ФИДОИЙ МАЪНАВИЯТ ТАРҒИБОТЧИСИ
Қаҳрамон Турсунов,
Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги ўзини-ўзи бошқариш органлари ходимлари малакасини ошириш ўқув курслари директори, сиёсий фанлар номзоди, доцент
Вилоятимиз маънавият-маърифат тарғиботчилари учун Шариф Рамазонович Баротов жонкуяр устоз, фидоий мураббий, юксак маънавият соҳиби, кучли руҳшунос олим сифатида таниш сиймодир.
Шариф Рамазонович узоқ йиллардан бери Бухоро давлат университетида турли раҳбарлик лавозимларда фидокорона фаолият юритиб келмоқда. У ўзининг фаолияти давомида талаба-ёшларга ижтимоий фанлар, айниқса, инсон камолоти учун энг муҳим фанлардан ҳисобланган психология фанидан сабоқ бериб келмоқда.
Мен Шариф Баротовни нафақат олийгоҳдаги фаолиятини, қолаверса, вилоят ташкилоти раҳбари сифатида, аниқроғи Республика маънавият ва маърифат марказининг Бухоро вилоят бўлими раҳбари лавозимидаги фаолиятини ҳам яхши эслайман. Шариф Рамазонович Баротов ўзининг мазкур лавозимдаги фаолияти даврида вилоят корхона, ташкилот ва муассасаларида, шунингдек фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, хусусан ўзини–ўзи бошқариш органларида, аҳолининг турли қатламлари орасида кенг кўламли тарғибот ташвиқот ишларини амалга оширишда фидоий ташкилотчи раҳбар сифатида вилоят жамоатчилигига танилди. Вилоят ҳокимлиги томонидан бир неча бор мақтов ёрликлари билан тақдирланди.
Унинг бундай жонкуяр раҳбарлиги даврида вилоятда бир неча Республика миқёсидаги тадбирлар ташкил этилиб, натижаларга эришилди. Бу борада, айниқса, 2003 йилда вилоят ёзги анфитеатрида “Маънавият-қалб гавҳари” мавзусида ташкил этилган йирик маънавий тарғибот тадбирини эслаш жоиздир. Шариф Рамазонович Баротовнинг бу каби саъй ҳаракатлари натижасида бир неча касбдошларимиз Республика маънавият тарғибот маркази томонидан “Фидоий маънавият тарғиботчиси” гувоҳномалари соҳиби бўлдилар.
Шариф Рамазонович ўзининг раҳбарлик фаолияти давомида аҳолимизга миллий истиқлол ғояларини ва мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тарғиб этишда янгича услуб ва воситалардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратди ва бундай ёндошув ўзининг ижобий натижаларини берди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Шариф Баротовнинг ҳар бир саъй ҳаракатида илмий янгиликларни амалиётга татбиқ қилиш яққол намоён бўлади. Фикримнинг далили сифатида, Шариф Рамазонович томонидан вилоят ҳокимининг қарори билан ҳар ойнинг биринчи жума кунлари вилоятда ўтказиладиган “Маънавият ўқуви кунлари” тадбирларини ташкил этиш бўйича янгича ёндашувнинг таклиф этилиши натижасида вилоятда маънавият ўқуви куни самарадорлигини янада оширишга доир янги қарор қабул қилинишига эришилди ва ушбу қарор бугунги кунга қадар ўзининг ижобий самарасини бериб келмоқда.
Нафосатга ошуфта қалб соҳиби, олийжаноб инсон, фидоий ва жонкуяр раҳбар, Устоз ва мараббий, ибратли оила сардори, Республикамиз илмий жамоатчилигида танилган забардас олим Шариф Рамазонович Баротовни биз шогирдлар ҳамиша муносиб ардоқлаймиз. Устознинг келгусидаги илмий ижодий фаолиятларига улкан муваффақиятлар тилаймиз.
Доимо барчамизнинг бахтимизга соғ-омон бўлинг, устоз!
Do'stlaringiz bilan baham: |