58. “Mening fikrim” махсус веб-портали қандай мақсадда ташкил этилган ва у орқали қайси давлат ташкилотларига мурожаат қилиш мумкин?
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасига асосан ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида қонунлар муҳокамасига кенг халқ оммасини жалб қилиш, бунинг учун замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, жумладан, Интернет тармоғида махсус “майдон”лар яратиши зарурлигини таъкидлаб ўтган эдилар.
Юқоридагилардан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги ПФ–5308-сон Қарори билан тасдиқланган Давлат дастурининг 34-бандида “Mening fikrim” махсус веб-портали орқали Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига электрон жамоавий мурожаат қилиш тартибини жорий этиш белгиланган. “Mening fikrim” веб-портали мамлакатимизда фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш, давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятининг очиқлиги, қабул қилинаётган қонунларнинг ҳаётий ва самарали бўлишини таъминлаш мақсадида яратилган.
Веб-портал орқали фуқаролар ўз мурожаатларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига электрон жамоавий мурожаат қилиш тартибида амалга оширишлари мумкин.
Мурожаат етарли миқдорда овоз тўпласа, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан экспертизага қабул қилинади. Институт мурожаатни ўрнатилган талабларга мувофиқлигини текшириш учун экспертиза ўтказади.
59. Бугун жамиятимизда “уюшмаган ёшлар” тушунчасининг маъно-мазмуни хусусида турли баҳс-мунозаралар кетмоқда. Сизнингча, мазкур тушунча кимларга нисбатан ишлатилиши мумкин?
Уюшмаган ёшлар – умумтаълим мактабларини ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларини битиргач, ё олий таълим ва ёки иш – меҳнат фаолияти билан қамраб олинмагани туфайли фаол ижтимоий ҳаётдан четда қолган, муайян муассаса, корхона ёхуд идоралар рўйхатида бўлмаган ёшлардир. Бундай ёшларнинг сони, таркиби бўйича аниқ, доимий маълумотлар йўқ. Чунки бу маълумотлар тез ўзгарувчан характерда бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги ПФ–5106-сон Фармонида улар уюшмаган қисмининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида спорт ва жисмоний тарбия билан шуғулланишга, ижодий тўгараклар ва турли, жумладан, хорижий тилларни ўргатиш ўқув курсларига кенг жалб этиш, ёшлар уюшмалари ҳамда ёшларга ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш марказларини ташкил этиш алоҳида таъкидланган.
Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг тузилишига бағишланган йиғилишдаги нутқида янги ташкилот кўпроқ айнан шу тоифа ёшлар тақдири билан қизиқиши, уларни фойдали меҳнат ва фаолиятга жалб этиши лозимлигига урғу берди.
Ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш, банд бўлмаган ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва бизнес юритиш кўникмаларига ўқитиш, шунингдек, умуман ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш масалаларига оид Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида ПФ–5466-сон Фармони қабул қилинди. Ушбу ҳужжат ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш, банд бўлмаган ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва бизнес юритиш кўникмаларига ўқитиш, шунингдек, умуман ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш масалаларига қаратилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |