Қорақалпоқ ва Хива муносабатлари. Қорақалпоқларнинг асосий қисми нотинч оғир йилларда Хивага чегара ҳудудларга, Аму ва Сирдарё оралиғидаги бўш ерларга, Янгидарё ва Қувондарё бўйларига кўчиб келиб яшардилар. Тарихчилар Янгидарёда яратилган ажойиб суғориш иншоотлари тизимига қорақалпоқ халқи меҳнатининг улуғворлиги хотирасидир, деб баҳо берганлар.
Қорақалпоқларнинг аста-секин Оролбўйи ўзбеклари билан яқинлашуви юз берган. Оролбўйи ўзбеклари эса Хива хонлигига бўйсунишни истамаган. Хива хонлиги Оролбўйи ўзбеклари ва қорақалпоқларни бўйсундиришни мақсад қилган ва узоқ курашлардан сўнг 1735 йил Оролбўйи ўзбеклари ва қорақалпоқлар Хива хонлигини тан олишга мажбур этилди. Айрим қорақалпоқ қабилалари Муҳаммад Амин Иноқ даврида ихтиёрий Хива фуқаролигига ўта бошлаган. Амударё, Қувондарё ва Орол денгизи атрофида яшовчи қорақалпоқлар 1809 йил Хива хонлигига бўйсундирилди. Янгидарё (Жанадарё) атрофида яшовчи қорақалпоқлар ҳам 1811 йил тобе этилгач, қорақалпоқларни Хива хонлигига бўйсундириш ниҳоясига етказилди.
Қорақалпоқлар Орол ва Қуйи Сирдарё бўйларида яшаб келган қадимги халқлардан бири. Қорақалпоқ халқи бижанаклар негизида VIII-XVI асрларда шаклланди. Қорақалпоқ хонлиги XVIII аср биринчи чорагида Эшимхон етакчилигида ташкил топган.
2.Қорақалпоқларнинг ижтимоий-иқтисодий тузуми
Ижтимоий аҳвол. Қорақалпоқлар ижтимоий ҳаётида уруғчилик, қабилачилик муносабатлари, аҳолининг табақаларга бўлиниши анча кучли эди. Уруғ ёки қабилага бийлар бошчилик қилган. Ҳарбий қисмларни ботирлар бошқарган. Аҳоли орасида руҳонийлар, шайхлар, хўжаларнинг ўрни катта эди. Овул - бошланғич маъмурий бўғин бўлиб, уларга Оқсоқоллар кенгаши раҳбарлик қилган. Яна юзбоши, мироббоши, қози, раис каби маъмурий мансаблар ҳам бор эди. Мироб сув тақсимловчи ҳисобланган. Бийлик лавозимига илгари уруғ йиғинларида сайланган, қорақалпоқлар Хивага бўйсундирилгач хон томонидан тайинланадиган бўлди, хон томонидан тайинланган бийга бошқа бийлар бўйсунган. Қўнгирот ва Чимбой шаҳарлари қорақалпоқларнинг бош маъмурий марказига айланган.
Мулкий табақаланиш кучайиб бориб, ерга жамоа бўлиб эгалик қилиш барҳам топиб, катта ер эгалиги табақаси вужудга келди. Кўплаб чорвага эга табақалар шаклланиб, балиқ овланадиган сув ҳавзаларини ҳам алоҳида кишилар эгаллаб олиши натижасида ери ва чорваси йўқ камбағаллар кўпайиб, улар бойлардан ерни ижарага олиб ишлашга, чорва боқиб кун кечиришга мажбур бўлдилар. Қорақалпоқлар қадимдан деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланиб келганлар. «Қирқ қиз» достонида қорақалпоқларнинг ерлар ўзлаштириб, сув иншоотлари қуриб, ер ҳайдаб ғалла етиштирганлиги, боғлар яратганлиги ҳақида маълумотлар берилган. Қорақалпоқлар деҳқончилик, чорвачилик, балиқчилик, ҳунармандчилик билан шуғулланиб тирикчилик қилган..
Деҳқончилик билан қорақалпоқлар Орол бўйларида, Сирдарё ва Амударё оралиғидаги ерларда шуғулланганлар; буғдой, арпа, тариқ экиб, мўл ҳосил олганлар. Янги (Жана)дарё ва Қувондарё ҳавзаларида қорақалпоқлар барпо этган канал ва суғориш иншоотлари хўжаликда деҳқончилик тармоғининг етакчи ўринда турганлигидан гувоҳлик беради. XVIII аср охирида Амударё қуйи тармоқларида Қалликўл, Кегали; XIX аср ўрталарида Чимбой, Қўнғирот деҳқончилик воҳалари вужудга келди. Деҳқончиликда омоч, мола, кетмон, белкурак, ўроқдан фойдаланилган.
Чорвачилик ҳам қорақалпоқлар иқтисодий ҳаётида муҳим ўрин тутган: қорамол, қўй, эчки, от, туя боқилган. Қорақалпоқ чорвадорлари ҳўкиз ва туя қўшилган араваларда пода ва отарлари билан яйловларга кўчиб юрганлар; айниқса қамишзорлар чорва учун тўйимли озуқа бўлган. Қорақалпоқлар иқтисодий ҳаётида балиқчилик ҳам ривожланган; овчилик ва балиқчилик қўшимча тирикчилик манбаи ҳисобланган.
Ҳунармандчиликнинг: темирчилик, дурадгорлик, кигиз босиш, тўқувчилик, бўёқчилик, кулолчилик, заргарлик тармоқлари қорақалпоқлар ҳаётида ривожланиб боради. Хўжайли, Қўнғирот, Манғит, Чимбой шаҳарлари йирик савдо марказларига айланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |