Отбосар чигирткаси
Dociostaurus kraussi nigrogeniculatus Tarb
Зарари. Отбосар чигирткаси, одатда, унчалик хавфли зараркунанда бўлмаса ҳам, кўплаб урчиган йиллари ҳар хил дала экинларига анча зарар етказиши мумкин. Одатдаги йиллари Марказий Осиёда отбосар чигирткасига қарши кураш айрим баҳори экинларни ҳамда чўлларга чегарадош бошқа экинларни ундан ҳимоя қилишдан иборатдир.
Тарқалиши. Отбосар чигирткаси Марказий Осиё ҳамда Қозоғистон тоғ этаклари ва қуруқ чўлларида, Афғонистон ва Эроннинг шимолий минтақаларида учрайди. Одатда, бу чигиртка уялари, кўпинча марокаш чигирткасиники билан бир жойда бўлади.
Таърифи. Урғочисининг узунлиги 23 – 30 мм, эркагиники 16 – 20 мм келади; ранги қўнғир ёки тўқ кул ранг тусда, кўзга яққол кўринмайдиган қорамтир доғлар билан қопланган бўлади. Урғочисининг кейинги болдирлари қизил, эркагиники –сариқ, кейинги сонлари йўғон, усти қора доғлар билан қопланган.
Орқасининг олд қисмида худди марокаш чигирткасиники каби Х ҳарфига ўхшаш очиқ рангли нақши бор, бу нақшнинг кейинги чизиқлари одинги томонга қараб кенгайган ва орқа томонга қараб камбар учбурчак шаклда торайган бўлади. Танаси марокаш чигирткасиникига нисбатан йўғонроқ.
Эркагининг қанотлари қоринчасидан салгина узунроқ, урғочисиники калтароқ бўлади.
Кўзачаси цилиндр шаклда бўлиб, узунлиги 15 – 30 мм, баъзан салгина букилган, кўпинча эса тўғри бўлади; асосан олганда, отбосар чигирткасининг кўзачалари, марокаш чигирткасиникига ўхшайди. Кўзачанинг девори пишиқ бўлиб устки қисми зич тупроқ қопқоқча билан бекитилган бўлади. Кўзача ичида тухумлар билан қопқоқча ўртасида кўпиксимон модда бўлмайди, яъни тухумларнинг усти бўшлиқдан иборат. Кўзача деворчасининг ички томони жигар рангли пишиқ парда билан қопланган. Битта кўзачада 5 – 20 та тухум бўлади.
Тухуми салгина букилган чўзинчоқ шаклда, ранги оч сариқ, узунлиги 0,5 см гача бўлади. Тухумлари елимсимон модда билан бир – бирига ёпишиб турмайди. Уларни кўзачадан бемалол қоқиб тушириш мумкин.
Личинкалари ёшлигида оч жигар ранг ёки тўқ кулранг тусда бўлиб, ўсган сари оқара боради. Личинкаларнинг танасида, етук чигирткаларнинг танасидаги каби салгина кўзга ташланиб турадиган қорамтир ва оч рангли нуқталардан иборат нақш бор. Личинкалар икки ёшга кириши билан орқасининг олд қисмида Х ҳарфига ўхшаш нақш борлиги анча равшан кўриниб туради, бу нақшнинг кейинги ярмиси уч бурчакли доғлар билан қопланган бўлади; личинкалар 3–ёшга кирганда бу нақш кўзга яққол ташланиб туради. Отбосар чигирткасининг эркак личинкалари 4 ёшни, урғочилари эса, 5 ёшни кечиради. Ана шу сабабли вояга етган урғочи чигирткалар эркакларидан анча катта бўлади. Личинкаларнинг қанот бошланғичлари 2 – ёшда бўлиниб, 3 ёшда равшан кўриниб туради ва 4 ёшга кирганда юқорига қараб ўсади.
Ҳаёт кечириши. Отбосар чигирткаси тухумларини қўриқ ерли чўлларга, асосан тоғ этакларига баъзан ҳайдаладиган ерларга қўяди. Отбосар чигирткаси ҳар квадрат метрга кўпи билан 20 та, баъзи ерлардагина 100 тача кўзача қўяди. Отбосар чигирткаларининг личинкалари март ойининг охирида ёки апрелнинг биринчи декадаси, яъни марокаш чигирткасидан 1 – 2 ҳафта илгари тухумдан чиқади. Личинкаларининг тухумларидан зўр бериб чиқиши 5 – 10 кун давом етади.
Отбосар чигирткаси якка – якка яшайди, тўда ва галаларга тўпланмайди ҳамда узоқ жойларга учмайди. Ҳар қайси личинка бошқа – бошқа овқатланади. Личинкалар номуайян, қайси томон тўғри келса шу томонга ташлана беради. Марокаш чигирткаси отбосар чигирткаси билан бир жойда тухумдан чиқса, унинг личинкалари отбосар чигирткасининг тартибсиз ҳаракат қилувчи личинкалардан ажралиб, алоҳида тўдаларга тўпланади. Отбосар чигирткаси кўплаб урчиган йиллардагина личинкалари бир жойга тўпланади ва тўдалашиб ҳаракат қилади.
Эркак личинкаларнинг ривожланиш даври 20 – 25 кун урғочилариники 30 кунгача давом етади. Отбосар чигирткаси личинкалари апрелнинг иккинчи ярмида қанот чиқара бошлайди ва бу 10 – 15 кунга чўзилади, яъни марокаш чигирткалариникидан эртароқ қанотланади.
Чигиртка қанот чиқаргандан 1 ярим ҳафта кейин – майнинг биринчи ярмида тухум қўя бошлайди. Отбосар чигирткаси қанот чиқаргандан кейин унинг эгалайдиган майдони анча кенгаяди, шунинг учун унга қарши курашни личинкалар ривожланаётган даврда тугаллаш керак.
Марказий Осиёда отбосар чигирткасининг кўзачалардаги тухумларида Mulabris scabiosae Ol. номли малҳамчи ва Callistoma desertorum Iw. номли пашша паразитлик қилади.
Отбосар чигирткасини соччигирткалар ҳам кўплаб қиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |