ЎҚУВ ДАСТУРИ
I. Ўқув фанининг долзарблиги ва олий касбий
таълимдаги ўрни
Бугунги кунда мамлакатимизда фан-таълим, илмий изланишлар ва инновациялар ривожи учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Фанни ривожлантирувчи интеллектуал салоҳият эгалари - олимларнинг, ижтимоий фаоллиги кундан кунга ошиб бормоқда. Ёшларнинг илмий ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмий изланишлари учун шароит яратиш ва илмий натижаларини Web of Science, Scopus, ScienceDirect, Springer Nature тизимига кирувчи юқори импакт факторли журналларда илмий мақолалар чоп қилишнинг муҳим аҳамиятини ва моҳиятини тушунишда талабаларни зарур бўлган билимлар билан қуроллантиради. ”Илмий тадқиқот методологияси” фанини ўқитишнинг жорий қилиниши, магистратура талабаларига илмий фаолиятни ташкил қилиш методологиясини ўргатиш, уларнинг келгусидаги илмий изланишлари йўналишини тўғри танлаш ва фаолиятнинг узвийлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб қилмоқда.
“Илмий тадқиқот методологияси” фани умумметодологик фанлар блокига киритилган курс ҳисобланиб, 1- курсда ўқитилиши мақсадга мувофиқ. “Илмий тадқиқот методологияси” фани гуманитар ва ижтимоий фанлар туркумига киради ва барча магистратура таълим йўналишларида ўқитилади. Мазкур фан бошқа гуманитар ва иқтисодий фанларнинг назарий ва услубий асосини ташкил қилиб, ўз ривожида аниқ йўналишдаги иқтисодий фанлар учун замин яратади. Шу сабабдан, магистратура талабалари томонидан умумметодологик фанлар блокида ўрганиладиган ушбу фан тадқиқотнинг технологияси, ҳар қандай илмий изланишнинг асосий омили - билимни эгаллаш ва ундан фойдаланиш маҳоратини ўрганишга қаратилган.
II. Ўқув фанининг мақсади ва вазифаси
Илмий тадқиқот методологияси» фанининг мақсади– магистрант талабаларга илмий тадқиқотларнинг асосий тушунчалари, таърифлари, усуллари ва босқичлари ҳақида назарий билимларни бериш, уларда илмий тадқиқотларни олиб бориш методологияси, экспериментларни бажариш усуллари, олинган натижаларини ишлаб чиқиш ва таҳлил этиш методлари, уларни расмийлаштириш ва амалиётга татбиқ этиш усуллари ҳақида билим, кўникма ва малака шакллантиришдир.
Фаннинг вазифаси - магистратура талабаларини илмий тадқиқотнинг асосий тушунчалари; илмий услубларга қўйилган талаблар; илмий тадқиқот усуллари ва босқичлари; илмий ахборот ва уни излаш; экспериментал тадқиқотлар; илмий тадқиқотларнинг жорий этилиши ва самараси; илмий тадқиқот ишларини расмийлаштириш тартиби; илмий материалларни нашрга тайёрлаш ва илмий-фалсафий мушоҳада қилишга ўргатишдан иборат.
Фан бўйича талабаларнинг билим, кўникма ва малакаларига қуйидаги талаблар қўйилади. “Илмий тадқиқот методологияси” фани масалалари доирасида талаба:
илмий тадқиқотнинг дастури, тадқиқот олиб боришнинг асосий компонентлари, конкрет объектни ўрганиш, илмий йўналиш, илмий муаммо ва илмий мавзу каби тушунчалар тўғрисида тасаввурга эга бўлиши;(билим)
илмий тадқиқот методларини таърифлаш ва тавсифлаш, илмий-амалий хулосаларни ишлаб чиқиш ва олинган натижаларни баҳолаш, эмпирик ва назарий тадқиқот усулларини фарқлаш, кенгайтирилган тадқиқот режасини ишлаб чиқиш, илмий тадқиқотнинг методологик тамойиллари, илмий лойиҳаларни тузиш, илмий изланишларнинг йўналишларини аниқлай олишни билиши ва улардан фойдалана олиши;(кўникма)
тадқиқот объекти, предмети ва услубларини танлаш, тадқиқот жараёнини тасвирлашнинг асосий процедуралари, илмий тадқиқот олиб бориш жараёнида далилларни йиғиш, ўрганиш ва тизимлаштириш, мантиқан текис илмий қонуниятни яратиш, илмий тадқиқот ишини тайёрлашда муаммони тўғри қўйиш ва унинг ечимини топиш кўникмаларига эга бўлиши керак.(малака)
Do'stlaringiz bilan baham: |