3. Туркистонда Россиянинг ер-сув сиёсати
Ўрта Осёда иқтисодиётида қишлоқ хўжалиги етакчи ўрин тутган; маҳаллий аҳолининг асосий тирикчилик манбаи ер бўлган. 1886 й. "Низом"нинг "Туркистон ўлкасининг ер тузилиши" деган бўлими ўлкадаги анъанавий ерга эгалик қилиш муносабатлари ўзгартириб юборилди. Низомга кўра Туркистон ерлари, ўрмонлари ва ерости қазилма бойликлари давлат (Россия) мулкига айланди; ўлкада йирик ер эгалиги ҳам тугатилди.
Вақф ерлари айни вақтда яшаб ва ерга ишлов бераётган кишиларга ижарага берилар эди. Янги вақф ҳужжатларни тасдиқлаш фақат генерал-губернатор розилиги билан бу ерларни давлат солиқлари ва мажбуриятларидан озод қилмасдан амалга оширилган. Масжид тасарруфидан ташқарида, хусусий шахс ихтиёрида бўлган ерлар ҳам давлат солиғига тортиладиган бўлди. Вақф ҳужжатларини эътироф этиш, вақф даромадларини назорат ва тафтиш қилиш ҳуқуқи вилоят маъмурияти ихтиёрига ўтказилди. Бу вақтгача вақф мулкидан олинган даромадлар мактаб, мадраса, масжидларни таъмирлашга, ходимларни моддий таъминлашга, диний маросимларни бажаришга сарфланар эди. Вақф мулкларини назорат қилиш рус ҳукумати вакиллари қўлига ўтиши билан масжидлар ва мактабларнинг моддий аҳволи ёмонлашди. Бу билан мустамлакачи ҳукумат маҳаллий дин пешволари, уламолар ва диний муассасаларга зарба беришга ҳаракат қилди.
Россия Ўрта Осиёни империянинг бир қисмига айлантириш ва доимий ҳукмрон бўлиш мақсадида Сибир ва Кавказдагидек мустамлакачилик сиёсати олиб борди. Бу борада асосий амалга оширилган чоралардан бири империянинг марказий губерния аҳолисини Туркистонга кўчириш ҳисобланган. Низомда (1886) ҳукумат тасарруфида қолаётган бўш турган давлат ерларига рус аҳолисини жойлаштириш муҳим эканлиги қатъий белгилаб қўйилди. Кўчириш сиёсати билан шуғулланиш Туркистон ўлкаси зиммасига юклатилган. Кўчиб келганларга маблағ, турар жой, ер, кредит берилган, 5 йил солиқдан озод этилган, яна 5 йил солиқларнинг ярмини тўлаган. Туркистонда ҳарбай хизматчиларлар яшаб қолишлари ва томорқа ер олишлари мумкин бўлган. Бундай имкониятлар Россиянинг марказий районларидан кўплаб аҳолининг кўчиб келишига сабаб бўлган.
Россиядан келган деҳқонларнинг 1-манзилгоҳи 1875 й. Авлиёотада пайдо бўлди. Туркистон ўлкасига 15 йилда (1875-1890) 1300 оила кўчиб келиб жойлашди, 19 та рус қишлоғи ташкил топди; 1891-1892 йй. кўчиб келганларнинг 25 та манзилгоҳи пайдо бўлди. Даромад олиш мақсадида йирик корхоналар ҳам Туркистондан ерлар сотиб ола бошлади. Россиянинг кўчириш сиёсати Туркистондаги мустамлака тизимини мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилган эди. Кўчиб келганларга яратилган имкониятлар ўлкага кўчиб келувчиларнинг сонини ҳаддан зиёд кўпайишига олиб келди.
1892 йилдан Россиядан ўзбошимчалик билан кўчиб келганлар ҳам маъмурият рухсати билан кўчирилганларга берилган имкониятдан фойдаланиши мумкинлиги эълон қилингач, ўлкага кўчиб келувчилар сонини янада кўпайишига олиб келди. Кўчиб келувчиларнинг кўпайиши, уларга унумдор ерларнинг берилиши маҳаллий аҳоли вакилларининг жиддий норозилигига сабаб бўлган. Тошкент, Янги Марғилон, Самарқанд, Андижон шаҳарларида ҳам кўчиб келганларнинг посёлкалари пайдо бўлди. Ўлкадаги йирик шаҳарлар 2 қисмга: 1)янги-маъмурият, ҳарбий қисмлар жойлашган ва кўчиб келганлар яшайдиган қисм; 2) эски-маҳаллий аҳоли вакиллари яшайдиган қисмга ажратилди; Тошкентдаги Бўзсув анҳори шаҳарни 2 қисмга ажратган чегара бўлган.
Do'stlaringiz bilan baham: |