2-МАВЗУ. ЎЗБЕКИСТОН ССРНИНГ ТАШКИЛ ТОПИШИ
(2 соат маъруза)
Режа
Ўрта Осиёда миллий чегаралашнинг ўтказилиши
Миллий чераланишнинг натижалари
Ўзбекистон ССРнинг ташкил топиши
Таянч сўз ва иборалар: Миллий-ҳудудий чегаралаш, РКП(б) Ўрта Осиё бюроси, Бухоро компартияси, Хоразм компартияси, ТАССР МИК, Ўзбекистон ССР, Туркманистон ССР, Қирғизистон (Қозоғистон) АССР, Қорақирғиз автоном области, Тожикистон автоном области, Қорақалпоғистон автоном области.
Адабиётлар:
Каримов И.А. Тарихий хотирасиз келажак йўқ. – Т.: Шарқ, 1998.
Usmonov Q., Sodiqov M., Burxonova S. O’zbеkiston tarixi. -T.: IQTISOD-MOLIYA, 2006.
Shamsutdinov R., Mo’minov X. O’zbеkiston tarixi: o’quv qo’llanma. – T.: Sharq, 2013. 460-490 б.
Shamsutdinov R. Karimov Sh. Vatan tarixi. K.3. O’zbekiston Sovet mustamlakachiligi davrida. – T.: Sharq, 2016.
Эшов Б. Ўзбекистонда давлат ва маҳаллий бошқарув тарихи. – т.: Янги аср авлоди. 2012. 495-501 б.
Ўзбекистоннинг янги тарихи. Иккинчи китоб. Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида. /Тузувчилар: М.Жўраев, Р.Нуруллин, С.Камалов ва бошқалар. – Т.: Шарқ, 2000. 282-302 Б.
Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси. 12-жилдлик. -Т.: ЎзМЭ, 2000-2006.
Ўзбекистон тарихи /Р. Муртазаева умумий таҳрири остида. –Т.: Янги аср авлоди, 2003. 444-452 б.
Ўзбекистон тарихининг долзарб муаммоларига янги чизгилар. Даврий тўплам №2. – Т.: Шарқ, 1999. – 149-158 б.
1. Ўрта Осиёда миллий чегаралашнинг ўтказилиши. Ўрта Осиёда миллий-ҳудудий чегараланиш масаласи 1924 йил 5 апрелда РКП(б) МК Сиёсий Бюросида, 11 майда РКП(б) МК Ўрта Осиё Бюросида кўриб чиқилди. Унда Ўрта Осиё республикаларида миллий чегараланиш лойихасини тайёрловчи махсус комиссия тузилди. Лойиха РКП(б) Ўрта Осиё Бюросининг 1924 йил 2 июндаги йиғилишида мухокама этилиб, асосан маъқулланди. Бундан норози бўлган маҳаллий аҳоли вакиллари, хусусан Хоразм республикасининг бир гуруҳ масъул ходимлари, чунончи, ХКП МК котиби Одинаев, ички ишлар нозири Абдусаломов, Туркистон ва Бухоро вакиллари: С.Хўжанов, С.Асфандиёров ва бошқалар ягона Туркистонни бўлиб ташлаш мақсадга мувофиқ эмас, деб эътироз билдирдилар. Шунингдек, 1924 йил 8 майда РКП(б) Марказий Қўмитасига «Хоразмда миллий масалани ҳал этиш тўғрисида хат» келиб тушди. Бу хатда ҳам Хоразм республикасини бўлиб юбориш мақсадга мувофик эмас, дейилган эди. Ўлка халқлари миллий чегараланиш сиёсатига қатъиян қарши эдилар, бироқ маҳаллий халқларнинг талаб ва таклифлари инобатга олинмади.
Аксинча, 1924 йил 12 июлда РКП(б) МК Сиёсий Бюроси «Ўрта Осиё республикаларида миллий чегараланиш тўғрисида»ги масалага яна қайтиб, уни ўтказиш тўғрисида қарор қабул килади. 1924 йил 25 сентябрда РКП(б) МК Сиёсий Бюроси, 9 ва 11 октябрда РКП(б) Марказий Қўмитаси бу масалани кўриб чиқиб, миллий чегараланишни расмийлаштиришни мақсадга мувофиқ деб топади. Бу қарор 14 октябрда СССР Марказий Ижроия Қўмитаси томонидан ҳам маъқулланади. Шу тариқа, Совет ҳукумати, РКП(б) МК ва унинг жойлардаги маҳаллий ташкилотларининг 1920-1924 йиллар давомида Ўрта Осиёда олиб борган, халққа катта ваъдалар беришни кўзда тутган «ленинча миллий сиёсат»ни ҳаётга тадбиқ этиш бобидаги амалий ишлари якун топди. Ниҳоят, 1924 йилнинг 27 октябрида бўлиб ўтган СССР Марказий Ижроия қўмитасининг 2-сессиясида Ўрта Осиёда миллий давлат чегараланиши ўтказиш тадбирлари тўла маъқулланди. Шундай қилиб, ҳукмрон Марказ саъй-ҳаракатлари оркасида Ўрта Осиёнинг сиёсий жуғрофияси сунъий равишда ўзгартирилди. Ўрта Осиё ҳудудидаги Туркистон АССР Бухоро ва Хоразм республикалари ўрнида олтита миллий давлат бирлашмалари ташкил этилди.
Ўзбекистон ССР
Туркманистон ССР
Узбекистан ССР таркибида Тожикистон АССР
Қирғизлар яшаган ҳудудлар РСФСР таркибида Қорақирғиз (Қирғизистон) мухтор вилояти
Қозоқлар яшайдиган туманлари РСФСР таркибида Қозоғистон АССР
Қорақалпоқлар ҳудудлар Қозоғистон АССР таркибида қорақалпоқ мухтор вилояти.
Натижада ягона Туркистон халқлари бир - биридан сунъий равишда узоқлаштирилди. Бу ҳол советларга ўлкада ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун катта имкониятлар яратиб берди. Миллий чегараланиш натижасида Ўзбекистон ССР ташкил этилди. Ўзбекистон ССР ҳудудида бутун ҳокимият Ўзбекистон ССР советларининг таъсис қурултойига қадар Муваққат инқилобий қўмита ихтиёрига берилди. Собиқ Бухоро республикаси ҳукумати раиси, таниқли давлат арбоби Файзулла Хўжаев Ўзбекистон ССР Инқилобий қўмитаси раиси этиб тасдиқланди. Ўзбекистон ССР таркибига қуйидаги ҳудудлар киритилди:
собиқ Туркистон АССР дан 9 та уъезд, 133 туман ва 7 қишлоқ округи;
собиқ Бухоро республикасининг 9 та тумани;
собиқ Хоразм республикасининг 23 та тумани.
Do'stlaringiz bilan baham: |