55. Нотариус томонидан амалга оширилган нотариал ҳаракатлар бўйича давлат органларига электрон маълумотлар юбориш тартиби қандай? Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил
14 сентябрдаги 733-сон қарори билан Нотариатнинг фаол модели доирасида нотариуслар томонидан “ягона дарча” тамойили бўйича битимларни тасдиқлашда давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишнинг маъмурий регламентлари тасдиқланди.
Мазкур қарор билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Низоларнинг олдини олишга қаратилган институт сифатида нотариат тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 25 майдаги
ПҚ-3741-сон қарори билан Нотариатнинг фаол модели доирасида Нотариуслар томонидан битимларни тасдиқлашда “ягона дарча” тамойили бўйича амалга ошириладиган ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар рўйхати маъқулланди ҳамда 2019 йил 1 январдан бошлаб амалга киритилди.
Унга кўра 2019 йил 1 январдан бошлаб
а) турар жой олди-сотди шартномасини нотариал тасдиқлашда турар жойда доимий пропискада бўлган шахслар ҳақидаги маълумотларни олиш;
б) нотариал ҳаракатларни амалга оширишда биометрик ва паспортга оид маълумотларини текшириш;
в) кўчмас мулкни бошқа шахсга ўтказиш шартномасини нотариал тасдиқлашда бино ва иншоотлар ҳақида маълумотлар олиш;
г) хусусийлаштирилган турар жойни бошқа шахсга ўтказиш шартномасини нотариал тасдиқлашда хусусийлаштиришга розилик берган шахслар ҳақида маълумотлар олиш;
д) юридик шахслар иштирокидаги нотариал ҳаракатларни амалга оширишда юридик шахслар ҳақида маълумотлар олиш;
е) кўчмас мулкни бошқа шахсга ўтказиш шартномасини тасдиқлашда коммунал хизматлардан қарздорлик мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақида маълумотлар олиш идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда амалга оширилмоқда.
Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида йўриқноманинг (рўйхат рақами 3113, 2019 йил 4 январь) 40-бандига асосан кўчмас мулк ёки унинг бир қисми бошқа шахсга ўтказилаётганда, мазкур Йўриқноманинг 39-бандида кўрсатиб ўтилган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга қуйидаги ҳужжатлар ҳам тақдим этилади:
коммунал хизматлар (газ таъминоти, совуқ сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариш, иссиқлик таъминоти (марказий иситиш ва иссиқ сув таъминоти) бўйича хизматлар) ва электр энергияси учун тўланадиган мажбурий тўловлар бўйича қарзи мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномалар; кадастр маълумотномаси; солиқлар бўйича бюджет олдида қарзи мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома; турар жойда доимий пропискада бўлган шахслар ҳақидаги ички ишлар органининг маълумотномаси; кўчмас мулк ёки унинг бир қисми гаровга қўйилган бўлса, гаровга олувчининг розилиги. Мазкур банднинг иккинчи — бешинчи хатбошиларида назарда тутилган маълумотномалар нотариус томонидан курьерлик хизматидан фойдаланган ҳолда ёки идоралараро электрон ҳамкорлик йўли билан Тизим орқали автоматик тарзда олинади.
Бунда Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) идоралараро электрон тарзда ҳамкорлик қилиш тизими орқали коммунал хизмати ташкилотларидан қарздорликни аниқлаш электр ва газ таъминоти бўйича 2019 йил 1 январдан, иссиқлик таъминоти, сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариш хизматлари бўйича 2021 йил 1 январдан бошлаб амалга оширилади.