Аффектлар (ҳиссий портлашлар)
Кишини тез чулғаб оладиган ва шиддат билан ўтиб кетадиган жараёнлар аффектлар (ҳиссий портлашлар) деб аталади. Улар онгнинг анчагина даражада ўзгарганлиги, ҳатти-ҳаракатларни назорат қилишнинг бузилганлиги, одамнинг ўзини ўзи идрок қила олмаслиги, шунингдек унинг бутун ҳаёти ва фаолияти ўзгариб қолганлиги билан ажралиб туради. Аффектлар бирданига катта куч сарф қилинишига сабаб бўлгани учун ҳам қисқа муддатли бўлади: улар ҳис-туйғуларнинг бамисоли бирдан лов этиб ёниб кетишига, портлашига, бир зумда ҳамма ёқни тўс-тўполон қилган шамолга ўхшайди. Агар оддий ҳиссиёт фақат руҳий ҳаяжонланишини ифода этса, у ҳолда аффект бўрондир.
Аффектнинг ривожланиши бирин-кетин алмашиб турадиган турли босқичларга эгадир. Ҳаддан ташқари дарғазаб бўлган, ваҳима босган, ўзини йўқотиб қўйган, ғаройиб даражада завқ-шавққа тўлган, умидсизликка берилган киши ҳар хил пайтларда оламни ҳар хил акс эттиради, ўз кечинмаларни турлича ифодалайди, ўзини турлича идора қилади ва ўз ҳаракатларини турлича бошқаради.
Киши аффектив ҳолатининг бошланишида барча бегона, ҳатто амалий жиҳатдан муҳим нарсаларни истаса-истамаса ҳам бир четга суриб қўйган ҳолда ўз ҳис-туйғусига сабаб бўлган ва у билан боғлиқ нарсалар ҳақида ўйламаслиги мумкин эмас. Ифодали саъйи-ҳаракатлар тобора бемулоҳазали тус ола бошлайди. Кўз ёши тўкиш ва ўкириб йиғлаш, қаҳ-қаҳа отиб кулиш ва бақириб-чақириб гапириш, ажралиб турадиган турқу-таровот ва юздаги имо-ишора, тез-тез ёки қийналиб нафас олиш етилиб келаётган аффектнинг одатдаги манзарасини ҳосил қилади, Кучли зўриқиш натижасида майда саъи-ҳаракатлар барбод бўлади. Индуктив тормозланиш ярим шарлар қобиғини тобора кўпроқ даражада эгаллай бошлайди, бу тафаккурнинг издан чиқишига олиб келади; қобиқ ости йўлларида қўзғалиш кучая бошлайди. Киши кечирилаётган ҳис-туйғуларга ваҳимага, ғазабланишга, умидсизликка ва шу кабиларга берилишга кучли истак сеза бошлайди. Бундай босқичда ҳар қандай ақли расо киши ўзини тийиши, ўзини ўзи идора қила олиши мумкин. Бу ўринда аффектнинг хуружини орқага суриш, унинг авж олишига йўл қўймаслик муҳимдир. Бу ўринда агар ўзингни босиб қолай десанг, ўзингча ақалли ўнтагача санашга ҳаракат қилиб кўр, деган машҳур халқ ҳикмати ҳам бор.
Ҳиссий портлаш рўй берган тақдирда, унинг кейинги босқичларида киши ўзини тута олмасдан қолади, қилаётган ишининг оқибатини ўйламайди ва ақл-ҳушини йўқотиб қўяди, сўнгра бу ҳақда эсласа уялиб юрадиган бўлади ва нималар содир бўлганини баъзан худди тушида юз бергани каби эсга олади. Тормозланиш миянинг қобиғини эгаллаб олади ва кишининг тажрибаси, унинг маданий ва маънавий негизлари мустаҳкамланган муваққат боғланишларнинг таркиб топган тизимини ишлатмай қўяди. Аффектив портлашдан кейин ҳолдан тойиш, мажолсизлик, барча нарсаларга бефарқлик билан муносабатда бўлиш, ҳаракатсизлик, баъзан эса мудроқ босиш бошланади.
Кайфият
Кайфиятлар анча вақт давомида кишининг бутун ҳатти-ҳаракатига тус бериб турадиган умумий ҳиссий ҳолатини ифода этади. Кайфият шоду хуррамлик ёки қайғули, тетиклик ёки ланжлик, ҳаяжонли ёки маъюслик, жиддий ёки енгилтаклик, жиззакилик ёки мулойимлик ва ҳоказо тарзда бўлади. Кайфияти ёмон киши ўртоғининг ҳазилига ёки танбеҳига кайфияти чоғ вақтидагига қараганда тамомила бошқача муносабат билдиради.
Кайфиятлар одатда ўз-ўзига ҳисоб бермаслиги ва суст намоён бўлиши билан белгиланади. Киши ҳатто уларни пайқамайди ҳам. Лекин баъзан кайфият, масалан, кувноқлик ва тетиклик, ёхуд, аксинча, ғамгинлик кайфияти анча жадаллик касб этади. Бундай пайтда у кишининг ақлий фаолиятида ҳам (ўй-фикрларнинг кечишига, зеҳнининг ўткирлигига), саъй-ҳаракатлари ва ишларининг хусусиятларида ҳам ўз изини қолдиради, ҳатто бажарилаётган ишнинг унумдорлигига ҳам таъсир кўрсатади.
Кайфият жуда хилма-хил, яқин ва анча узоқ турувчи манбаларга эга бўлиши мумкин. Турмушнинг бутун боришидан, жумладан, ишда, оилада, мактабда муносабатларнинг қандай йўлга кўнилганлигидан, кишининг ҳаёт кечириш йўлида пайдо бўлаётган ҳар қанақа зиддиятлар қай тарзда бартараф этилишидан қаноат ҳосил қилиш ёки қаноатланмаслик кайфиятларнинг асосий манбалари ҳисобланади. Кишининг узоқ вақт ёмон ёки ланж кайфият билан юриши унинг ҳаётида бирон нарсанинг кўнгилдагидек эмаслигини кўрсатади.
Кайфиятлар кўпроқ киши саломатлигининг умумий ҳолатига, айниқса нерв тизими ва модда алмашинувини тўғрилаб турувчи ички секреция безларининг ҳолатига боғлиқдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |