номзод – давлат органлари ёки ташкилотларига вакант лавозимни эгаллаш учун мурожаат қилган Ўзбекистон Республикаси фуқароси;
танлов – ушбу Намунавий низом билан тасдиқланган тартибга асосан номзодларни вакант лавозимларга саралаб олиш жараёни.
Ушбу Намунавий низом асосида давлат органлари ва ташкилотлари томонидан танловларни ўтказиш тўғрисидаги Идоравий низом ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
Танлов қуйидаги тамойиллар асосида ўтказилади:
касбга оид сифатлари ва алоҳида хизматларини одилона ва объектив баҳолаш асосида энг муносиб ва қобилиятли шахсларни давлат фуқаролик хизматига қабул қилиш ҳамда уларнинг хизмат поғоналари бўйича кўтарилишини назарда тутувчи меритократия тамойили;
давлат органи ёки ташкилотнинг расмий веб-сайтида вакант лавозимлар ва номзодларни танлов босқичларидан ўтиш натижалари тўғрисидаги маълумотларни жойлаштирилишини назарда тутувчи очиқлик тамойили;
танлов комиссиясининг таркибига фуқаролик жамияти институтлари, олий таълим муассасалари ёки давлат органлари ва ташкилотлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашларининг вакиллари киритилишини назарда тутувчи мустақиллик тамойили.
Танлов пайтида номзодларни жинси, ирқи, ёши, миллати, ижтимоий келиб чиқиши ёки диний эътиқодидан қатъий назар камситилишга йўл қўйилмайди.
Хорижий давлатларнинг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси Президентининг алоҳида қарорлари билан белгиланган тартибда давлат фуқаролик хизматчиси лавозимини эгаллаши мумкин.
Танлов асосида давлат фуқаролик хизматига қабул қилинган шахслар Агентлик ва тегишли равишда унинг филиаллари билан келишмасдан лавозимидан озод этилиши мумкин эмас.
2-боб. Танловни ташкил этиш
Вакант давлат лавозимларини эгаллаш учун номзодларга қўйилган малака талабларига жавоб берадиган шахсларга танловда иштирок этишга рухсат берилади.
Малака талаблари кадрлар бўлинмаси томонидан ишлаб чиқилади
ҳамда Агентлик ёки унинг филиаллари билан келишилган ҳолда давлат органлари ёки ташкилотларининг раҳбарлари томонидан тасдиқланади.
Давлат органи ёки ташкилотида вакант давлат лавозимларини тўлдириш учун танловни ташкиллаштириш ва ўтказиш бўйича доимий фаолият юритувчи комиссия (кейинги ўринларда — танлов комиссияси деб аталади) тузилади.
Таркиби давлат органи ёки ташкилот раҳбарининг буйруғи билан тасдиқланадиган Танлов комиссияси республика ва ҳудудий даражада тузилади.
Танлов комиссияси таркибига қуйидагилар киради:
танлов ўтказилаётган давлат органи ёки ташкилотининг раҳбари (раҳбар ўринбосари) (ҳудудий даражада – ҳудудий таркибий тузилма раҳбари) – танлов комиссиясининг Раиси;
вакант лавозимга танлов ўтказаётган таркибий бўлинманинг раҳбари (ўринбосари);
давлат органи ёки ташкилотининг (ҳудудий таркибий тузилманинг) кадрлар бўлинмаси раҳбари (ходими);
давлат органи ёки ташкилотининг (ҳудудий таркибий тузилманинг) юридик хизмати раҳбари (ходими);
давлат органи ёки ташкилотининг касаба уюшмаси қўмитаси раҳбари;
фуқаролик жамияти институтлари, олий таълим муассасалари
ёки давлат органлари ва ташкилотлари хузуридаги жамоатчилик кенгашларининг вакиллари (келишилган ҳолда).
Заруратга кўра, вакант лавозимларнинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, давлат органи ёки ташкилотининг бошқа мансабдор шахслари ҳам танлов комиссияси таркибига киритилишлари мумкин.
Агентлик танлов комиссиясида кузатувчи сифатида иштирок этиш учун ўз вакилини юбориш ҳуқуқига эга.
Агентлик вакили, номзод бўйича танлов комиссияси қабул қилган қароридан норози бўлган тақдирда, ушбу қарор қабул қилинган кунда унга ёзма равишда вето қўйиш ваколатига эга ҳамда мазкур ҳолат танлов комиссия мажлиси баённомасида акс эттирилади.
Давлат органи ёки ташкилотининг кадрлар бўлинмаси танлов комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади (кейинги ўринларда – Ишчи орган деб аталади).
Танлов ушбу Намунавий низомнинг 1-иловаси билан тасдиқланган схемага мувофиқ ўтказилади ҳамда қўйидаги босқичларни ўз ичига олади:
Do'stlaringiz bilan baham: |