Дипломатик вакилнинг ўриндошлиги. Бир давлатдаги дипломатик вакил айни бир пайтда бошқа бир ёки бир неча давлатларда ҳам, агар бунга эътироз бўлмаса, дипломатик вакил бўлиб туриши мумкин. Мабодо давлат бир ёки бир неча давлатларда ваколатхона бошлиғи вазифасига бир кишини тайинласа, у ҳолда бу давлат ваколатхона бошлиғи муқим турмайдиган давлатларнинг ҳар бирида муваққат ишлар вакили бошчилигида дипломатик ваколатхона таъсис этиши мумкин. Бироқ давлат бундай ваколатхонани таъсис этмаслиги ҳам мумкин. Бу ҳолда ўзаро муносабатлар дипломатик вакилнинг вақти-вақти билани келиб туриши орқали амалга оширилади.
Ваколатхона бошлиғи ёки дипломатия ходимининг исталган аъзоси аккредитация қилган давлатнинг исталган халқаро ташкилот хузуридаги вакили сифатида тайинланиши мумкин.
Юқори кўрсатилган ҳамма ҳолатларда бир шахс бир неча давлатда ўз давлатининг вакили сифатида иш кўради. Дипломатик ваколат зонасининг шундай ўриндошлиги ҳам мавжудки, унда бир шахс ваколатхона .жойлашган давлатда икки ёки ундан ортиқ давлат вакили сифатида иш кўради. Лекин ваколатхона жойлашган давлат рози бўлсагина бу тажриба қўлланилади. Мутлақо аёнки, ишни қўшиб олиб бориш учун бундай тайинланишлар онда-сонда содир бўлади.
1961 йилги Вена Конвенциясига биноан дипломатик ваколатхона ходимлари дипломатиқ маъмурий техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларга бўлинади.
Дипломатик даражага эга шахсларга элчилар, вакиллар, маслаҳатчилар, савдо вакиллари ва уларнинг ўринбосарлари, махсус (ҳарбий, ҳарбий денгиз, ҳарбий ҳаво) атташе ва уларнинг ўринбосарлари, биринчи, иккинчи, учинчи котиблар, атташе, дипломатик ходимлар киради. 1961 йилги Вена Конвенциясида улар ваколатхона аъзолари деб номланган.
Турли ваколатларда бир даражадаги ходимлар миқдори бир хил эмас, Мисол учун катта элчихонада маслаҳатчи элчи ёки, ҳатто, бир неча маслаҳатчи элчи: даражасига эга (маслаҳатчи вазифасини эгалловчи шахслар) бир неча маслаҳатчилар, бир неча биринчи, иккинчи, учинчи котиблар, шунингдек атташелар бўлиши мумкин. Кичик элчихоналарда дипломатик мухтор элчи ва бир икки ходим билан чекланади.
Маъмурий техник вазифани бажарувчи ходимларга идора мудирлари, хисоб-китобчилар, таржимонлар, иш юритувчилар, котиблар ва ваколатхонанинг бошқа ходимлари киради.
Хизмат кўрсатувчи ходимларга: ҳайдовчи, лифтчи, курьер, фаррошлар, шунинтдек ваколатхонага хизмат кўрсатувчи бошқа шахслар киради.
1961 йилги Вена Конвенцияси яна бир тоифа шахслар “хусусий уй хизматчилари”ни эслатиб ўтади. Бунда дипломатик ваколатхонага ходимларнинг уй хизматчилари вазифасини бажарувчи шахслар кўзда тутилади. Улар аккредитация қилган . давлат хизматчилари бўлмайди.
Дипломатия ходимлари аслида аккредитация қилган давлатлар фуқаролари бўлмоғи керак. Маҳаллий фуқаролар ёки учинчи мамлакат фуқаролари фақат ваколатхона жойлашган давлат розилиги билан дипломатик вазифага тайинлашлари мумкин. Бу чеклашлар ваколатхона ходимларининг бошқа тоифаси, шунингдек уй хизматчиларига тааллуқли эмас. Уй ходимлари, шунингдек уй хизматчилари таркибида рўй берган барча ўзгаришлар тўғрисида ваколатхона жойлашган давлат ташқи ишлар вазирига маълум қилиши зарур.
Вена Конвенциясининг 11- моддасида: агар ваколатхона ходимлари миқдорини икки давлат ўртасида келишув бўлмаса, ваколатхона жойлашган давлат бу миқдорни ўз шароити ва мазкур ваколатхона эҳтиёжини ҳисобга олиб, мақсадга мувофиқ ва етарли деб ҳисобланган даражада сақланишини таклиф қилиши мумкин, дейилган.
Давлатларнинг тенг ҳуқуқлилиги тамойилидан келиб чиқиб, кўпчилик давлатлар дипломатия ваколатхона ходимлари миқдори тўғрисидаги масалада келишмовчилик туғилган тақдирда бу масала аккредитация давлати билан ваколатхона жойлашган давлат ўртасида ўзаро шартлашувга мувофиқ ҳал этилиши керак деган қўшимча киритди.
Ваколатхона жойлашган давлат исталган вақтда аккредитация қилган давлатга ваколатхона бошлиғи ёки дипломатик ёхуд ваколатхонанинг исталган ходими номақбул эканлигини маълум қилиши мумкин. Ваколатхона жойлашган давлат бундай қарорни изохлашга мажбур эмас. Бу ҳолда аккредитация давлати мазкур шахсни чақириб олиши ёки унинг ваколатхонадаги вазифасини тугатиши зарур. Агар шундай қилинмаса, ваколатхона жойлашган давлат бундай шахсни ваколатхона ходими деб ҳисобламаслиги мумкин.
Дипломатия корпуси - муайян давлатда аккредитация қилинган дипломатик ваколатхоналар бошлиқларининг йиғиндисидир. Бу кенг маънода муайян давлатда аккредитация қилинган дипломатик ваколатхоналарнинг барча ходимлари, шунингдек уларнинг оила аъзоларини ҳам билдиради. Бироқ.биринчи кўринишдаги тушунчада ҳам, иккинчи кўринишдаги тушунчада ҳам дипломатия корпуси бирор бир ташкилотни билдирмайди. Дипломатия корпусининг фақат маросим масалалари (миллий тантаналарда қутлов) бўйича чиқишларига йўл қўйилади.
Тегишли мамлакатда мартабаси бўйича юқори ва аккредитация қилинган вақти бўйича катта бўлган дипломатик вакил дипломатия корпусининг бошлиғи, яъни оқсоқоли ҳисобланади. Айрим католик мамлакатларда папанунцийи, дипломатик корпуснинг бошлиғи бўлади.
Ташқи ишлар вазирлиги шу мамлакатда дипломатия корпусининг рўйхатини эълон қилади. Кўпгина мамлакатларнинг маҳаллий ҳукуматлари дипломатия корпуси аъзоларининг дипломатия ходими эканлигини исботлаш учун дипломатик ҳужжат беради.
Дипломатия ваколатхоналарининг имтиёзлари ва иммунитетлари чет эл дипломатия ваколатхоналарига уларнинг бошлиқлари ва ходимларига халқаро ҳуқуққа биноан бериладиган ҳуқуқ ва имтиёзлардир.
Дипломатик ваколатхона ўз давлатининг вакили сифатида белгиланган вазифани бажара олиши учун унинг фаолияти ваколатхона жойлашган давлат ҳукуматининг назоратидан ҳоли бўлмоғи даркор. Бу қадимги замонлардаёқ халқаро ҳуқуқда элчиларнинг дахлсизлиги институти пайдо бўлишига олиб келди. Давлатнинг бундай ўзига хос органи вазифасини амалга оширишнинг шарт-шароитларини таъминлаш зарурлиги унга алоҳида мақом бериш учун бош асос бўлди. Бироқ, шуни назарда тутиш керакки, элчихона давлатнинг вакили, бинобарин, у эга бўлган барча имтиёз ва иммунитетлар ҳам тенг ҳуқуқли ва суверен давлатлар муносабатини тартибга солувчи халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойилидан келиб чиқади. Дипломатик имтиёзлар ва иммунитетларнинг бу икки кўринишидаги табиати дипломатик муносабатлар тўғрисидаги Вена Конвенциясининг Преамбуласида қайд этилган. Унга ривожланган давлатларнинг таклифига биноан, шунингдек асосий дипломатик имтиёз ва иммунитетларининг бири сифатида дипломатик ваколатхоналарнинг характерига ишора ҳам қўшилди.
Ҳозирги замон халқаро ҳуқуққа кўра дипломатик ваколатхона - давлат органи, унинг ходимлари эса — давлат муассасаси ходимларидир. Шунга кўра дипломатик имтиёз ва иммунитетлар икки туркумга: дипломатик ваколатхоналарнинг имтиёз ҳамда иммунитетлари ва ваколатхона ходимларининг шахсий имтиёз ва иммунитетларига бўлинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |