САККИЗИНЧИ АСОС.
Бошланган иш охиригача етказилиши лозим. 51. Табиат бирор ишни бошласа, уни охирига етказмай қўймайди. Масалан, қуш тухум босса, табиий инстинтга биноан бола очиб чиқмагунча, ўрнидан жилмайди. Агар она қуш тухумни бир неча соат босмай ташлаб кетса, тухум ичидаги эмбрион совуқдан нобуд бўлади. Ҳатто қуш бола очгандан кейин ҳам болалари куч олиб, патлари чиқиб иссиқ-совукда чидай оладиган бўлгунча, уларни бағрига босиб иситади.
Тақлид қилиш. 52. Шунингдек рассом ҳам сурат чиза бошлагач, яхшиси бу ишни охиригача етказгани маъқул. Чунки бундай қилинса бўёқлар ҳам бир-бирига яхши ёпишади, ҳам суратнинг ранги ўчмайди.
53. Шу сабабли қурилишни бошлагач, яхшиси ишни бино қурилиб битгунча тўхтатмаслик керак. Акс холда қуёш, ёғингарчилик шамол таъсирида деворлар емирилади, кейин қилинган девор ёки шувоқ унча маҳкам ёпишмайди, қисқаси бино зарарланади, ёрилиб кетади ва унча мустаҳкам бўлмайди.
54. Боғбон бошлаган ишини кўчат экилиб бўлгунча давом эттиргани яхши, акс холда вақт ўтиши билан ниҳолнинг илдизи ёки қаламча қуриб қолади ва натижада дарахт ҳам қурийди.
Қоидани бўзиш. 55. Бундан кўриниб турибди, ойлаб ва йиллаб мактабда ўқиши керак бўлган болалар бошқа ишларга жалб қилинса, ўқув ишига зарар етади. Худди шунингдек муаллимнинг ўқувчилар билан бирликда бирор ишни охиригача етказмай унга, гоҳ бунга уринавериши ҳам зарарлидир. Ниҳоят муаллим ҳар бир соат учун маълум вазифа белгилаб, уни ўша вақтнинг ўзида кўнгилдагидек бажармаса, умуман болалар ҳар бир соатда бирор нарсани ўргана бормаса, бу ҳам ёмон қаерда ҳаёт жўшқин бўлмаса, у ерда турғунлик бошланади. Темирни қизиғида бос, деб бекорга айтмаганлар, чунки совигач, темирни болға билан ҳар қанча урсангиз ҳам чўзилмайди; бунинг учун темирни яна қизитишга тўғри келар эди, бунга ошиқча вақт кетади, темирнинг ўзи ҳам чидамсизланади, чунки хар сафар ўтга қўйиб қиздирганда темирнинг таркибидаги моддаларнинг бир қисми йўқолади.
Тузатиш. 56- Демак:
I. Мактабга берилган бола билимли, ақлоқли, тақводор булгунча ўқишни давом эттириши керак.
II. Мактаб шовқин-суронли ва диққатни чалғитадиган нарсалардан ўзоқда, тинч жойда бўлиши лозим.
III. Планда белгиланган нарсаларнинг ҳаммаси, асло кечиктирмай бажарилмоғи зарур.
IV. Бирорта ўқувчи ҳам бирор баҳона билан Дарс қолдирмаслиги ва ўқишдан бўйин товламаслиги керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |