20.5. Қайта эсга тушириш Қайта эсга туширишни психиканинг илгари мустаҳкамланган мазмунини узоқ муддатли хотирадан чиқариб олиш ва уни амалий хотирага ўтказиш йўли билан актуаллаштирилиши содир бўладиган хотирлаш жараёни сифатида таърифлаш мумкин.
Актуаллаштириш жараёни (илгари ўзлаштирилган материални қайта тиклаш) содир бўлишининг турлича қийинлик ёки осонлик даражаси билан: бизни қуршаб турган нарсаларни «автоматик» равишда танишдан то эсдан чиқариб юборилгаи нарсаларни қаттиқ қийналиб эсга туширишга қадар даражаси билан таърифланиши мумкин. Шунга кўра қайта эсга тушириш жараёнининг ичида унинг ҳар хил турларини алоҳида ажратиб кўрсатган ҳолда уларни қуйидагича тартибда жойлаштириш мумкин: таниш, хусусан қайта эсга тушириш (у ихтиёрсиз ва ихтиёрий бўлиши мумкнн) ва эслаш. Бунда шахснинг тарихий хотираси бўлмиш хотирлаш алоҳида ўрин эгаллайди.
Таниш бирон, бир объектни такроран. идрок қилиш шароитида қайта эсга тушириш демакдир. Таниш катта ҳаётий аҳамиятга эга. Таниш бўлмаганда биз ҳар гал нарсаларни аввалдан таниш бўлган нарсалар деб эмас, балки янги нарсалар деб идрок қилган бўлур эдик. Таниш ҳамиша бизнинг тажрибамизни теварак-атрофимиздаги объектларни идрок қилишимиз билан боғлайди ва бу билан бизга атрофимиздаги воқеликда тўғри мўлжал олиш имконини беради.
Таниш ўзининг аниқлиги, яққоллиги ва тўлалигига кўра ҳар хил бўлади. У ихтиёрсиз ёки ихтиёрий жараён тарзида амалга оширилиши мумкин. Одатда таниш тўлақонли, яққол ва муайян тарзда юз берса, у бир лаҳзалик ихтиёрсиз ҳодиса тарикасида амалга оширилади. Идрок этиш жараёнида илгари биз идрок қилган нарсани ихтиёрсиз равишда, бирон бир куч-ғайрат ишлатмасдан, ўзимиз сезмаган ҳолда таниб оламиз. Ихтиёрсиз таниш кишининг ҳар кунги фаолияти билан қўшиб кетади. Бироқ таниш жуда ҳам чала-ярим ва шунинг учун ноаниқ бўлиши мумкин. Жумладан, бирон кишини кўрганимизда уни ўзимизга «танишдек ҳис қиламиз», лекин уни биз илгари билган кишига айнан ўхшатишга ожизлик қиламиз. Шундай ҳолатлар бўладики, биз кўриб турган кишимизни таниймиз, лекин илгари уни қандай шарт-шароитларда идрок этганимизни эслай олмаймиз. Ғоят чала-ярим ёки етарли даражада тўла бўлмаган таниш холларда бу жараён мураккаб ихтиёрий тус олиши мумкин. Объектни идрок қилишга таянган ҳолда уни билишимизни аниқлаб олиш мақсадида атайлаб турли хилдаги ҳолатларни эсга туширамиз. Бундай ҳолда билиш қайта эсга тушириш жараёнига айланиб қолади.