Кураш чоралари. Кўкқурт тунламининг олдини олишга қаратилган агротехника тадбирларидан далаларни ва улар атрофидаги участкаларни бегона ўтлардан тозалаш, уватларни тугатиш зараркунанданинг экинзорга ўтиш имкониятини кескин камайтиради; ерни кузда шудгорлаш, экин қатор ораларини ишлаш, яхоб суви бериш қурт ва ғумбакларни нобуд қилади; экинлар ўз вақтида ўғитланганида ва суғорилганида ўсимликлар эрта ва тез ривожланиб, кўкқурт тунлами зарарлай олмайдиган даражага етиб олади.
Кўкқурт тунлами тушган далаларга чигит экиш олдидан СУЗ маркали ўғитлагич билан органиқ-минерал ўғит солишда ҳар гектарга 40 кг дан 25 % ли гексахлоран қўшиб солинади. Гексахлоранни ерга сочиб, кейин плуг билан ҳайдаш ярамайди. Чигит гексахлораннинг 12 фоизли дусти билан дорилаб экилади; бунинг учун 1 тонна чигитга 40 кг гексахлоран сарфланади. Бунда намланган чигит 15 см дан ошиқ бўлмаган қалинликда ёйилиб, сўнгра унга бир текисда гексахлоран сепилади ва курак билан яхшилаб аралаштирилади. Гексахлоран кукунини юқорида кўрсатилган миқдордан ошиқ сепиш ярамайди. чунки бу ҳолда чигитнинг унувчанлиги пасайиши ва майсаларнинг кўкариши кечикиб қолиши мумкин. Кейинги вақтларда чигитни экишдан олдин алдрин билан дорилаш янада яхши натижа бериши аниқланди (Флягина ва бошқалар). Бунда 1 ц чигитни дорилаш учун 3 кг алдрин ёки 2 кг диэлдрин сарфланади.
Экинларга кўкқурт тушганлиги аниқланганида, зарарланган участкаларнинг ҳар гектарига 40 кг дан 25 % ли ёки 80 кг дан 12 % ли гексахлоран дусти солинади. Бунда СУЗ найини шундай ўрнатиш керакки, дори қатор ораси ўртасига эмас, балки эгат ёнига—ўсимликка яқин жойга тушсин. Баъзи ҳолларда 5—6 кундан кейин бу тадбирни такрорлашга тўғри келади. 12 % гексахлоранни чанглагичлар билан ерга сепиб кейин культивация қилиш унчалик дуруст бўлмайди.
Кўкқурт тунламига қарши курашда ҳам заҳарли ем (гарчи таъсири бирмунча кам бўлса ҳам) ишлатилади. Бу ем карадринага қарши кураш учун белгиланган нормаларда кунжара унига заҳарли дорилар қўшиш йўли билан тайёрланади; бунда натрий ёки кальций арсенит ўрнига париж кўкидан фойдаланса ҳам бўлади. Париж кўки билан заҳарланган ем бошқа заҳарлардан тайёрланган емларга нисбатан яхшироқ натижа беради (Степанцев). Заҳарли емни ҳўллаш учун 10 кг кунжара унига 3—4 л сув қўшилади. Заҳарли ем даланинг зарарланган жойларидаги экин қаторларига, одатда, кечқурунлари, ўсимликлардан 5 см нарига 1 м2 оралатиб 1 чой қошиқдан солинади ёки қатор ораларига бир меъёрда сепиб чиқилади. Ҳар гектарга 60—80 кг заҳарли ем сарфланади.
Кунжара ем ўрнига баъзан янги ўриб ёки юлиб олинган кенг баргли сершира бегона ўтлардан, лавлаги барги ёки кўк бедадан тайёрланган кўкат емлар ишлатилади. Бундай ўтлар дастлаб майдалангандан кейин сувда эритилган заҳар билан ҳўлланади. Бу емни тайёрлашда 10 кг ўтга 1,5 л сув ва 75 г натрий арсенит, ёки 150 г натрий фторид, ёки натрий кремнефторид, ёки 60 г париж кўки сарфланади. Агар заҳарли суюқликка 100 г ун ёки 200 г қиём қўшилса, кўкат емнинг таъсири янада ошади. Кўкат ем зарарланган участканинг ҳар гектарига 80—100 кг дан ташлаб чиқилади.
Заҳарли ем ташлангандан ёки дори чангланганидан сўнг 4—5 кун ўтгач, ҳатто битта-яримта тирик қурт қолганлиги аниқланса ҳам, дорилаш такрорланади.
Қанд заводларига яқин жойларда кўкқурт тунлами капалакларини тухум қўйишгача тутиб йўқотиш учун арзон баҳо хашаки қиём (қанд завод чиқити) дан фойдаланиш мумкин. Патка ўзидан 2—3 ҳисса кўп сувга аралаштирилиб, тунукадан 56x32х7 см катталикда ясалган тоғорачаларга солиб қўйилади. Қиёмдан капалакларни жалб қиладиган ҳид чиқиб туриши учун, унга озгина ачитқи қўшилади. Тоғорачалар 20—30 см оралатиб, ердан 90—100 см баландликда, дала четларига 2 қатор қилиб қўйилади. Тоғорачадаги қиём қуриган сари унга сув қўшиб турилади ва кундуз куни тоғорачаларнинг усти ёпиб қўйилади. Тоғорачалардаги қиём ёпишиб қолган кипалаклардан ва чўп-хаслардан вақт-вақтида тозалаб турилади. Бу усулнинг таъсирини кучайтириш учун 1 л қиёмга 3 г дан натрий фторид қўшилади. Баъзи маълумотларга кўра, бижғиб турган қиёмни ичган, лекин заҳарланмай учиб кетган капалаклар ҳам пуштини йўқотади.
Юқорида кўрсатилган чоралардан ташқари, ғўзани яганалаш ва чопиш вақтида қуртларни қўлда териб олиш ҳам тавсия қилинади. Кўкқурт тунлами тушган далаларга маккажўхори экиладиган бўлса, ҳар ц уруғликни 2 кг ҳисобидан 12 % ли гексахлоран билан дорилаш керак. Агар қурт маккажўхори майсаларида пайдо бўлса, экин ҳар гектарга 20—25 кг ҳисобидан 5,5 % ли ДДТ ёки 40 кг ҳисобидан 12 % ли гексахлоран билан чангланади, сўнгра экин культивация қилиниб, ерга тушган дори тупроқ орасига олинади. Бунда ҳам ғўзадаги сингари заҳарли емдан фойдаланиш мумкин. Қурт беда майсаларида пайдо бўлса, бедага гексахлоран чангланади ёки заҳарли ем ташланади. Заҳарли ем ғўзадаги карадрина, кўсак қурти кабиларга қарши ишлатилган нормаларда кунжара уни ва ДДТ дан тайёрланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |