2. Ташқи муносабатлар органлари
Ташқи муносабатлар органлари—давлат ўзининг бошқа давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлар билан алоқаларини амалга оширишга ёрдамлашувчи давлат органларидир. Уларнинг фаолияти ва ташқи муносабатларида ваколатининг ҳажми тўғрисидаги масалани ҳар бир давлат ўз қонунларида ҳал этади. Ташқи муносабатлар органлари ички давлат ва чет эл органларига бўлинади.
Мазкур давлат ҳудудида муқим жойлашган ташқи алоқалар органлари ички давлат органлари ҳисобланади. Халқаро ҳуқуқ бундай органларнинг икки турини фарқлайди. Булар: барча масалалар бўйича давлат ваколатини амалга оширувчи; давлат ташқи алоқаларининг у ёки бу соҳаси бўйичагина унинг вакили бўлган органлардир.
Биринчи гуруҳга давлат ва ҳукумат бошлиқлари, ташқи ишлар вазирлиги ва унинг бошлиқлари киради. Халқаро ҳуқуққа биноан улар барча масалалар бўйича (лавозим бўйича, яъни махсус ваколатларсиз) давлатнинг вакили ҳисобланади. Бироқ давлатларнинг ички ҳуқуи кўп мавзу жиҳатидан чеклашларни кўзда тутади. Шунингдек ички ҳуқуқда халқаро ҳуқуқий масалаларни чеклаш ҳам кўзда тутилади (чунончи, АҚШ Президенти халқаро шартномаларни фақат Сенат розилиги билан ратификациялаши мумкин).
Ташқи муносабатларни олиб борувчи ихтисослашган орган ташқи ишлар муассасасидир. АҚШ да бу муассаса давлат департаменти, Англияда — Форин Офис, Югославияда — ташқи ишлар бўйича давлат котиби, деб номланади.
Ташқи ишлар вазирлиги давлатнинг ташқи алоқалари масалалари билан муттасил шуғулланади. Бунда у ҳукумат кўрсатмаларига амал қилади. Вазирлик давлатнинг чет элдаги дипломатик ва консуллик ваколатхоналарига раҳбарлик қилади. Ташқи ишлар вазирлиги ҳузурида қоида тариқасида, ҳудудий бошқарма ёки бўлимлар ҳамда вазифавий бошқармалар ёки бўлимлар бор. Биринчиси — давлатларнинг муайян гуруҳи билан алоқаларни йўлга қўйса, иккинчиси — қайднома ва бошқарма ёки бўлимлардир. Давлат ташқи алоқаларининг муайян соҳасидагина иш курувчи иккинчи турдаги ташқи" муносабатлар органларига ташқи савдо вазирлиги (шундай вазирлик бўлган давлатларда), шунингдек ички давлат қонунлари билан белгиланган доирада бошқа вазирлик ва идоралар киради.
Ташқи муносабатларнинг чет эл органларига давлатнинг дипломатик (элчихоналар ва миссиялар), консуллиқ савдо ва давлатларнинг халқаро. ташкилотлар ҳузуридаги доимий ваколатхоналари киради. Булар ташқи муносабатнинг доимий чет эл органларидир.
Доимий органлардан ташқари ташқи муносабатнинг маросим тадбирларида иштирок этиш, музокаралар олиб бориш учун бошқа давлатларга жўнатилган махсус миссиялар, халқаро конференцияларда қатнашиш учун юбориладиган делегациялар ва бошқа муваққат органлари бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |