Ramburiella turcomana F.W.
Зарари. Туркман чигирткаси экинларнинг доимий зараркунандаси ҳисобланмайди. Баъзи йиллардагина баҳори буғдой, арпа, кунжут ва кунгабоқар экинларига анча катта зарар етказади. Бу чигиртка ҳаммахўр бўлганидан, бошқа кўпгина экинларни ҳам зарарланиши мумкин.
Тарқалиш. Туркман чигирткаси Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон республикалари, Ўрта ва Қуйи Волга бўйида, Шарқий Кавказда, Кавказ ортида, Эрон, Туркия, Фаластин, Кичик Осиё ва Болқон ярим оролида борлиги аниқланган.
Таърифи. Эркакгини узунлиги 22 – 30 мм, урғочисиники 30 – 40 мм келади. Вояга етган чигирткаларнинг асосий ранги қўнғир-сарғиш тусда, қанотустликлари қорамтир доғлар билан қопланган, кейинги қанотлари ойнасимон тиниқ, учлари эса салгина қорамтир бўлади. Бошининг териси ва орқасининг олд қисми бўйлаб то қанотустликларигача оч қўнғир – сариқ йўл ўтади. Чигиртка ҳаракатланмай тинч турганида қанотустликларини қоринчаси бўйига йиғиштириб олади ва улар бутун тананинг устини қоплаб туради.
Вояга етган чигиртка орқасининг олд қисмида крестсимон жойлашган иккита оч рангли чизиқ бор, бу чизиқларни узала чизиқ кесиб ўтади; орқасининг олд қисмида крестсимон жойлашган иккита чизиқ билан уларни кесиб ўтган узала чизиқ Ж ҳарфига ўхшаб туради.
Кейинги оёқ сонларида учта қорамтир доғ бор. Эркагининг тиззалари қора, урғочисиники анча очроқ рангда. Кейинги болдирлари кўкиш сариқ тусда бўлиб, тубида қорамтир ҳалқаси бор.
Личинкалари вояга етган чигирткаларга қараганда қорамтирроқ. Энсасидан то қоринчасининг учигача равшан кўриниб турадиган оқ рангли чизиқ ўтади. Орқасининг олд қисмида ўрта қисмлари букилиб турган оч рангли чизиқлар бор; бу чизиқлар Ж ҳарфига ўхшаш нақш ҳосил қилади. Личинкаларнинг биринчи ёшида мўйловчалари 12 – 15 бўғимли, танасининг узунлиги 6 – 8 мм; иккинчи ёшда 16 – 17 бўғимли, танасининг узунлиги 9 – 12 мм; учинчи ёшида 18 – 20 бўғимли, танасининг узунлиги 11 – 15,5 мм бўлади. Тўртинчи ёшга кирган личинкаларнинг мўйловлари 21 – 22 бўғимли бўлиб, эркакларининг узунлиги 14 – 17,5 мм га ва урғочилариники 16 – 20 мм га етади, бешинчи ёшдаги личинкаларнинг мўйловлари 24 бўғимли, эркакларининг узунлиги 18 – 23 мм ва урғочилариники 21 – 27 мм бўлади.
Личинкаларнинг боши чўзиқ, конус шаклида.
Кўзачаларнинг бўйи 18 – 25 мм, эни 8 мм га яқин. Уларнинг деворчалари қалин, кўпинча илдизча ва майда тош аралашган бўлади. Кўзачалари бир хонали бўлиб, усти қопқоқча билан ёпилади. Кўзачага 16 – 25 та, кўпинча 22 – 24 та тухум жойланади, устки қисми (қопқоқчанинг таги) чигиртканинг қотиб қолган кўпиксимон чиқиндиси билан бекитилади. Кўзачага тухумлар тартибсиз жойланади, бир – бирларига ва кўзача деворига ёпишиб турмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |