50. Юридик шахснинг раҳбар органи томонидан қарор қабул қилинганлиги фактини тасдиқлаш қандай тартибда амалга оширилади.
“Нотариат тўғрисида”ги Қонуннинг 701-моддасига мувофиқ нотариус юридик шахснинг раҳбар органи йиғилишини чақирувчи органнинг ёки шахснинг илтимосига кўра ушбу йиғилиш ўтказилиши чоғида ҳозир бўлади ва юридик шахснинг раҳбар органи томонидан қарор қабул қилинганлиги фактини тасдиқлаш тўғрисида ҳамда ушбу қарорни қабул қилиш чоғида ҳозир бўлган иштирокчиларнинг (акциядорларнинг) таркиби ҳақида гувоҳнома беради.
Нотариус юридик шахснинг раҳбар органи томонидан қарор қабул қилинганлиги фактини белгилаш учун юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқатини текширади, юридик шахс раҳбар органининг қарор қабул қилиш борасидаги ваколатини, йиғилишда кворум мавжудлигини ва овозларни санаб чиқиш асосида қарор қабул қилиш учун керакли овозлар сони мавжудлигини қонун ҳужжатларига ва юридик шахснинг таъсис ҳужжатларига мувофиқ аниқлайди.
51. Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун тақдим этиладиган ҳужжатларга қандай талаблар қўйилади.
“Нотариат тўғирсида”ги Қонуннинг 35-моддасига ассоан нотариуслар нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун қириб ўчирилган ёки қўшимчалар киритилган, сўзлари устидан чизилган ва изоҳ берилмаган бошқа тузатишлари бўлган ҳужжатларни, шунингдек қаламда ёзилган ҳужжатларни қабул қилмайди. Агар ҳужжатдаги мавжуд изоҳ берилмаган тузатишлар ёки бошқа камчиликлар тақдим этилган ҳужжатнинг мақсади учун аҳамиятсиз бўлса, нотариус бундай ҳужжатни нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун қабул қилишга ҳақли.
Нотариал тасдиқланадиган битимларнинг матни аниқ ва равшан ёзилган бўлиши керак, ҳужжатнинг мазмунига тааллуқли сана ва муддатлар ҳеч бўлмаганда бир марта сўз билан, юридик шахсларнинг номлари эса — улар органларининг манзилларини кўрсатган ҳолда қисқартиришларсиз ёзилиши лозим. Фуқароларнинг фамилияси, исми, отасининг исми тўлиқ ёзилиб, яшаш жойи кўрсатилган бўлиши керак.
Бир варақдан ортиқ бўлган ҳужжат ип ўтказиб тикилган, варақлари рақамланган ва муҳр босиб тасдиқланган бўлиши керак.
Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида йўриқноманинг (оўйхат рақами 3113, 2019 йил 4 январь) 9-бандига мувофиқ нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун ҳужжатлар қуйидаги ҳолларда қабул қилинмайди:
қириб ўчирилган ёки қўшимчалар киритилган, сўзлари устидан чизилган ва изоҳ берилмаган бошқа тузатишлари бўлган, шунингдек қаламда ёзилган ҳужжатлар;
бир неча варақларда баён этилиб, варақлари рақамланмаган ва ип ўтказиб тикилмаган ҳужжатлар, ҳужжатни берган ташкилот мансабдор шахсининг имзоси ва муҳри бўлмаган ҳужжатлар;
факсимиле имзо муҳри қўйилган ҳужжатлар.
Агар ҳужжатдаги мавжуд изоҳ берилмаган тузатишлар ёки бошқа камчиликлар тақдим этилган ҳужжатнинг мақсади учун аҳамиятсиз бўлса, нотариус бундай ҳужжатни нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун қабул қилишга ҳақли.
Битимларни тасдиқлашда ҳужжатларнинг ксеронусхаси унинг асл нусхаси ва дубликати ўрнини боса олмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |