноий йўл билан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тизими деярли молия муассасалари ходимлари томонидан субъектив баҳоланади ва улар олиб борилаётган операцияларга асосланган ҳолда ташкил этилади, бу эса пировардида унинг самарадорлигида акс этади.
Бизнинг фикримизча, мамлакатимиз амалиётида Молиявий қидирув бўлимини барча ҳукумат маълумотлар базасидан марказлашган ҳолда фойдаланишни ва даромадларни ювиш билан боғлиқ жиноий операцияларни аниқлаш жараёнини автоматлаштиришни таъминлаш бўйича Америка ёндошувидан фойдаланиш қисқа вақт ичида унга барча жиноий занжирларни таҳлил қилиш, маълумотларни таққослаш ва кейинги босқичда аниқлашга имкон беради.
Бундан ташқари, молия муассасалари томонидан шубҳали операциялардан олинган ҳабарлар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг тезкор текширув материаллари асосида шаклланган янги идоралараро ресурсни ташкил этиш қисмида Англия тажрибасини амалиётга қўлланилиши тезкор-қидирув чора-тадбирларни олиб боришни ва жиноий ювишга оид схемаларни аниқлашга қаратилган тергов ҳаракатларини сезиларли даражада соддалаштиришга имкон беради.
Миллий жиноий йўл билан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тизими ривожланишининг салбий омили жиноий йўл билан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш доирасида мамлакат қонунчилигини бузганлиги учун жиноий ва маъмурий жавобгарлиги суст. Масалан, ташкилот мансабдор шахсларининг ваколатли органларига мажбурий назорат қилиниши лозим бўлган операциялар тўғрисида маълумотларни юбормаганлиги учун кўзда тутилган маъмурий жарималар давлатга етказилган зарардан анча кам ва бу жиноятчиларни тўхтатишга имкон бермаяпти. Мазкур ҳолатда мамлакатимиз ҳукуматига Буюк Британия тажрибасига эътибор бериш мақсадга мувофиқ бўлади, чунки ушбу давлатда мазкур қилмишлар учун жиноий жазо кўзда тутилган.
Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар: