Чўзиқ кана эркагининг узунлиги 0,28-0,35 мм, урғочисиники 0,32-0,42 мм. Кана танасининг туси сувга ўхшаш, ун канасиникига нисбатан чўзиқроқ, қорин учи юмалоқланган, эркагининг олдинги оёқлари йўғон тортган эмас; каналарнинг оёқлари деярли пигментсиз бўлиб, ун канасининг оёқларидан узунроқ: орқадаги оёқлари қорин учигача боради; оёқ панжаларининг учида учта кичкина тўғри тикан бор.
Чўзиқ кана личинкаси вояга етган канага ўхшайди, лекин ундан кичикроқ ва оёқлари фақат 3 жуфт бўлади; кўкрак таёқчаларининг узунлиги 13-14 микрон келади.
Турон канасининг узунлиги тахминан 0,5 мм бўлиб, ранги оқимтир; идиосоманинг орқа ва ён юзасида 15 жуфт қил бор; эркагининг қиллари урғочисиникидан бир мунча узунроқ. Эркагининг оёқлари урғочисининг оёқларига қараганда ингичкароқ ва узунроқ: оёқ панжаларининг учида 6 та тикани бор; 1-ва 3-жуфт оёқ панжаларининг учидаги ҳамма қиллар соч толасига ўхшайди, учи кенгаймаган. Эркагининг копулятив сўрғичлари ястиққа ўхшаш бўлиб, хитин рамкаси йўқ, танасининг учида яхши ривожланган уч жуфт қили бор. Урғочисининг анал тешиги жинсий тешикдан ва тананинг орқа чеккасидан тенг масофада жойлашган; тананинг орқа учида бир жуфт узун қил бор.
Личинкаси вояга етган канадан кичикроқ бўлиб, 3 жуфт оёғи бор, бошқа омбор каналари каби, қилларининг сони, узунлиги ва жойлашуви (хетотаксия) билан фарқ қилади.
Гипопусларнинг бир оз хитинланган овал идиосомаси бор; гипопуснинг устки томони текис қавариқ, орқа томонидаги қиллар бир мунча узун ва ингичка; сўрувчи диски (танасининг пастки томонида) пардали, юмшоқ, жуда ҳам чўзиқ; ундаги сўрғичлар сал-пал билинади; гипопус оёқлари анча кенг, узунлиги ўртача.
Родионов канаси бошқа омбор каналарига қараганда йирикроқ. Урғочисининг узунлиги 0,51-1,24 мм, эни 0,25-0,86 мм. Эркаклари диморф: бир формасининг узунлиги 0,58-1,00 мм, иккинчи формасиники 0,70-0,95 мм; танасининг туси сувга ўхшаш; териси силлиқ, идиосоманинг ён чеккалари орқага қараб, ўртага туртиб чиқиб турувчи елка дўмбоқларидан тортиб дастлаб қавариқ, сўнгра текис торайган. Эркакларининг иккала формаси катталиги, оёқларининг узунлиги (узун оёқли формасида) ва уларнинг узун тиканлари борлиги билан фарқ қилади; узун оёқли кана идиосомасининг қиллари калта оёқли кана идиосомасининг қилларига қараганда йўғонроқ ва ўрта ҳисоб билан олганда узунроқ, асоси пиёзга ўхшаб йўғон тортган. Иккинчи (калта оёқли) формаси биринчи (узун оёқли) формасига қараганда кўпроқ учрайди. Эркагининг анал томонидаги копулятив ортиғи тухум шаклида, сал-пал хитинлашгандир.
Урғочисининг оёқлари эркагиникига қараганда калтароқ ва йўғонроқ бўлиб, калтароқ ва сербар тиканлари бор; урғочи танасининг орқа учи эркагиникига қараганда кенгроқ; урғочисининг анал тешиги тананинг кетки учидан анчагина узоқда.
Тухуми овал шаклда, туси сувдай оқимтир, узунлиги 0,11-0,21 мм ва эни 0,08-0,13 мм.
Личинкасининг уч жуфт оёғи бор; кўкрак таёқчалари 0,02 мм, булавкасимон, учида ярим шарга ўхшаш гумбази бор. Танасининг айниқса олдинги қисмида хетоткасия редукцияланган.
Гипопуснинг узунлиги 0,25-0,34 мм ва эни 0,17-0,22 мм, ранги сарғиш-пушти, оёқлари қорамтир; танаси анча хитинлашган; идиосомаси энига қараганда бир ярим баравар узунроқ, овал шаклда; гнатосомаси камбар ва узун. Гипопуснинг оёқлари узун; 3-жуфт оёқ панжаларида тўрттадан, 4-жуфт оёқ панжаларида эса учтадан ништарсимон қиллари бор.
Қорамтир кана эркагининг узунлиги 0,30-0,32 мм, эни 0,18-0,20 мм, урғочисиники 0,38-0,41 мм, эни 0,24-0,26 мм. Кана оч пушти-қўнғир тусли; идиосомаси овал шаклда (эркагининг идиосомаси урғочисиникига қараганда камбарроқ); танасининг орқа учи кенг юмалоқланган. Териси пишиқ, силлиқ. Оёқлари узун бўлиб, идиосома узунлигининг 50 % игача боради; урғочиларининг оёқлари эркагиникига қараганда калтароқ, олдинги оёқлари йўғонроқ, оёқ юзаси узунасига қиррали, оёқ четлари зирҳли, шу билан бирга урғочисининг оёқ скульптураси эркагиникига қараганда яхшироқ билинади. 2-ва 4-жуфт оёқ болдирларининг пастки томонидаги қиллар ингичка патга ўхшайди. Эркагининг жинсий тешиги 4-жуфт оёғининг асосидадир. Эркаги ва урғочисининг анал тешиги узун бўлиб, клапанлари тананинг орқа чеккасидан туртиб чиқиб туради; урғочисининг жинсий системаси соҳасида ривожланган трахеялари бор. Личинкаси уч оёқли, териси майда бурмали; идиосома қиллари патсимон; тана териси пигментланган эмас, кўкрак таёқчалари жуда майда.
Нимфалари 4 оёқли, пигментланмаган, кўриниши вояга етган каналарга ўхшайди; териси ғадир-будир; тананинг устидаги қиллари силлиқ, бир оз яссиланган, тана охиридаги қиллар эса рўй-рост бўлакларга бўлинган.
Do'stlaringiz bilan baham: |