Назорат саволлари:
1. Психологияда этник муаммоларнинг қайта кўриб чиқилиши.
2.Психологияда илмий-тадқиқотлар олиб боришдаги этнопсихологик имкониятлар.
3.Психолог фаолиятининг муҳим этник тамойиллари
4.Психолог фаолиятида умуминсоний қадриятлар муаммоси.
II БЎЛИМ (МОДУЛ). ПСИХОЛОГИЯ ТАРИХИ
VI-БОБ. ПСИХОЛОГИЯ ТАРИХИ ФАНИГА КИРИШ
Таянч тушунчалар: материализм, антикваризм, презентизм, детерминизм, идеализм, тенденция, бихевиоризм, интерналистик, экстерналистик ижтимоий омиллар, категориал ёндашиш.
6.1. Психология тарихи фанининг предмети ва методлари
Психология тарихи бошқа фанлар сингари қизиқарли ва мазмундор билимлар соҳасидан иборат. Психология тарихи инсоният томонидан ҳайвонларга ва инсонларга хос бўлган психик ҳаёт ҳодисалари тўғрисидаги билимларнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши тарихидир.
Психология тарихи тарихий ҳаётнинг босқичларида, фан ва маданиятнинг умумий тараққиёти муносабати билан психологик билимлар соҳаси қандай кенгайиб борганлиги ҳамда дастлабки психологик билимлар қай тарзда тараққий этиб, бутун бир психология фанлар тизими даражасига кўтарилганлиги ҳақида ҳам маълумот берилади. Психология тарихи психиканинг янада чуқур ва аниқ билиш имкониятини беради. Бугунги кунда психология тарихи фанининг ўзига методологик илдизлари ҳақида муайян билимларга эга бўлиши муҳим аҳамият касб этади.
Психологиянинг бутун тарихи давомида идеализм ва материализм ўртасида кураш кечган. Бу кураш психология фани моҳиятини турлича талқин қилишда инсондаги психик ва физиологик ҳодисалар ўртасидаги муносабатларини тушунишда ҳамда психология фани предмети ҳақидаги тасаввурларни шакллантирида муҳим ўрин тутади. Албатта психология тарихида турлича қарашлар ва йўналишлар бўлишига қарамасдан бу фаннинг предмети, яъни инсон ва ҳайвонга хос бўлган психика, психик ҳаёт бир хиллигича қолаверади.
Психологик билимлар тараққиётининг бутун тарихида психология фани предметига руҳ (жон) ҳақидаги фан, онг ҳақидаги фан ва хулқ-атвор ҳақидаги фан сифатида муайян мушоҳадалар олиб борилган. Психологияни руҳ ҳақидаги фан сифатида талқин қилиш, руҳни изоҳий тамойил, деб унинг фаолият доирасини ниҳоятда чеклаб қўйиши мумкин. Онгни психологиянинг предмети сифатида талқин қилиш ва психиканинг онгли қисмини тадқиқот объектига айлантириб, бир вақтнинг ўзида онг ҳам предмет, ҳам изоҳий тамойил бўлиб хизмат қилган. Психология фанининг предмети сифатида хулқ-атворнинг танланиши онг психологияси субъект тизимини енгиб, психологияни объектив тадқиқот йўлига олиб чиқди. Лекин айни пайтда психология психика ва онгни ўз тадқиқот предмети сифатида йўқотди. Кейинги тараққиёт онг ва хулқ (фаолият) бирлиги тамойили асосида онг ва фаолиятнинг тарихий бузилган алоқаси тикланмоқда. Ҳар қандай бошқа фанда бўлганидек, психология ҳам мураккаб, қарама-қаршиликларга тўла, баъзан турғунлик, баъзан воз кечилган фикрларга қайтиш каби босқичларни босиб ўтган.
Бошқа фанларда ҳам бўлганидек, психология тарихи фанлари ҳам шартли бўлиб, у баъзан ўрганилаётган муаммога, тадқиқотчининг шахсий ёндашишига ва бошқа сабабларга боғлиқ бўлиб келган.
Илмий психологик билимлар тарққиётининг умумий ва асосий қонунияти − бу ғоялар курашидир. Бу кураш узоқ вақт материализм ва идеализм ўртасидаги кураш кўринишида талқин қилиниб келинди.
Психология фани тараққиётнинг муҳим қонунияти унинг ягона назарияни ишлаб чиқишига йўналганлигидир. Бу тенденция психологиядаги очиқ кризис даврида янада яққол кўзга ташланди. Чунки бу даврда психология учун ягона изоҳий тамойилнинг топилиши унинг фан сифатида сақланиб қолишини таъминлар эди. Шу даврда пайдо бўлган барча мактаблар: психоанализ, гештальтпсихология, бихевиоризм ва бошқалар ҳаммаси ана шу ягона назария ўрнига даъвогарлик қилдилар. Л.С.Выготский бу ҳолатни шундай таърифлайди: «Аниқ соҳалардаги хусусий кашфиётлардан умумий тамойилларнинг пайдо бўлишига ва уларнинг бутун психологияга ёйилишига ва ниҳоят фалсафий тизимга, ҳатто дунёқарашга айланишига даъво қилинган бу ғоялар психологияда ягона назария мақомига унча мос келмайди. Психологик ғоялар тарихий тараққиётни ҳаракатга келтирувчи кучлари ва сабаблари ҳозирги пайтда илмий ғоялар у ёки бу фан тараққиётини белгиловчи омиллар, илмий билимлар детерминацияси ҳақида жуда кўп мунозаралар мавжуд”.
И.Лакотос фаннинг «ички» ва «ташқи» тарихи атамасини қўллашни таклиф қилган. Бунга кўра фан фақат ўзининг ички стандартлари, илмийлик мезонлари асосида ривожланиб боради. Бошқача айтганда, фаннинг ривожланишига фақат когнитив омилларгина таъсир кўрсата олади. Бундай интерналистик ёндашишга экстерналистик ёндашиш қарама-қарши қўйилиб, унга кўра фан тарихини ижтимоий омилларсиз ўрганиб бўлмайди, ижтимоий факторлардан фан тарихини назарий қайта тиклашда фойдаланилиши лозим. Бунга кўра психологик билимлар тараққиёти тарихини таҳлил қилиш биринчидан, тарихий фан ҳолатни яхши билишни, иккинчидан ўрганилаётган даврда фандаги алоҳида ҳолатни ҳисобга олишни талаб қилади. Бошқа фанлар, жумаладан математика, физика, астраномия, тилшунослик, физиология, биология, этнография, мантиқ кабилар эса психология фани тараққиётига таъсири турлича илмий тамойилларни олиб кирган. Бу эса биринчидан, шу фанлар доирасида психик ҳодисалар ҳақидаги билимларни тўплашга, иккинчидан, шу фанларнинг методларидан унумли фойдаланишга, учинчидан, умумий илмий методологик мушоҳадаларни шакллантиришга хизмат қилади.
Психологиянинг бошқа фанлар билан бундай алоқаси психология фанининг фақат бошқа фанлар билан ҳамкорликда ривож топишини кўрсатади.
Психология тарихининг методлари. Психология тарихидаги энг катта хавф бу тарихий материални тасвирлаш билан чекланадиган эмпиризмдир. Тарихдаги эмпиризм далилларга мурожаат қилинганлиги билан эмас, балки тарихий илмий ҳаракатлар олдида ожизлик қилиб, уларни тизимга сололмаганлиги, тушунтира олмаганлиги, текшира олмаганлиги туфайли уларнинг ўз сифати, илмий қийматини йўқотиб қўйиши билан хавфлидир. Тарихий тадқиқот метод ва методикаларининг асосий вазифаси манбаларни қидириб топиш, тадқиқот мазмунини белгилаш, далил, назария, қонун тушунчаларидан иборат ўрганилаётган материалларни тизимлаштиришдан иборатдир.
Психология тарихининг асосий методи ўтмиш илмий тизимларини тасвирлаш ва уларни қайта тиклаш методидир . Назарий қайта тиклаш муайян илмий концепциялар, муаммолар, тадқиқот методларини предмет мантиқига мос равишда тарихий кетма-кетликда репроспектив қайта тиклаш имконини беради. Тарихий тадқиқот йўналиши мавжуд илмий мактаблар ёрдамида шаклланади, унда асосан архив материалларини ўрганиш, изланиш, шарҳлаш, изоҳ бериш, йўналтириш каби илмий мезонларга амал қилиш муҳим аҳамият касб этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |