Ўрта Осиёда ер-сув ислоҳатининг 1-босқичи. Совет ҳокимияти томонидан хусусий мулкни тугатиш мақсадида Ўрта Осиёда ер-сув ислоҳати амалга оширилди. У 2 босқичдан иборат бўлиб, 1921-1922 йилларда Туркистон АССР ва Қозоғистон АССРда амалга оширилган ижтимоий-иқтисодий тадбирлар 1-босқични ташкил қилади. Ислоҳотни амалий жиҳатдан рўёбга чиқариш 1921 йил баҳорида бошланиб, у дастлаб Еттисув, Сирдарё, Фарғона, Самарқанд вилоятларида амалга оширилди.
Ер-сув ислоҳати: бой-қулоқ хўжаликларини тугатиш ва кўчманчи аҳолини ўтроқ ҳолатга ўтказиш; катта ер эгалигини йўқотиб, ерларни ерсиз ва кам ерли деҳқонлар, батраклар, чорикорлар ўртасида меҳнат нормалари бўйича тақсимлаш; Россия империяси мустамлакачилик сиёсатининг айрим сарқитларини тугатишга қаратилган эди. Вақф ерлари ҳам ислоҳот жараёнида тортиб олина бошланди. Террорга учраган ислоҳот қурбонлари қаттиқ қаршилик кўрсатишди. Туркистон АССРда мулкдор деҳқонларнинг совет ҳокимиятига қарши кўплаб оммавий ғалаёнлари ва исёнлари бўлиб, айрим ҳолларда у қўзғолон даражасига ўсиб чиққан. Ислоҳот қишлоқдаги сиёсий вазиятни жиддий равишда кескинлаштирди.
Ислоҳотнинг 1-босқичида ер тузиш жамғармасига 1722626 десятина ер қўшилди. Бироқ совет ҳокимияти томонидан ана шу ресурслардан маҳаллий аҳолига фақат 600000 десятина ер экин экиш ва яйловлар учун ажратилди. Совет ҳокимияти йирик бойлар ва заминдорлардан тортиб олинган ерлар ҳисобига дастлабки қишлоқ хўжалик ширкатлари, коммуналар, совхозлар (давлат хўжаликлари) ташкил қилишга киришди. Бироқ уларда меҳнат унумдорлиги паст бўлиб, моддий рағбатлантириш ва таъминот яхши йўлга қўйилмаган эди.
Пуд – 16,38 кг га тенг оғирлик ўлчов бирлиги. Десятина (рус. десят – ўн) – метрик система қабул этилгунга қадар Россияда қўлланган, 1,09 гектарга тенг ер майдони ўлчови.
2-машғулот
1.Бухоро амирлигида ислоҳотлар учун кураш.
Амир ҳокимиятининг қулаши. БХСРнинг ташкил топиши
Бухоро амирлигидаги аҳвол ва Ёш бухороликлар фаолияти. Россияда подшо ҳокимиятнинг ағдарилиши, Бухоро амирлигида ҳам баъзи ўзгаришларни келтириб чиқарди. Бухоро ҳукмдори Амир Сайид Олимхон (1881-1944) эътироф этишича, Муваққат ҳукумат Бухоро давлатининг мустақиллигини тан олган. Амир ҳукумати Афғонистон ва бошқа давлатлар билан алоқалар ўрнатган. Россия-Бухоро муносабатларида ҳам ўзгаришлар юз берган. Бухорода иш олиб борган Россия империясининг сиёсий агентлиги энди Россия ҳукуматининг резиденти деб аталадиган бўлди. Бухоро амирлиги ҳудудидаги рус манзилгоҳларида ҳам ишчи ва солдат депутатлари Советлари пайдо бўлиб, сиёсий беқарорлик ва тартибсизликлар келиб чиққан. Бу ҳолат Бухоро амирлигидаги сиёсий аҳволга ҳам ўз таъсирини кўрсатган.
Ёш бухороликлар партияси дастлаб мавжуд амирлик тузуми доирасида демократик ислоҳатлар ўтказиш, конституциявий монархия ўрнатиш орқали амирнинг мутлақ ҳокимиятини чеклаб қўйиш тарафдори бўлишган. 1917 йил бўлган Феврал инқилоби Ёш бухороликлар ичида кучлар нисбатининг қайта гуруҳланишини тезлаштирди. Аста-секин ислоҳ қилиш тарафдорлари бўлган эски жадидларга Абдулвоҳид Бурҳонов-Мунзим (1875-1934) ва Садриддин Айний (1878-1954) ҳамда ислоҳот соҳасида фаол ҳаракатларни қўлловчи ёш жадидларга Абдурауф Фитрат (1886-1938) ва Файзулла Хўжаев (1896-1938) етакчилик қилди. Бухоро амири Сайид Олимхон 1917 йил 7 апрелда Бухорода турли ислоҳатлар ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бироқ, фармонни қувватлаш мақсадида Ёш бухороликлар томонидан пойтахт Бухоро шаҳрида 8 апрелда бўлган намойиш амир томонидан бостирилди. 14 апрелда фармон бекор қилинди. Ёш бухороликлар амирликда таъқиб остига олинди.
Do'stlaringiz bilan baham: |