Бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи давлат бошқарув идоралари, ташкилотлар ва айрим фуқароларнинг фуқаролик процессида иштирок этишлари Юқорида давлат идоралари, ташкилотлар, бирлашмалар фуқаролик процессида ўзларининг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиб, тарафлар сифатида ёки учинчи шахслар сифатида қатнаша олишлари, бундай ҳолларда уларнинг процессуал ҳолати низоли-ҳуқуқий муносабатнинг субъекти бўлган ҳар қандай ташкилотининг даъвогар, жавобгарнинг ёки учинчи шахснинг процессуал ҳолатидан фарқ қилмаслиги, яъни улар ҳам ариза билан мурожаат этишлари, даъвога қарши эътирозлар билдиришлари ва бошқа процессуал ҳаракатлар қилишлари мумкинлиги айтиб ўтилди.
Фуқаролик процессида давлат бошқарув идоралари, ташкилотлар ва айрим фуқароларнинг иштирок этишининг бошқа асослари ҳам мавжуд. Давлат бошқарув идоралари, муассасалар, корхоналар ҳамда жамоат ташкилотлари ёки айрим фуқаролар қонунда кўрсатилган ҳолларда бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун даъво қўзғата оладилар.1
Давлат бошқарув идоралари, қонунда кўрсатилган ҳолларда, ўзларига юклатилган вазифаларни бажариш мақсадида хулоса бериш учун ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқларини ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш учун суднинг таклифига мувофиқ процессда иштирок этишга жалб этилишлари ёки ўз ташаббуслари билан процессда қатнашишлари мумкин.
Демак, қонун бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролик процессида, прокурордан ташқари яна бошқа идоралар ва шахсларнинг ҳам иштирок этишини белгилайди. Агар прокурор ҳар қандай иш бўйича бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун фуқаролик процессининг иштирокчиси бўла олсалар, юқорида кўрсатилган идоралар, ташкилотлар ва айрим фуқаролар фақат қонунда кўрсатилган ҳоллардагина фуқаролик процессида иштирок эта оладилар.
Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси, Фуқаролик кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси ва бошқа кодекслар ҳамда қонунларда бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадларида бошқарув идоралари ташкилотлар ва айрим фуқароларнинг фуқаролик процессида иштирок этиш ҳоллари ва асослари назарда тутилган.
Фуқаролик процессида кўпинча ҳокимиятларнинг маориф ва соғлиқни сақлаш бўлимлари қошидаги васийлик ва хомийлик идоралари қатнашадилар. Бу идоралар фарзандликка олишни бекор қилиш, ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум этиш, болани тарбиялаш учун бир ота-онадан иккинчисига олиб бериш, болаларнинг тарбияси учун алиментлар ундириш, болаларнинг турар жойга бўлган ҳуқуқлари, вояга етмаганларнинг етказилган зарарнинг ундирилиши ҳақидаги фуқаролик ишларида қатнашадилар.
Бундай ҳолларда васийлик ва хомийлик вазифаларини амалга ошириш учун ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан халқ таълими бўлимлари муомалага лаёқатсиз ёки муомалага лаёқати чекланган деб топилганларга нисбатан эса, соғлиқни сақлаш бўлимлари, соғлиғининг ёмонлиги туфайли хомий тайинланишига мухтож муомалага лаёқатли шахсларга нисбатан эса, ижтимоий таъминот бўлимлари жалб қилинади.
Болаларнинг тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларнинг судда кўрилишида хомийлик ва васийлик идоралари вакилларининг иштирок этиш зарурлиги Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 173-193-моддаларида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 1998 йил 11 сентябрдаги Пленум қарорида тўғридан-тўғри кўрсатилган.1
Болалар тўғрисидаги масаланинг ҳал қилиниши билан боғлиқ фуқаролик иши юзасидан васийлик ва хомийлик органларининг процессга киришишларидан асосий мақсад, судга ишнинг тўғри ва тўла ҳал қилинишига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш йўли билан болаларнинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш бўйича ўз бурчларини бажаришдан иборатдир. Фуқаролик процессига киришишда васийлик идоралари боланинг тарбияси тўғрисидаги манфаатларнигина кўзламасдан жамоатчилик ва давлат манфаатларини ҳам кўзлайди.
Васийлик ва хомийлик идораси вакилининг фуқарони муомалага лаёқати чекланган ёки уни муомалага лаёқатсиз деб таниш тўғрисидаги ишларда албатта иштирок этиши талаб қилинади (ФПКнинг 38-моддаси).
Никоҳдан ажратиш ишларида ҳам агар, муомала лаёқатига эга бўлмаган эр ёки хотиннинг манфаатини ҳимоя қилиш талаб қилинса, зарур ҳолларда, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво васий ёки прокурор томонидан қўзғатилиши ва ФПКнинг 48-моддаси 1-қисмига мувофиқ васий органини иш бўйича хулоса бериш учун процессга жалб қилиш мумкинлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 1998 йил 11 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси судлари томонидан никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни кўришда қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги қарорида берилган.
Ўзбекистон Республикаси судлари амалиётида бирмунча мураккаб бўлган фуқаролик ишларда манфаатдор шахслар билан бошқа шахслар ишда иштирок этишлиги маълум. Бундай мураккаб фуқаролик ишлари ховли-жойларни сотиш билан боғлиқ ишлар, иморатларни мерос қилиб олиш тўғрисидаги ишлар, турар жойларни қайтадан кўриш, таксимлаш тўғрисидаги талаблар, турар жойларни ўзгартириш, турар жой бўлмаган биноларни турар жойга айлантириш, турар жой майдонини бўлиш ва алмаштириш, якка тартибда турар жой қуриш, ер майдонларидан фойдаланиш тўғрисидаги низолар ва шу каби бошқа низоли ишлар анча мураккаб ҳисобланади.1 Бундай ишларнинг кўрилишида, аксарият ҳолларда фуқаролик процессида тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг турар жой билан шуғулланувчи бўлим ва бошқармаларининг вакиллари қатнашадилар. Бундай идоралар суд процессида қатнашиш билан ўзларининг турар жой хўжалигини бошқариш юзасидан олинган бурчларини бажарадилар. Бинобарин, турар жой идоралари, турар жойлардан фойдаланиш билан боғлиқ ишларнинг судда кўрилишида фуқароларнинг ва турар жой хўжалигини идора этишда давлатнинг манфаатларини тўғри тушуниш ва ҳимоя қилиш мақсадларида судга ёрдам кўрсатиш учун ишда иштирок этишга мажбурдирлар.
Давлат уй-жой сиёсатининг асослари тўғрисидаги қонунда уй-жой соҳасида кўчмас мулкнинг мажбурий равишда олиб қўйилиши фақатгина суднинг қарори асосида бўлиши (23-модда) ижара шартномаларини суд тартибида бузилишига йўл қўйилиши (16-18-моддалар) тўғрисидаги низоларни кўришда маҳаллий давлат ҳокимияти органларини иштирок этиши лозимлигини кўрсатади.2
Ўзбекистон Республикаси Олий суди турар жойга оид қатор Пленум қарорларида бундай ишларнинг судда кўрилишида процессда қатнашиш учун зарур ҳолларда маҳаллий давлат органларининг уй-жой бўйича вакилларини жалб қилиш зарурлиги тўғрисида тушунтириш берилган. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Хусусийлаштирилган турар жойларга эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни тасарруф қилиш билан боғлиқ ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида»ги 1997 йил 2 майдаги қарори, «Якка тартибда қурилган уйга бўлган мулк ҳуқуқи билан боғлиқ низолар бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги 2004 йил 24 сентябрдаги қарори ва “Уй-жой низолари буйича суд амалиёти ҳақида”ги 2001 йил 14 сентябрдаги қарорларида давлат уй-жой фондидаги турар жойни хусусийлаштиришни амалга оширишда фуқаро ва мулкдорларнинг ҳуқуқини муҳофаза қилиш билан вужудга келувчи низолар судларга тааллуқлидир. Булардан ташқари Пленум, турар жойга эгалик ҳуқуқини берувчи давлат ордерини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ ишларни кўришда судларда хусусийлаштирилган турар жой эгасининг оила-аъзолари ҳамда турар жой майдонига ҳақли бўлган ва уй-жойни хусусийлаштиришга розилик берган шахслар, шунингдек ҳокимият, давлат мулк қумитасининг турар жой бўйича ҳудудий бўлинмалари иштирок қилишларини таъминлашлари зарурлиги ҳақида таъкидлайди.3 Турар жойларни алмаштириш тўғрисидаги шартномани ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишлар кўрилганида ишда қатнашиш учун турар жой бошқармаси суд мажлисига жалб этилиши лозим. Агар бундай вакил суд мажлисига жалб этилмасдан иш кўрилиб, ҳал қилув қарорини чиқарган тақдирда бундай ҳал қилув қарорлар аксарият ҳолларда қонуний ва асослантирилмаган ҳолда чиқаришлик суд амалиётидан маълум. Шунинг учун агар суднинг ҳал қилув қарори маҳаллий идораларнинг, давлат ва жамоат ташкилотларининг манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бўлса, суд мазкур ташкилотларнинг вакилларини ишда иштирок этишга жалб қилиш лозимлиги ҳақида Олий суднинг қатор пленум қарорларида ўз аксини топган.1
Юқорида кўрсатилганидек, давлат бошқарув идоралари фуқаролик процессига давлат, ташкилотлари ва фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадларида киришадилар. Процессга киришишдан мақсад давлат бошқарув идоралари фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда суд идораларига ҳолисона, қонуний ва адолатли ҳал қилув қарорини чиқаришда ёрдам кўрсатишдан иборат бўлади. Ҳудди шундай мақсадларда фуқаролик процессида давлат бошқарув идоралари ҳисобланган ер бўлимлари, молия бўлимлари, кредит муассасалари, ижтимоий таъминот идоралари ва бошқа ташкилотлар ҳам қатнашишлари мумкин. Чунончи маҳаллий молия идоралари иморатга бўлган эгалик ҳуқуқини белгилаш, ворислик тўғрисидаги ишларда, давлат томонидан бериладиган ҳар хил мулкий ҳуқуқлар ва имтиёзларни олиш мақсадларида қўзғатилган ишларда, юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш тўғрисидаги ва бошқа баъзи ишларда қатнашадилар. Масалан, жисмоний шахслардан солиқлар ва йиғимлар бўйича боқимандаларни ҳамда тўланмаган жарималарни ундириш суднинг қарори асосида амалга оширилиши белгиланган.2
Бундай ишларни кўришда суд ўз ташаббуси билан солиқ идораларининг вакилларини иш юзасидан хулоса бериш учун жалб қилиши билан масалани одилона ҳал этишда кўмаклашишни назарда тутади.
Муаллифлик ҳуқуқидан келиб чиқадиган низоларда муаллифни шахсий ва мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадларида суд ишида муаллиф ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Республикадаги Агентликнинг вакили иштирок этиши мумкинлиги қонунда ўз ифодасини топган.
Фуқаролик кодексининг 1054-моддасида муаллифнинг вафот этганидан сўнг шахсий ҳуқуқларини ҳимоя қилиниши муаллифлар ҳуқуқларини муҳофаза қиладиган ташкилотларнинг даъвоси бўйича амалга оширилиши мумкинлиги кўрсатилган.
«Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида»ги қонунда кўрсатилишича, уларнинг муаллифларини агар патентни ғайриқонуний равишда олганликларини аниқласалар, бу ҳақда манфаатдор шахс судга шикоят билан мурожаат этишлари мумкин. Бундай туркумдаги ишлар фуқаролик ишларининг ечими мураккаб бўлган тоифада бўлгани учун қонунда судда ишни кўриб ҳал қилишда тегишли идораларнинг вакилларини процессга жалб этилиши белгиланган.
Қонунда тўғридан-тўғри кўрсатилган ҳолларда фуқаролик процессида бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун даъво қўзғатиш йўли билан жамоат ташкилотлари, шунингдек корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларнинг вакиллари ва айрим фуқаролар ҳам иштирок этишлари мумкин. Масалан, «Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонунда1, фуқаролар йиғинининг раиси (оксоқоли) қонунларда кўзда тутилган ҳолларда давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида, суд идораларида, корхона, муассаса ва ташкилотлар билан бўладиган муносабатларда фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиши кўрсатилган. Чунончи: Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 123-моддасида кўрсатилганидек, агар бирон-бир битим алдаш, зўрлик, қўрқитиш таъсири остида ёки бир тараф вакилининг иккинчи тараф билан ёмон ниятда келишуви туфайли тузилган битим, шунингдек бошқа баъзи ғайриқонуний битимлар фақат жабрланган шахснинг даъвоси бўйичагина эмас, давлат ёки жамоат ташкилотининг даъвоси бўйича ҳам қонунда кўрсатилган органларда ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Бирон-бир фуқаронинг спиртли ичимликлар ёки наркотик моддаларни суисътемол қилиши туфайли муомала лаёқатини чеклаш тўғрисида ёки руҳий касаллиги ёхуд ақли заифли сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилиши тўғрисидаги фуқаролик иши унинг оила аъзолари аризаси бўйича касаба уюшмалари ва бошқа жамоат ташкилотларининг, даволаш муассасасининг аризаси бўйича судда васийлик ва ҳомийлик органларининг вакиллари иштирокида кўриб ҳал этилади.
Баъзи ҳолларда муайян фуқаролик ишининг тўғри ҳал қилинишида манфаатдор бўлган жамоат ташкилотлари ҳам қатнашишлари мумкин. Чунончи, касаба уюшмалари меҳнат тўғрисидаги қонунларга риоя қилиш, ходимларнинг меҳнатга оид ва бошқа ҳуқуқ ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш каби муҳим вазифаларни бажарадилар. Бу вазифаларни амалга ошириш учун амалдаги Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатларда ходимларнинг манфаатларини ифода этишда вакил бўлиш ва бу манфаатларни ҳимоя қилишни корхонадаги касаба уюшмалари ва уларнинг сайлаб қўйилган органлари ёки ходимларнинг сайлаб қўйилган бошқа органлари амалга оширадилар. Ходимларнинг вакиллик органлари бошқа ишлар билан бир қаторда меҳнат низоларини кўрувчи органларда ходимлар манфаатини ҳимоя қилишда қатнашишлари мумкин (Меҳнат кодексининг 216-223-моддалари).
Меҳнатга оид ишларни судда кўришда ходимларга ишлаб чиқаришда етказилган зарарларни ундириш ва бахтсизлик ходисасининг рўй бериши сабаблари тўғрисида ходимларнинг вакиллик органларини фикр бериши (ФПКнинг 48-49-моддалари, Меҳнат кодексининг 259-моддасида) кўрсатилган.
Якка тартибдаги меҳнат низоларини судда кўришда ходим манфаатини ифода этувчи тараф бўлиб ходимларнинг вакиллик органи иштирок этиши қонунда ўз ифодасини топган. Давлат бошқарув идоралари, ташкилотлар ва айрим фуқароларнинг фуқаролик процессида иштирок этиш мақсадлари уларнинг олдига қўйилган вазифалар билан белгиланади. Бу вазифаларни, яъни хўжалик масалалари, тарбия, соғлиқни сақлаш, молия ва бошқа соҳалардаги вазифаларни амалга оширишда юқорида кўрсатилганидек, давлат органлари, бошқа ташкилотлар даъво қўзғатадилар ва баъзи ҳолларда ўз фикрларини берадилар. Уларнинг махсус билимлар ва тажрибаларига асосланган фикрлари фуқаролик ишини тўғри ҳал қилиш учун муҳим аҳамиятга эга бўлади. Юқорида кўрсатилган ташкилотлар ва айрим шахслар (фақат қонун билан назарда тутилган айрим ҳоллардагина) низоли фуқаролик ҳуқуқий муносабатларнинг субъекти бўлмасдан, ишнинг ҳал этилиши натижасидан ўзларини моддий субъектив ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан манфаатдор бўлмасдан, уларга берилган ҳуқуқ доирасида бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб процессда иштирок этадилар. Улар ўзларига юклатилган ҳуқуқ ва бурчларни амалга ошириш билан судда қонуний ва асослантирилган ҳал қилув қарорини чиқарилишидангина манфаатдор бўладилар. Бу идораларнинг манфаатдорлигини процессуал характерга эга эканлигига аҳамият бериш лозим.