2.1924 йил кузида Ўрта Осиёда ўтказилган миллий-ҳудудий чегараланиш якунлари. 1924 йил 16 сентябрда бўлган Туркистон АССР МИКнинг фавқулодда сессиясида Ўрта Осиёда миллий-ҳудудий чегараланишни ўтказиш тўғрисида қарар қабул қилди. Худди шундай мазмундаги қарорлар 20 сентябрда Бутунбухоро халқ вакилларининг V қурултойида ва 29 сентябрда Бутунхоразм халқ вакилларининг V қурултойида ҳам қабул қилинди. 20 сентябр куни БХСР ҳукумати раиси Файзулла Хўжаев Бутунбухоро халқ вакилларининг V қурултойида “Ўрта Осиёда миллий давлат чегараланиши тўғрисида” маъруза қилди.
Мазкур қарорларда ўзбек ва туркман халқларига Ўзбекистон ССР (ЎзССР) ва Туркманистон ССРни тузиш ҳуқуқи, Туркистон АССРнинг қирғиз (аслида қозоқ) вилоятларини 1920 йилда ташкил қилинган Қирғизистон АССР (аслида Қозоғистон АССР) билан бирлаштириш мақсадида қирғиз (аслида қозоқ) халқига Туркистон АССРдан чиқиш ҳуқуқи, қорақирғиз (аслида қирғиз) халқига Туркистон АССРдан чиқиш ҳуқуқи ва Қорақирғиз (аслида қирғиз) автоном (мухтор) вилоятини ташкил этиш ҳуқуқи, тожик халқига ҳам Туркистон АССРдан чиқиб, Тожикистон автоном вилоятини ташкил этиш ҳуқуқи берилиши кераклиги таъкидланди.
РСФСР (Бутунроссия) Марказий Ижроия Комитетининг 1924 йил 14 октябрда бўлган II сессиясида Туркистон АССР МИКнинг миллий-ҳудудий чегараланиши тўғрисидаги қарори айрим тузатишлар билан қабул қилинди. сессия қарори билан Ўрта Осиёдаги Туркистон АССР, Бухоро ва Хоразм республикалари ўрнида: Ўзбекистон ССР (ЎзССР), Туркманистон ССР, шунингдек Тожикистон АССР (ЎзССР таркибида), Қорақалпоқ ва Қорақирғиз (аслида Қирғиз) автоном вилоятлари тузилиши керак эди.
Ниҳоят, 1924 йил 27 октябрда Москвада бўлган Бутуниттифоқ (СССР) Марказий Ижроия Қўмитасининг III сессиясида Туркистон АССР МИК фавқулодда сессияси, Бутунбухоро ва Бутунхоразм халқ вакилларининг V қурултойлари қарорлари асосида “Ўрта Осиёда миллий республикалар тузиш тўғрисида” махсус қарор қабул қилинди. Сессияда БССР Нозирлар Шўросининг раиси Файзулла Хўжаев “Ўрта Осиёда миллий-ҳудудий чегараланишнинг ўтказилиши тўғрисида” нутқ сўзлади. 1924 йил сентябр-октябр ойларида Ўрта Осиёда ўтказилган миллий-ҳудудий чегараланиши Ўрта Осиё республикалари, РСФСР ва СССРнинг олий органлари томонидан қонуний кучга кирди.
Бу даврда Туркистон, Бухоро ва Хоразм республикаларида амалий иш бошлаб юборилди. Комиссиялар ва кичик комиссиялар бўлғуси тузулмаларнинг ҳудуд ва чегаралари тўғрисидаги масалани ишлаб чиқдилар. Бошқарув аппаратлари тузиб, режалар, иқтисодиёт, бюджет, ер-сув муаммолари, маориф ва соғлиқни сақлаш соҳаларини ташкил қилиш масалалари ҳал қилинди. сиёсий тушунтириш ишлари олиб борилди. Материаллар матбуотда эълон қилиниб митинг ва йиғилишлар ўтказилди. Партия ва совет органларининг топшириғи билан Ўрта Осиёда миллий-ҳудудий чегараланиш ўтказилишини маъқуллаб қарорлар қабул қилинди. Шу нарсани алоҳида айтиш лозимки, миллий-ҳудудий чегараланиш жараёнида кўплаб сиёсий хатоларга йўл қўйилди. Хусусан, ўзбек халқининг манфаатларига жиддий зарар етказилди. Азалдан ўзбеклар яшаб келаётган ҳудудларнинг катта қисми Марказ буйруғи билан қўшни иттифоқдош ва автоном республикалар ҳамда вилоятларга берилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |