Марказий Осиё хонликларининг Афғонистон билан алоқалари. Ўрта Осиё давлатларининг энг яқин қўшниси 1747 йил ташкил топган мустақил Афғонистон давлати эди. Бухоро ва Афғонистон ўртасидаги муносабатлар дўстона руҳда бўлмаган. Бунга икки давлат ҳам Амударё жанубидаги ўзбекларни ўз тасарруфида тутушга уриниши сабаб бўлган. Амударё жанубидаги ўзбекларнинг ерларини босиб олиш учун 1751 йил Афғонистон ҳукмдори Аҳмадшоҳ (1747-1773) қўшин юборади. Амударё жанубидаги кичик ўзбек бекликлари ўзаро урушлар туфайли заифлашиб Афғонистон вассалига айланиб қолган. Балхни афғон гарнизони эгаллайди ва Аҳмадшоҳнинг ноиби бошқаради.
Маҳаллий ўзбеклар 1768 йил афғонлар зулмига қарши қўзғолон кўтарган, қўзғолончиларни Бухоро қўллаб-қувватлайди. Аҳмадшоҳнинг ўзи келиб қўзғолонни бостиради. Афғонлар зулмига қарши ўзбеклар 1789 йил яна қўзғолон кўтаради. Бухоро яна қўзғолончиларга амалий ёрдам кўрсатади. Афғонистон ҳукмдори Темуршоҳ (1773-1793) Балхга қўшин тортади. Бироқ Бухорога қарши юришга юраги дов бермай сулҳ тузади. Темуршоҳ Бухоро билан шартнома тузишга мажбур бўлди. Шартномага кўра Амударё ҳар икки давлат ўртасидаги чегара деб тан олинди. Бухоро-Ҳиндистон савдо алоқаларида Кобул шаҳри алоҳида ўрин тутган. Афғонистонга Россия товарлари Бухоро орқали олиб борилган.
Қўқон ва Хитой муносабатлари дўстона эмас эди: 1) Син империяси 1755-1759 йилларда Шарқий Туркистонни бўйсундириб Қўқонни кучсизлантиришга уринарди; 2) Қўқон хонлиги Шарқий Туркистонда ўз ҳокимиятини ўрнатишга интилиб, чегарасини кенгайтираётган эди. Айниқса XIX аср 20-йилларида Қўқон-Хитой муносабатлари янада кескинлашувига, шарқий туркистонликларнинг Жаҳонгирхўжа бошчилигида 1825 йил Син империясига қарши миллий озодлик курашига Қўқон хон Муҳаммад Алихоннинг аралашуви сабаб бўлди.
Хитой 1829 йил Қўқоннинг Шарқий Туркистонда савдо қилишини тақиқлади, марказий осиёлик савдогарларни ҳайдаб, мулкларини мусодара қилди. Қўқон хони Муҳаммад Алихон бунга жавобан шарқий туркистонликларнинг Хитойга қарши озодлик кураши раҳбари Жаҳонгирхўжа ва унинг укаси Юсуфхўжа ихтиёрига Ҳаққули бошчилигида қўшин жўнатди. Юсуфхўжа Қашғарни эгаллаб, Ёркентни эгаллаш учун ҳарбий ҳаракатни давом эттиради. Хитой ҳукумати ташвишга тушиб Юсуфхўжага қарши катта қўшин юборади. Қўзғолончилар сафида бирлик йўқлиги ҳамда Қўқон-Бухоро муносабатлари ёмонлашиб Қўқон ўз қўшинини чақириб олиши туфайли Юсуфхўжа мағлубиятга учрайди. Юсуфхўжа енгилгач Шарқий Туркистонни ташлаб чиқиб Фарғона водийсига келади, у билан 70 минг уйғур оиласи ҳам кўчиб келади.
Қўқон ўз чегараларини Шарқий Туркистон томон кенгайтириш сиёсатини давом эттирди. Син империяси молиявий қийинчилик туфайли Қўқонга қарши очиқ уруш олиб боришга қодир эмас эди. Хитой-Қўқон шартномаси 1832 йил Пекинда имзоланган. Унга кўра Қўқон Жаҳонгирхўжа авлодларини Шарқий Туркистонга ўтказмаслик мажбуриятини олган. Шартномага кўра Хитой Шарқий Туркистонда қўқонлик савдогарларга ҳуқуқлар берган: 1) улар фаолиятини тақиқлашни бекор қилган. 2) бож тўламасдан савдо қилиш ҳуқуқи берилган. 3) улардан тортиб олинган мол-мулклари эвазига Қўқон хонига товон тўлаган. 4) ўрта осиёлик савдогарлар тўлайдиган тўловларни олиш ҳуқуқи Қўқон хонлигига берилган.