Назорат саволлари:
1. Темперамент ҳақида тушунча. Олий нерв фаолияти типи ва темперамент.
2. Темперамент типларини санаб беринг.
3. Фаолиятнинг индивидуал услуби ва темперамент.
XXIX-БОБ ХАРАКТЕР
Таянч тушунчалар: характер, характер хусусиятлари, характер ва темперамент, характернинг шаклланиши, характернинг намоён бўлиши, характернинг намоён бўлиши ва шаклланиши.
29.1. Характер ҳақида тушунча
Грекчадан таржима қилганда “характер” – бу “зарб қилиш”, “белги” демакдир. Ҳақиқатан ҳам характер – кишининг жамиятда яшаб эгаллайдиган алоҳида белгиларидир. Шахснинг индивидуаллиги психик жараёнларнинг ўтиш хусусиятларида (яхши хотира, хаёл, зеҳни ўткирлик ва бошқалар) ва темперамент хусусиятларида намоён бўлишига ўхшаб, характернинг ҳислатларида ҳам кўринади.
Характер – шакснинг фаолият ва муомала жараёнида таркиб топадиган ва намоён бўладиган, барқарор индивадуал хусусиятлари бўлиб, индивид учун типик хулқ-атвор усулларини юзага келтиради.
Характер − бу мазкур шахс учун типик ҳисобланган, фаолият усулларида намоён бўладиган, шахснинг турли шароитларга муносабати билан белгиланадиган индивидуал психологик хусусиятлари йиғиндиси тушунилади. Характер хусусиятларининг намоён бўлиши ҳар бир типик вазият, ҳиссий кечинмаларнинг индивидуал ўзига хос хусусияти шахс муносабатларига боғлиқ. Характернинг интеллектуал, ҳиссий ва иродавий хислатларини ажратиш мумкин. Характер деганда шахсда муҳит ва тарбия таъсирида таркиб топган ва унинг иродавий фаолиятида, атрофдаги оламга ўз-ўзига бўлган муносабатларида намоён бўладиган индивидуал хусусиятларни тушунамиз. Характернинг жуда кўп хусусиятлари одамнинг иш ҳаракатларини белгиловчи чуқур ва фаол мойиллик ҳисобланади. Мана шу мойилликларда характер хислатларининг ундовчилик кучи намоён бўлади. Одам характер хислатларининг ана шундай ундовчилик кучи туфайли кўпинча объектив шароитларга зид иш қилади ва мутлақо мақсадга номувофиқ ҳаракат усулларини қўллайди. Характер хислатлари маълум тарзда ҳаракат қисмларига, баъзан эса шароитга қарама-қарши ҳаракат қилишга ундар экан, улар ҳаётий қийин дақиқаларда яхшироқ намоён бўладилар ва бу характерни, шунингдек баркамол авлодни тарбиялашнинг муҳим вазифасидир. Шахснинг қаътиятлилик, танқидийлик, фаҳм-фаросат, кузатувчанлик каби хислатлари интеллектуал, қувноқлик, меҳрибонлик ҳиссий-иродавий сифатларга киради. Одатда шахснинг муносабатлари характер хислатларининг индивидуал хусусиятларини икки хилини аниқлаш имкониятига эга:
Шахс характерининг хусусияти рўёбга чиқадиган ҳар қандай вазият ҳиссий кечинмаларнинг ўзига хос хислати унинг муносабатларига боғлиқ.
Ҳар қандай фавқулоддаги типик (муҳитдаги) характернинг сифатлари ҳамда индивидуал усуллари шахснинг муносабатларига тааллуқлидир.
Шахс ҳаракатларининг сифати ва уларнинг оқилона усуллари инсоннинг иродаси, ҳиссиёти, диққати, ақлий сифатларига ёки психик жараёнларнинг индивидуал хусусиятларига боғлиқдир. Чунончи, меҳнатда кўзга ташланадиган тиришқоқлик, пухталик меҳнатга нисбатан ижобий муносабатни акс эттиришга эмас, балки бошқа омилларга:
диққатнинг тўпланишига;
ҳаракатларнинг мақсадга йўналганлигига;
иродавий зўр беришга;
усуллар маҳсулдорлигига;
ақлнинг иштирокига боғлиқ.
Кишининг шахси у нима қилаётгани билан эмас, балки уни қандай бажараётгани билан характерланади. Умумий манфаатлар ва эътиқодлар асосида ҳаракат қила бориб, ҳаётда умумий мақсадларга интила бориб, одамлар ўз ижтимоий хулқ-атворида, ўз ҳатти-ҳаракатларида ва ишларида ҳар хил, баъзан эса қарама-қарши индивидуал хусусиятларни намоён қилишлари мумкин. Бошқа одамлар билан биргаликда ўшандай қийинчиликларни бошдан кечириш, ўз мажбуриятларини муваффақият билан башқариш, бир нарсани севиш ёки севмаслик, лекин айни пайтда юмшоқ, гапга кўнадиган ёки шафқатсиз, муросасиз, қувноқ ёки ғамгин, қатъий ёки журъатсиз, киришимли ёки чиқиша олмайдиган бўлиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |