Олий нерв фаолиятининг типлари. Олий нерв фаолиятининг индивидуал хусусиятлари тадқиқотлар кўрсатганидек, қараб чиқилган бирон-бир хусусияти билан эмас, балки, доимо уларнинг мажмуи билан белгиланади. Нерв фаолиятининг типини ташкил этувчи учта хоссаси улардан ҳар бирининг у ёки бу даражада ифодаланганлиги турли бирикмаларни ҳосил қилиши мумкин. Кўп сонли лаборатория тажрибалари кўрсатадики, шундай бирикмалар орасида айримлари бошқаларига қараганда кўпроқ учрайди ёки бўлмаса анча аниқ-равшан, яққол кўринади. Натижада И.П.Павлов олий нерв фаолиятининг асосий турлари таснифини яратди.
Нерв жараёнларининг кучига боғлиқ ҳолда итлар кучли ва кучсизларга бўлинди.
Кучсиз жониворлар бир хил типни ташкил этади. Бу типнинг вакилларида иккала нерв жараёни (айниқса тормозланиш жараёни кўпинча ожиз бўлиб чиқади) ожиз ҳисобланади. Бундай итлар бесаранжом бўлишади, тўхтовсиз аланглайверади ёки, аксинча, доимо тўхтайверади, бамисоли қандайдир бир хил ҳолатда тураверади. Бу шу нарса билан изоҳланадики, ташки таъсирлар, ҳатто баъзан жуда арзимаган таъсирлар ҳам, уларга ортиқча таъсир кўрсатади. Узоқ давом этган ёки кучли қўзғатувчилар уларда нерв тизимининг тез ишдан чиқишини келтириб чиқаради. Кучсиз турдаги ҳайвонлар бир-бирларидан бошқа хусусиятлари бўйича (нерв жараёнлари кучидан ташқари) ҳам фарқ қиладилар, аммо нерв тизимининг умумий ожизлигида бу фарқлар жиддий аҳамиятга эга эмас. Унинг учун нерв тизими ожиз бўлган барча ҳайвонлар И.П.Павлов томонидаи бир хил типга киритилган.
Кучли мувозанатлилар, ўз навбатида, нерв жараёнларининг алмашинувига қараб, ҳаракатчанлигига кўра жонли ва босиқ типларга бўлинади. Ҳатти-ҳаракатининг ташқи хусусиятларига қарабоқ бу типларнинг вакиллари бир-биридан кескин фарқ қилади. Бир хиллари тез кўзғалувчан ва ҳаракатчан, бошқалари, аксинча, қийинчилик билан қўзғалади, суст бўлади.
Шундай қилиб, олий нерв фаолиятининг тўрт асосий типи ажратилгандир;
1) кучли мувозанатли ва тез (жонли);
2) кучли мувозанатли ва секин (осойишта);
3) кучли мувозанатсиз (беҳаловат);
4) кучсиз тип.
Нерв фаолиятининг типи − организмнинг табиий хусусиятидир. У наслий жиҳатдан боғлиқдир, лекин бирон-бир даражада ўзгармас ҳисобланмайди, у ривожланади ва маълум даражада атрофдаги шароитлар таъсири остида ўзгаради. Масалан, экспериментларда аниқландики, қўзғалиш устун турган кучли типда машқ қилиш йўли билан қолоқ тормозланиш жараёнини мустаҳкамлаш мумкин. Яна шу нарса маълумки, нерв жараёнлари хусусиятларининг ёшга қараб ўзгариши ҳам мавжуддир.
Темпераментнинг хусусияти, яъни психиканинг динамик томони хусусиятлари киши характерини ташкил этадиган психиканинг муҳим хусусиятларини ривожлантириш шартларидан биридир, холос.
Do'stlaringiz bilan baham: |