2.3. Ер фонди давлат бошқарув органларининг ваколатлари Ер фонди давлат бошқарув органларининг ваколатлари деганда, уларнинг шу соҳадаги фаолиятларининг алоҳида турлари тушунилиши лозим.
Ер фонди давлат бошқарув органлари қуйидаги ваколатларни амалга оширадилар: Ер ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича меъёрий ҳужжатларни қабул қилиш йўли билан давлат органлари қонун ва Ҳукумат қарорларидаги қоидаларни ишда ривожлантирадилар ва деталлаштирилган идоравий норматив ҳужжатлар қабул қиладилар. Масалан, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида ер солиғига оид меъёрлар киритилган ва унинг 99-моддасига мувофиқ ер солиғи ставкалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Бундан ташқари, ер солиғини ҳисоблаш ва ундириш бўйича муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси томонидани 1997 йил 28 ноябрда тасдиқланган ва Адлия вазирлигида 4 ноябр 1998 йил 401-1 рақами билан давлат рўйхатига олинган «Ер солиғини ҳисоблаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги Йўриқнома билан тартибга солинади. Идоравий меъёрий ҳужжатлар асосан меъёрий ҳужжатларда техник ва табиий фанлар талабларини киритиш лозим бўлганда қабул қилинади. Бунга мисол қилиб Ўзбекистон Республикасида Ер ресурслари давлат қўмитаси томонидан Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан келишиб, 1999 йил 30 апрелда тасдиқланган ва 1999 йил 18 майда Адлия вазирлиги томонидан 732-рақам билан давлат рўйхатига олинган Ўзбекистон Республикасида тупроқ бонитировкаси бўйича ишларни олиб бориш ва материалларни тасдиқлаш Тартибини келтирсак бўлади.
Давлат органлари атроф табиий муҳитнинг, шу жумладан, ерларни муҳофазасини таъминловчи нормативларни қабул қиладилар. Буларга: Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланадиган қишлоқ хўжалигида қўлланадиган кимёвий моддалар меъёрларини мисол қилиб келтирса бўлади.
Ер фонди тўғрисида маълумот йиғиш мақсадида давлат органлари уларнинг давлат ҳисобини амалга оширадилар. Ушбу ваколат орқали ер фондининг сон ва сифат кўрсаткичлари ва бошқа тавсифлари аниқланади. Ер фондининг давлат ҳисоби, мониторинг (уни кузатиш), инвентаризасия ёки фойдаланишни рўйхатга олиш йўли билан амалга оширишди.
Ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш ишлари республика халқ хўжалиги, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг ривожлантириш истиқболларини белгилаш чоғида умумий ваколатга эга бўлган органлар томонидан режалаштирилади. Масалан, ўзлаштириладиган ерлар майдони ва уларни қишлоқ хўжалиги, саноат ҳамда бошқа мақсадларга ажратиш мўлжалланганда. Бундан ташқари, ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишнинг махсус режалари чўзилади. Булар таркибига ер тузиш лойиҳалари, шаҳарларнинг бош режалари, муайян жойларни режалашга доир истиқболлар, схемалар, лойиҳалар, ва бошқалар киради. Ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишнинг махсус режалари умумий ваколатга эга бўлган органлар томонидан тасдиқланади (Ер Кодексининг 13-моддаси).
Ер ресурсларни тақсимлаш ва қайта тақсимлаш деганда давлат мулкидаги ерларни ваколатли органларнинг давлат номидан тасарруф этиб, улардан фойдаланишни ташкил этиш тушунилади. Ушбу ваколатни амалга ошириш йўли билан давлат органлари ерларни фойдаланишга ажратиб берадилар ва қайтариб оладилар. Ер участкаларини эгаликка, фойдаланишга ва ижарага бериш тўғрисидаги қарорларни Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 4-7, 23-моддаларига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий ҳокимият органлари қабул қиладилар. Ер ресурсларини фойдаланишга ажратиб бериш ҳуқуқига эга бўлган органлар Ер кодексини 36-моддасига мувофиқ бошқа давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун, экологик талабларни бузганлик учун ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа асосларга кўра шундай фойдаланишни бекор қилишлари мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 23-моддасига мувофиқ ер участкаларини эгалик қилиш ва фойдаланиш учун бериш ер ажратиш тариқасида амалга оширилади. Эгаликдаги ёки фойдаланишдаги ер участкаларини бошқа шахсларга бериш фақат ер участкаси белгиланган тартибда олиб қўйилганидан кейин амалга оширишди. Ер участкасини ажратиб бериш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 27 майдаги 248-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида ер участкаларини олиб қўйиш ва уларни қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган эҳтиёжлар учун беришга доир материалларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида»ги Низомида белгиланган. Ер ажратиб бериш икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда ер участкасини танлаш амалга оширилади. Иккинчи босқичда ер участкасида жойлаштириладиган обектлар лойиҳалаштирилади ва лойиҳа тегишли тартибда тасдиқланганидан сўнг ер участкасини ажратиб бериш тўғрисида қарор қабул қилинади. Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 34-моддасига мувофиқ қарор туман ёки вилоят ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш қомиссияларининг хулосалари асосида қабул қилинади. Ер тузиш хизмати органлари берилган ер участкасининг чегараларини натура (жойнинг ўзида) белгилагунларига ва ерга эгалик қилиш ёки фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжатлар берилгунига қадар ана шу ер участкасига эгалик қилган ва фойдаланишга киришиш тақиқланади. Фермер хўжалиги юритиш учун ер участкаларини узоқ муддатли ижарага бериш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 300-сонли қарори билан тартибга солинган.
Давлат органларининг ер тузиш ваколатли ерларни фойдаланишга бериш тўғрисидаги қарорларни амалга оширишга қаратилган. Ер тузиш ишлари орқали фойдаланиш ҳуқуқини олган юридик ва жисмоний шахсларга ер участкалари жойида (натурада) ажратилиб, чегаралари белгиланиб берилади. Ер тузиш ишларини махсус ваколатли органлар бўлиши. Ер ресурслари давлат қўмитаси, Архитектура ва қурилиш давлат қўмитаси органлари амалга оширади.
Ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан назорат ваколатли орган томонидан ерлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза этилиши устидан кузатув ва текширувлар ўтказиш орқали амалга оширилади. Экологик назоратни умумий ва махсус ваколатга эга бўлган давлат органлари олиб борадилар. Бугунги кунда ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан назорат Ер кодексининг 85-моддаси ва «Хўжалик юритувчи субектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги 1998 йил 24 декабрдаги Қонуни билан тартибга солинсада, ушбу масала бўйича махсус меъёрий ҳужжат мавжуд эмас. Ердан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширишда қайд этилган ҳужжатлардан ташқари давлат органларининг ваколатлари «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонунда, Ер кодексида, ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ер ресурслари давлат қўмитаси тўғрисидаги низомларда ўз аксини топган. Бундан ташқари, ердан фойдаланувчилар ва ер эгалари фаолияти устидан назоратни амалга ошириш чоғида Ўзбекистон Республикасининг «Хўжалик юритувчи субектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Қонунининг талабларига, шу жумладан ушбу қонуннинг 10-моддаси биринчи қисмида кўзда тутилган текширишлар даврийлигига риоя этилиши лозимдир, яъни хўжалик юритувчи субектнинг ердан фойдаланиш фаолияти комплекс текширув мобайнида бир ой ичида махсус ваколатли орган тасдиқлаган режага мувофиқ амалга оширилиши мумкин.
Ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза этиш чоғида фойдаланувчилар, эгалик қилувчилар ва ижарачилар билан давлат органлари ва бошқа шахслар ўртасида келиб чиқадиган имзоларни ҳал қилиш Ер кодексининг 89-моддасига мувофиқ фақат суд органлари томонидан ҳал этилиши белгиланган. Бунда юридик шахслар орасидаги низолар хўжалик судлари томонидан, агар низони бир тарафи жисмоний шахс бўлса фуқаролик судлари томонидан ҳал қилинади.
Юқорида қайд этилган ваколатлардан ташқари ер қонун ҳужжатларига мувофиқ ерларнинг мелиорациясини ташкил этиш ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади.