ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
БУХОРО ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ
ИЛМ ВА ЭЗГУЛИК
Бухоро – 2016
Рисола Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги ва Бухоро давлат университетининг 85 йиллигига бағишланади.
Илм ва эзгулик// Бухоро давлат университети. –Бухоро. Бухоро нашриёти, 2016, -160 б.
Рисолада Бухоро давлат университетида психология фанининг ривожланиши йўлида эришилган ютуқлари ҳамда мазкур олийгоҳда 30 йилдан ортиқ вақт давомида самарали меҳнат қилиб келаётган педагогика факультети декани, психология фанлар доктори, профессор Шариф Баротовнинг ҳаёти, илмий ва педагогик фаолияти ёритилган.
Шунингдек, китоб саҳифаларида Шариф Баротовнинг психология фани ривожига қўшган муносиб хизматлари тўғрисида хорижлик ва юртимизнинг етакчи олимлари томонидан билдирилган эътирофлар ўрин олган.
Китоб кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.
Рисолани нашрга тайёрловчи масъул муҳаррир:
Х.Р.Тошов. География фанлари номзоди, доцент
Тўпловчилар:
Х.Р.Тошов. География фанлари номзоди, доцент
Д.Ш.Баратова. Психология фанлари номзоди, доцент
Тақризчилар:
Ш.А.Ҳайитов. Тарих фанлари доктори, профессор
Э.М.Мухторов. Психология фанлари номзоди, доцент
Рисола Бухоро давлат университети илмий кенгашининг 2016 йил 30 январдаги 4-сонли йиғилиши қарорига асосан нашрга тавсия қилинган.
Кириш
Бу ёруғ оламда ҳар бир одам ўзининг меҳрибон ота-онасига, устоз ва муаллимларга нисбатан ҳамиша миннатдорлик туйғуси билан яшайди. Инсон ўз умри давомида қандай ютуқ ва натижаларга эришмасин, қандай лавозимда ишламасин, мактабида олган таълим-тарбияси унинг етук шахс ва малакали мутахассис бўлиб шаклланишида улкан аҳамиятга эга экани шубҳасиз.
И.А. Каримов.
Бу дунёда жамики нарса ва ҳодисаларнинг ўз мазмуни, қиёси бор. Иймон, эътиқод, муҳаббат, меҳр, хотира, оқибат, бахт каби нарсаларга, туйғуларга интилиб яшаймиз. Оламдаги умримизни чинорга, меҳрни қуёшга ўхшатамиз. Бироқ юрт, Ватан туйғусинипг ҳеч бир қиёси йўк. Бу туйғу юракда туғилиб, юракда гуллайди ва кундан-кунга яшараверади, юрак эса шу туйғудан қувват олади. Ватан туйғуси юракнинг ўзи каби азалий ва абадийдир!
Хотира аждодларга юксак ҳурмат ва эҳтиром ифодаси. Тарих ва хотира бу иккала сўз инсоннинг баркамоллигини белгилайди. Коинотда Қуёш билан Ер қанчалик ўзаро боғлиқ бўлса, Комил инсон жисмида бу сўзлар ҳам шунчалик ҳамоҳангдир. Халқимиз буюк истиқлол туфайли ўзлигига қайтиб, ўз тарихига ҳақиқат кўзи билан қарайдиган бўлди. Меросимиз, қадриятларимиз, жаҳонни ўзига қаратган аждодларимиз номи юртимизда қайта жаранглади.
2016 йил Бухоро давлат университети жамоаси учун янада қутлуғ келди. Биринчидан, бу йил мамлакатимиз халқи қатори Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги кенг нишонланади. Иккинчидан, Бухоро давлат университетининг (собиқ Бухоро давлат педагогика институти) 85 йиллиги тантаналари бўлиб ўтади. Учинчидан, Бухоро давлат университети жамоаси ихтиёрига замонавий ўқув хоналари, ахборот ресурс маркази, спортзал ҳамда илмий лабораторияларга эга бўлган бино таъмирланиб ишга туширилди. Ушбу муборак кунларда мазкур саналарга бағишлаб, илм даргоҳининг, факультетларнинг тарихий китоблари тайёрланди. Бу хайрли ишларнинг давоми сифатида “Илм ва эзгулик” китоби ҳам нашрдан чиқарилди.
“Илм ва эзгулик” китобида университетнинг етук олимларидан бири, ташкилотчи раҳбар, эзгу ишлари билан эътибор қозонган Шариф Баротовнинг ҳаёти ва психология фанининг тараққиёти йўлида амалга оширган ишлари ёритилган. 1978 йилдан бери Шариф Баротовнинг илмий, педагогик ҳаёти университет жамоаси билан боғлиқ. У кўплаб устозлардан нафақат илм, балки ҳаёт сабоқларини олиб, олим ва инсон сифатида шаклланди. Илм ва эзгулик салтанати Бухоро давлат университети жамоаси тимсолида яна бир марта ўз жамолини кўрсатди.
Илм ва эзгулик рисоласида Шариф Баротовнинг оиласи, таълим олган мактаби, синфдош-дўстлари, ўзи улғайган қишлоғи, талабалик йиллари, Москва шаҳридаги илмий сафарларидан хотиралари, бугунги кунда Бухоро психология илмий мактабининг шаклланиши, тараққиёти, келажаги ҳақидаги мулоҳазалари, олимнинг яқин дўст-биродарлари, устозлари, ҳамкасбларининг Шариф Баротовнинг илм-фан соҳасида эришган ютуқлари, педагогик фаолияти, ташкилотчи-раҳбарлик ибрати ҳамда инсонийлик фазилатлари ҳақидаги дил сўзлари ўрин олган.
Шариф Баротов олим ва шоир. Рисоладаги олимнинг ижод намуналари ҳар бир шеър ихлосмандини ўйга толдириб, инсон умрининг бир лаҳзадек, елиб ўтиб кетиши ҳақида сарҳисоб қилишга ундайди. Рисола маълум даражада илмий ва маънавий-маърифий манба сифатида ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |