НОЁБ ТАФАККУР СОҲИБИ
Ширинбой Олимов,
БухМТИ профессори, педагогика фанлари доктори
Ўзбекистон Республикасида демократик ўзгаришларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамияти асосларини шакллантириш жараёни жадал суръатлар билан бораётган ҳозирги шароитда юксак маънавий-ахлоқий салоҳият, мукаммал билим, юқори малака талаб этилади. Чунки, инсоннинг ўзини ҳар томонлама такомиллаштирмай, яъни унинг ижобий фазилатларини шакллантирмай, унга фуқаролик жамияти учун зарур бўлган сифатларни таркиб топтирмай туриб, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамияти асосларини шакллантириш мушкулдир. Ҳар томонлама баркамолликнинг муҳим таркибий қисмларидан бири ўзида табиат, жамият, инсон, ижтимоий ҳаёт, меҳнат тўғрисидаги тўғри тасаввурларни акс эттирадиган, инсоннинг оламга, ишлаб чиқаришга, турмушга, фаолиятга муносабати, жамиятдаги ўрни, моҳияти, ижтимоий йўналишини, ўзлигини англашга даъват этувчи – дунёқарашдир. Олдимизда ушбу дунёқарашни шакллантириш ва ривожлантиришдек жуда муҳим вазифа туради. Ушбу улуғвор вазифани бажариш эса аввало, жамиятда устоз ва мураббийларга юклатилади. Чунки камолот тамал тошини қўювчи ҳам, чеккан заҳматлари эвазига ватан келажагини таъминлайдиган фидойи зотлар ҳам устоз ва мураббийлардир. Шунинг учун устоз ва мураббийларгина ёш авлодни тўғри йўлга бошлай олади, улар қалбида табиат ва жамият қонуниятларига нисбатан эзгулик уруғларини сочишга қодир.
Шундай устоз ва мураббийлардан бири – психология фанлари доктори, профессор, Халқаро Психология Фанлари Академиясининг ҳақиқий аъзоси (академиги) Шариф Рамазонович Баротовдир.
Ш.Р.Баротов – бугунги психология илмининг етук ва забардаст олимларидан бири. У жамиятнинг ривожланиши илм-фан ривожи билан узвий боғлиқ эканлигини чуқур ҳис этади ва бу йўлда тинимсиз изланади. Устоз психология фанининг ҳали ечимини топмаган муаммоларини ҳал қилишга интилади, ўз шогирдларини ҳам бу машаққатли йўлда тинимсиз изланишлар олиб боришга ундайди.
Ш.Р.Баротов ўз илмий изланишларида психология фанининг янги соҳаси ҳисобланган таълимда психологик хизмат йўналишида Ўзбекистон Республикасида кўзга кўринарли илмий-тадқиқот ишларини олиб борди. Республикада психологик хизматга оид олиб борилаётган назарий-илмий ва амалий-услубий тадқиқотлар кўлами Ш.Р.Баротов билан боғлиқ. Бу борада у жамиятга ўндан ортиқ шогирдлар етказиб берди. Бугун Ўзбекистон Республикасида етакчи психолог олим сифатида МДҲ ва халқаро психолог олимлар қаторида инсон психологиясини ўрганиш, таҳлил қилиш ва ривожлантириш масаласида илмий тадқиқот ишлари олиб бормоқда.
Ш.Р.Баротов бугунги кунда илмий фаолият билан чекланиб қолмасдан жамоат ишларида ҳам фаол иштирок қилиб келмоқда. Бухоро давлат университетида педагогика факультети декани, “Психология” кафедраси мудири, психология илмий журналининг бош муҳаррири вазифаларида самарали меҳнат қилиб келмоқда.
Таниқли олим Ш.Р.Баротовнинг ҳаёт йўли, илмий фаолияти ҳаммага ўрнак бўлишга арзигуликдир. Устозга мустаҳкам соғлиқ, илмий-ижодий ишларида улкан муваффақиятлар тилайман.
Do'stlaringiz bilan baham: |