Муҳаббат осмонида гўзал Чўлпон эдим, дўстлар,
Қуёшнинг нурига тоқат қилолмай, ерга ботдим-ку.
Шубҳа йўқки, «Чўлпон» ва «Қуёш»нинг маънолари бу ерда жуда кенг. У осмон ёритқичлари ва ишқ-муҳаббатдаги мартабадан ҳоким ва маҳкум, ҳукмрон ва тобе сингари ижтимоий-сиёсий рутбаларгача дахлдор.
Иккинчи шеър «Ёруғ юлдузга» деб номланган. Қавс ичида «Ҳазар эсдалиги» деб изоҳ беради. Ҳазар — Каспийнинг қадимги номларидан. Шеър юлдуз билан суҳбат шаклида. Шоир унга секин юрагини очади. Кўҳна тарихнинг гувоҳидан оталарнинг хатосини сўраб, бил-моқчи. «Ёт киши»сиз икковлари суҳбатлашмоқчи. Бу шундай суҳ-батки, бир томондан, ғурурдан дунёга сиғмайди. Иккинчи томондан, хижолатдан турмоққа ер тополмайди. Бу суҳбат ҳам шукуҳли, ҳам дардли суҳбат. Мана, унинг дастлабки банди:
Гўзал юлдуз, нурли юлдуз, тез сўзла,
Оталарнинг тарихдаги хатосин;
Шул хатодан осуғланиб, ёвларнинг
Эл кўксида сурган ишрат сафосин.
У юлдуз тилидан шарафларга бурканган тарихни эшитмакчи. Буюк боболар ҳаётининг «бутун қонлик, шонлик, жонлик ерларини» тингламакчи. «Жонлар бериб, қонлар тўккан эрлар»нинг ҳикоялари «кенг Ҳазарнинг кўм-кўк, юмшоқ сувларини» «ўйнат»ишига, «қўзғат»ишига, «тўлқинлантир»ишига, «ҳовлиқтир»ишига шубҳа қилмайди. Лекин юлдуз жим. Нега у жим? Нега жавоб бермаяпти? Нега кўзи қизариб ёшланди?
Шоир бунинг сабабини билади. У шоирининг кўнглини бузмаслик учун гапирмаяпти. Негаки:
Ўтганларнинг заҳари ҳам бу кунда
Кўнгилларга тегмай ўтар кабидир.
Кечмишларнинг йиғиси ҳам шу кунда
Йўқсил дилни суюнтирар кабидир.
Ҳамма бало истиқлолни йўқотганимизда. Сўнгги хонларнинг «эл ва юртни сақлар учун» «тузуккина чора, тадбир қилмаган»лигида. Шунинг учун ҳам:
Биз, йўқсиллар бошқаларга қул бўлиб,
Чет оёқлар товонида эзилдик,
Ҳар ярамас, ҳар бузуқнинг тагида
Алам тортган, жабр кўрган биз эдик.
Шунинг учун ҳам шоир «эски олам»ни, буюк боболар даврини қўмсайди. Ёруғ юлдузга мурожаат этиб, уни «эски олам»га «олиб бор»ишини, барча сирларни очиб ташлашини, «яширин ётган пардаларни, зулматни» «нури билан» «йиртиб юбор»ишини ил-тижо қилади. «Эски олам» буюк боболар даврини, биринчи нав-батда, Амир Темур замонасини, миллатнинг мустақил, қаддини тик тутиб, бошини баланд кўтариб юрган пайтларини қўмсаш ва унга интилиш эди. Иккинчи томондан, Амир Темур номи кураш тимсоли эди.
Миллат ва Ватан тимсоли шоир шеърларида хилма-хил тарзда намоён бўлади. Масалан, уни гўзал ёр («Гўзал»), ҳатто бинафша («Бинафша») қиёфасида ҳам учратиш мумкин.
Чўлпон шеъриятининг севимли мавзуларидан бири хотин-қизлар озодлигидир. У бу масалани истиқлол учун курашнинг таркибий қисми деб билади. Шоир наздида истибдоднинг энг оғир юки улар зиммасига тушган эди. Биргина мустамлакачилик эмас, ўз ичимиздаги мутаассиблик, жаҳолат азобини кўпроқ улар тортди. Улар тилидан айтилган:
Кулган бошқалардир, йиғлаган менман,
Ўйнаган бошқалар, инграган менман.
Эрк эртакларини эшитган бошқа,
Қуллик қўшиғини тинглаган менман…-
сатрларида жуда катта ҳақиқат бор эди.
Шоир шеърларида Шарқ ва Ғарб муқоясаси кўп учрайди.
«Шарқ» деганда ислом оламини, кўпинча Туркистонни назарда тутади. Айни пайтда, туркий бирликни, ўзликни қўримоқ учун за-рур деб ҳисоблайди. Хусусан, бутун турк дунёси истиқлолини йўқотган бир пайтда ўзлигини сақлаб қола олган Туркия турклари ҳаётини синчиклаб кузатиб боради. Айниқса, Биринчи Жаҳон урушидан кейин оғир аҳволга тушиб қолган ва «Қуртулуш» («Қутулиш») ҳара-катини изга солган камолчиларнинг муваффақиятларига катта умид билан қарайди. Унинг «усмонлича» изоҳи билан Туркия туркчасида ёзилган бир қатор шеърлари шоирнинг бу борадаги фикр-қарашлари тасодифий асосларга қурилмаганини қўрсатади. Буни Чўлпоннинг Тавфиқ Фикрат, Ризо Тавфиқ каби машҳур усмонли шоирлари ҳақидаги мақолалари ҳам тасдиқ этади. Буларгина эмас, у тақдир тақозоси билан Ғарбга силжиб, Туркиядай ватанни қурган қардошларидан оғир қунларида кўмак тилайди. Келиб, она-Туронда истибдодни битиришларини, қариндошларини мустабидлардан қут-қаришларини умид қилади. Тўғри, бу қардошлик ўша давр учун урф бўлган алвон рангга бўялган. Лекин у этник асосларни инкор этмайди, аксинча, унга урғу беради. Мана, у турк зобитларига (дарвоқеъ, зобитлар ҳам «қизил») нима деб мурожаат этади:
Do'stlaringiz bilan baham: |