15.5. Ҳаракатни бошқариш ва назорат қилиш Саъй-ҳаракатларнинг бажарилиши узлуксиз равишда назорат қилиб ва унинг натижалари ҳаракатнинг пировард мақсади билан, таққосланган ҳолда тўғрилаб (корректировка қилиб) борилади.
Ана шундай назорат ва корректировка бузилган тақдирда беморлар ҳатто энг содда ҳаракатларни ҳам муваффақиятли бажара олмайдиган бўлиб қоладилар. Улар стол устидаги стаканни қўлига олишда ҳамиша адашиб, қўлни бошқа томонга чўзадилар, сув ичиш учун стаканни оғизларига тўғри олиб бора олмайдилар, уни кейин ўрнига қўя олмайдилар. Улар стулга тўғри ўтириша олмайди, нонни кесаман деб қўл бармоқларини кесиб юборишади, сатрларга риоя қилган ҳолда чизиқлар ўтказишга қодир эмаслар ва ҳоказо.
Ҳаракат қай йўсинда назорат қилиб борилади? Бу ўринда ҳали кўп нарса аниқланган эмас. Бу, шубҳасиз, сезги аъзолари (кўриш, эшитиш, мушаклар сезгиси) воситасидагина рўй бериши мумкин. Саъй-ҳаракатларни сенсор назорат қилиши (сезги аъзолари ёрдамида назорат қилиш) нинг роли синаб кўрилаётган киши геометрик шаклнинг, масалан, олти бурчакли юлдузнинг тасвирини унинг ойнадаги аксига қараб туриб чизиши лозим бўлган тажрибаларда дурустгина исбот этилади.
Одатда буни олдинига сира бехато бажариб бўлмайди, чунки киши ойнада қаламнинг одам қўли ҳаракат қилаётган томонга эмас, балки қарама-қарши томонга қараб юргизилаётганини кўради. Синалаётган киши фақат машқ қилиш туфайлигина кўриш натижасида олинган маълумотлардан фойдаланишни ва уларни қўлнинг ҳаракати билан тўғри мувофиқлаштиришини ўрганади.
Синаб кўрилаётган одамга тажриба жараёнида нарсаларнинг ва қўл ҳаракатларининг амалдаги ҳолатини жиддий равишда бузиб кўрсатадиган призмали кўзойнак тақилиб ўтказилган тажрибалар шу нуқтаи назардан олганда янада қизиқарлироқдир.
Бундай ҳолатда киши ўзининг саъй-ҳаракатларини тўғри бошқариш (нарсаларни ушлаш, уларга якинлашиш, белгиланган жойга қўйиш ва шу каби жараёнларни бажариш) қобилиятини мутлақо йўқотиб қўйиши маълум бўлди. Фақат узоқ вақт мобайнида машқ қилганидан кейингина у бундай бузилишларни тўғрилашга ўрганди. Агар кўриш сигналлари яна тахминан 0,27 сониясига кечика бошлаган бўлса, бузилишларга кўникишига ҳеч қанақа машқ билан эришиб бўлмасди. Ҳа, айтганча, фаол саъй-ҳаракат қилиш имкониятидан маҳрум бўлган ҳайвонлар ҳам агар олдинги оёқларининг ҳаракатларини кўриб турмасалар, уни бошқара олмайдилар.
Бундан маълумки, саъй-ҳаракатларни бошқариш тескари алоқа принципига биноан амалга оширилади. Сезги аъзолари ана шундай алоқа воситаси, нарсалар ва саъй-ҳаракатларнинг муайян идрок этиладиган ва ҳаракат мўлжаллари (ориентирлари) ролини ўйнайдиган белгилари ахборот манбаи бўлиб хизмат қилади. Тескари алоқанинг бундай шаклини П.К.Анохин тескари афферентация деб атади.
Шундай қилиб, ашёвий (ёки бошқа хилдаги ташқи) ҳаракатнинг бажарилиши маълум бир тизимга оид саъй-ҳаракатларни амалга ошириш билангина чекланмайди. У муқаррар равишда саъй-ҳаракатларнинг жорий натижалари ва ҳаракатлар объектининг хусусиятларига мувофиқ тарзда саъй-ҳаракатларни сенсор (ҳиссий) назорат ва корректировка қилишни ўз ичига олади. Мияга ташқи муҳитнинг ҳолати, унда саъй-ҳаракатлар қандай рўй бераётгани ва унинг натижалари ҳақидаги ахборотни етказиб турадиган ҳиссий ориентирларини ўзлаштириш ана шу жараённинг негизи ҳисобланади.
Чунончи, темирчи темирнинг қиздирилиши даражасини унинг рангига қараб чамалаб кўриб, болғани уриш кучини шунга мутаносиблаштиради. Дурадгор рандани босиш кучини ва саъй-ҳаракат тезлигини ёғочнинг қаршилигини ўзгарувчан мушаклар сезгиси орқали мослаштиради. Кранчи юкни қўл ва оёқларининг қатъий равишда бир-бирига мутаносиб ва узлуксиз саъй-ҳаракатлари билан траекториясини кўриш орқали назорат қилган ҳолда уйғунлаштириб, мураккаб ва энг қулай траектория бўйлаб ўтказади. Шофёр машинани тўхтатаркан, тормоз тепкисини босиш кучини машинанинг ҳаракати тезлиги, йўлнинг ҳолати, машинанинг вазни ва шу кабилар билан уйғунлаштиради.
Кўриб турганимиздек, ушбу барча мўлжаллар саъй-ҳаракатларни алоҳида ўзича эмас, балки ҳаракат мақсадига мувофиқ тарзда белгилайди. Масалан, доира чизиғи чизиш ва бўлак чизиқларни ўлчаш учун фойдаланиш уринишларнинг турли хил тизимини тақозо этади. Қалам билан «а» ҳарфини ёзишда «о» ҳарфини ёзиш чоғидагига қараганда бошқача уриниш бўлади. Кечикиб қолиб автобус орқасидан чопаётган йўловчининг саъй-ҳаракатлари тизими рекорд қўйишни ният қилган енгил атлетикачини сира ҳам қаноатлантирмайди.
Бундан кўриниб турибдики, ҳаракат таркибига кирувчи саъй-ҳаракатлар тизими пировард натижасида ушбу ҳаракатнинг мақсади билан бошқарилади ва йўналтирилади. Қилинаётган саъй-ҳаракатларнинг натижалари айнан шу мақсад нуқтаи назаридан баҳоланади ва тўғрилаб турилади. Айнан шу ҳаракатнинг мақсади уни бажаришда, назорат қилиш ва яхши изга солишда нарсаларнинг қайси бир хусусияти ва ҳолати мўлжал бўла олишини белгилаб беради.
Номларнинг ранг-баранглиги ушбу моделлар моҳияти нимадан иборатлиги, улар мияда қандай таркиб топиши ва амал қилиши ҳақида тавсия этилаётган гипотезаларнинг ранг-баранглигини акс эттиради. Буларнинг ҳаммасини ҳозирча биз аниқ билмаймиз. Лекин бўлғуси ҳаракатлар ва улардан кутилаётган натижа мияда олдиндан аллақандай тарзда тасаввур қилинишининг ўзи шак-шубҳасиздир. Акс ҳолда, юқорида кўриб ўтганимиздек, фаолиятнинг ўзи ҳам бўлиши мумкин эмас эди.