Ўзбекистон Коммунистик партияси ташкил топиши (ЎзССР КП). ЎзССР тузилиши арафасида 1925 йил 6-12 февралда эски Бухоро шаҳрида Ўзбекистон Коммунистик партиясининг I таъсис сезди ҳам бўлиб ўтди. Сезд ишида СССР МИҚ раиси М.И.Калинин қатнашди ва маъруза қилди. Сездда Ўзбекистон Коммунистик (болшевиклар) партияси (ЎзССР КП) ташкилий жиҳатдан расмийлаштирилди. ЎзССР КП МҚнинг масъул секретарлари (котиблари) этиб Владимир Иванов ва Акмал Икромов сайланди. Ўзбекистон Компартияси аслида Совет Иттифоқи Коммунистик партияси (КПСС)нинг Ўзбекистон ССРдаги филиали ҳисобланган. Совет ҳокимияти йилларида республика сиёсий ҳаётида Ўзбекистон Коммунистик партияси етакчи рол ўйнаган. Ўзбек халқи тарихида ХХ асрда юз берган кўплаб фожиали воқеалар коммунистик партия фаолияти билан боғлиқдир. Ўзбекистон партия ташкилоти республика ва ўзбек халқи манфаатларини ҳисобга олмасдан Москвада ишлаб чиқилган қарорларни бажариб келди.
Ўзбекистон ССР – Совет Иттифоқи таркибидаги миллий иттифоқдош республика. Ўзбекистон ССР 1925 йил 13 май куни Бутуниттифоқ Советларининг III сездида СССР таркибига қабул қилинди. СССР 1922 йил 30 декабрда 4 та иттифоқдош совет республикаси (РСФСР, Украина, Белоруссия, ЗСФСР – Кавказорти) асосида ташкил топган эди. 1927 йил 30 мартда ЎзССР Советларининг II сездида Ўзбекистон ССРнинг биринчи Конституцияси қабул қилинди. Ўзбекистон ССР ташкил қилинганидан сўнг республика давлат бошқаруви органлари Иттифоқ органлари таркибида ва улардан андоза олинган ҳолда тузилган. Бу иттифоқдош республикаларнинг Марказдан туриб бошқаришнинг энг осон ва оддий, шу билан бирга мустаҳкам шакли эди.
Меҳнаткашларнинг энг оммавий ташкилоти касаба уюшмалари (профсоюзлар) ҳам бутун Иттифоқда бўлгани сингари Ўзбекистонда ҳам партия комитетларига тўла-тўкис қарам бўлиб қолди. 1925 йил 21 мартда бўлган Ўзбекистон касаба уюшмалари I таъсис сездида унга асос солинди. Ўзбекистон касаба уюшмалари республика совети (Узсовпроф) Бутуниттифоқ Касаба уюшмалари Марказий Совети (ВССПС) раҳбарлигида иш олиб борган. Совет ҳокимияти ёш авлодни (комсомол) коммунистик руҳда тарбиялашга мунтазам эътибор қаратган. Бу ишлар билан Бутуниттифоқ ленинчи коммунистик ёшлар союзи (ВЛКСМ)нинг Ўзбекистондаги органи – Ўзбекистон ленинчи коммунистик ёшлар союзи (ЎзЛКСМ) шуғулланган. Ўзбекистон комсомолига Самарқанд шаҳрида 1925 йил апрелда бўлиб ўтган таъсис қурултойида асос солинди. Ўзбекистондаги деҳқонларни ғоявий жиҳатдан бирлаштириб турган ташкилотлардан бири “Қўшчи” иттифоқи бўлган. У 1920-1933 йилларда фаолият кўрсатган. 1925 йилда 200 000 кишини ўзига бирлаштирган бу иттифоқ ҳам аста-секин болшевикларнинг қишлоқдаги зўравонлик сиёсатининг асосий таянчига айлантирилган.