Эсда сақлаш шартлари. Унутиш фақат вақтнинг функцияси эмас. Худди эсда олиб қолиш ва қайта эсга тушириш каби у ҳам танлаб унутиш характерига эгадир. Ўз мазмуни билан инсон эҳтиёжлари, инсоннинг чуқур қизиқишлари, инсон фаолиятининг мақсадлари билан боғлиқ бўлган барқарор аҳамиятли материал секинроқ унутилади. Одам учун айниқса катта ҳаётий аҳамиятга эга бўлган нарсаларнинг кўплари мутлақо эсдан чиқмайди. Материалнинг эсда сақланиши шахс фаолиятида унинг қатнашиш даражаси билан белгиланади.
Унутиш эсда олиб қолинадиган материалнинг ҳажмига боғлиқдир. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, миқдор ва сифат жиҳатдан бир хилда иш олиб борилган бўлса, ёд олинган материалнинг эсда сақланиш проценти маълум вақт оралиғидан сўнг шу материалнинг ҳажмига нисбатан тескари пропорционал муносабатда бўлади. Шу сабабли, ўқувчиларга эсда олиб қолиш учун бериладиган материални дозаларга бўлиб бериш жуда муҳимдир.
Бироқ унутиш илгари идрок қилинган материал ҳажмининг соф миқдорий камайишидангина иборат эмас. Эсда сақлаш ва қайта эсга тушириш жараёиида хотирада мустаҳкамланган материал маълум сифат ўзгаришларига учрайди. Шу муносабат билан материалнинг турли қисмлари бир хилда унутилмайди. Ўтказилган тадқиқот натижаларининг кўрсатишича, материалнинг асосий қоидалари эсда яхшироқ сақланиб қолади. Айрим маъно бирликлари чалароқ эсланиб қолади, материалнинг текстуал мазмуни эсда жуда кам сақланади. Шу сабабдан хотирада сақланиб қоладиган материал тобора умумлашган характерга эга бўла боради.
Шундай қилиб билимларни унутишга қарши курашишнинг асосий воситаси бундан кейинги фаолиятларда билимлардан фойдаланиш, уларни амалда қўлланишдан иборатдир. Бу эса ўтмишдаги билимларни фақат эсда сақлашга эмас, балки чуқурроқ ўзлаштиришга олиб келади.
20.7. Хотирадаги индивидуал фарқлар ва хотиранинг ривожланиши Хотира жараёнларидаги индивидуал фарқлар. Одамлар хотирасидаги индивидуал фарқлар жараёнларининг хусусиятларида, яъни бошқача қилиб айтганда, ҳар турли одамларда эсда олиб қолиш ва қайта эсга тушириш қандай қилиб амалга оширилишида ва хотира мазмунининг хусусиятларида, яъни нималар эсда олиб қолинишида намоён бўлади. Бу иккиёқлама ўзгаришлар ҳар бир одам хотирасининг самарадорлигини турли томондан белгилайди.
Хотира жараёнларида индивидуал фарқлар эсда олиб қолишнинг тезлигида, аниқлигида, мустаҳкамлигида ва қайта эсга туширишга тайёрлигида ифодаланади. Эсда олиб қолиш тезлиги у ёки бу киши учун маълум ҳажмдаги материални эсда олиб қолишга талаб қилинадиган такрорлаш миқдори билан белгиланади. Эсда олиб қолишнинг мустаҳкамлиги ёд олинган материалнинг қанча вақт эсда сақланиши ва унутиш тезлиги даражаси билан ифодаланади. Ниҳоят, хотиранинг тайёрлиги одам ўзига зарур бўлган нарсаларни керак бўлган пайтда қанчалик осон ва тезлик билан эслай олишида ифодаланади. Бу фарқлар маълум даражада юксак нерв фаолияти типларининг хусусиятлари билан, қўзғатиш ва тормозланиш жараёнларининг кучли ҳамда ҳаракатчанлиги билан боғлиқдир. Олий нерв фаолиятининг хусусиятлари ва улар билан боғлиқ бўлган хотира жараёнларидаги индивидуал фарқлар ҳаёт ва тарбия шароитларининг таъсири билан ўзгаради. Унинг учун хотиранинг юқорида кўрсатилган хусусиятлари хотирани тарбиялаш шароитлари билан белгиланади ва биринчи навбатда ҳар бир кишида эсда олиб қолишнинг радионал усуллари қанчалик таркиб топганлигига боғлиқдир. Улар ишда аниқлик ва батартиблик бўлиши билан, ўз вазифаларига жавобгарлик сезиши билан, уларни бажаришда жонбозлик кўрсатиши ва бошқа шу кабиларга одатланиши билан боғлиқдир. Хотиранинг тайёрлиги, бундан ташқари, билим олиш ва уларни мустаҳкамлашнинг мунтазамлиги билан боғлиқдир.