САЛОҲИЯТЛИ ОЛИМ, ТАШКИЛОТЧИ МУРАББИЙ
Ҳикмат БОБОМИРЗАЕВ,
Навоий давлат педагогика институти доценти
Мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган ишлар асрларга татигулик воқеаларга бой бўлди дейиш мумкин. Ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий соҳалардаги ислоҳотлар бугун ўз самарасини бермоқда ва Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида энг барқарор ривожланиш йўлидан кетаётган давлатлар қаторидан жой олган. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, илм-фан соҳаси муҳтарам Президентимиз Ислом Каримовнинг даимо эътиборида бўлиб келмоқда. Эришилаётган муваффақиятлар замирида ҳам мана шу эътибор ва барқарорликнинг ўрни беқиёсдир. Шуниси эътиборлики, мустақиллик йилларида илм-фанда ўз изланишлари билан кўзга ташланган олимлар авлоди шаклланди. Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуни ва Кадрлар тайёрлаш Миллий дастурининг қабул қилиниши соҳадаги ислоҳотларнинг муваффақиятини янада таъминлади.
Шу ҳақда ўйлаганда, салоҳиятли олимлик даражасига кўтарилган, психология фанлари доктори, профессор Шариф Рамазонович Баротовнинг ютуқларини мамнуният билан таъкидламоқчиман.
Шариф Баротов Бухоройи Шариф фарзанди. У 1960 йилда Бухоро вилоятининг Когон туманидаги Талича қишлоғида таваллуд топди.
Бу қишлоқ Ислом дунёсида таниқли сиймо Баҳоуддин Нақшбанд туғилиб ўсган маконга яқин бўлиб, унинг болалиги шу қишлоқларда ўтди.
Ўрта мактабни тугатиб, Бухоро Давлат педагигика институтига (ҳозирги Бухоро Давлат университети) Педагогика бошланғич таълим услубиёти факультетига ўқишга кирди. Талабалик йилларидаёқ психология фанига қизиқиб, бу фан сир-асрорларини билишга қизиқди.
Институтда ташкил этилган «Қизиқарли психология» тўгарагига қатнашиб, энг фаол талабалардан бирига айланди. Ўша пайтларда Бухоро Давлат педагогика институтида ишлаб, ушбу тўгарак раҳбари сифатида Шариф Баротовнинг илмий изланишлар олиб боришга лаёқатини сезганман ва уни қўллаб-қуватлагинимдан фахрланаман. Шариф Баротов 1983 йилда институтни имтиёзли диплом билан тугатди. Ундаги илмий салоҳиятни сезган институт раҳбарияти Шариф Баротовни психология кафедрасида ўқитувчи лавозимида ишга олиб қолди. Олийгоҳ раҳбариятининг тавсияси билан 1985-1990 йилларда Москвадаги умумий ва педагогик психология илмий-тадқиқот институтида стажировкада бўлди ва аспирантурани муваффақиятли якунлаб, професссор Э.А. Фарапонова раҳбарлигида номзодлик дессертациясини ёқлади.
Кейинчалик илмий фаолиятини давом эттириб, 1998 йилда Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институти ҳузуридаги Ихтисослашган илмий кенгашда «Ижтимоий психология ва этнопсихолгия» мутахассислиги бўйича «Ўзбекистонда психологик хизмат ташкил этилишининг ижтимоий психологик ва илмий-амалий асослари» мавзусида докторлик дессертациясини муваффақияли ҳимоя қилди. 2005 йилда эса Шариф Баротов профессорлик унвонини олди.
Ш. Р. Баротов илмий фаолиятининг асосий йўналиши Ўзбекистондаги таълим муассасаларида психологик хизматнинг ташкил этилиши ва илмий-амалий жиҳатидан ривожлантирилиши билан бевосита боғлиқ. Бу борада олимнинг 100 дан ортиқ мақолалари, кўплаб монографияси, дарслик ва қўлланмалари нашр этилган. Уларда психология фанининг энг долзарб масалалари тадқиқ ва таҳлил қилинган.
Бугунги кунда Ш.Р. Баротовнинг шогирдларини республикамизнинг турли олий ўқув юртларида, илмий муассасаларида кўришингиз мумкин.
Шариф Баротов мамлакатимиздагина эмас, Россия, Қозоғистон ва бошқа бир қатор давлатлардаги илмий симпозиумларда илмий маърузалари билан иштирок этиб келмоқда. 2013 йилда у Халқаро психология фанлари академияси ҳақиқий аъзолигига қабул қилинди.
2013 йилда мазкур Академиянинг «Человеческой фактор» медали билан тақдирланди. Бугунги кунда Ш. Баротов ушбу академиянинг Ўзбекистондаги регионал бўлими раҳбаридир.
Таъкидлаш лозимки, Ш. Р. Баротовнинг илмий кўрсатмалари ва ташкилотчилиги асосида илк бор мамлакатимиздаги умумтаълим мактабларида психологик хизмат тизими йўлга қўйилди. Мен Шариф Баротовни илк шогирдим сифатида жуда қадрлайман. Муқаддам ҳам у ҳақида мақола ёзганман. Бугунги мақоламдан, фойдаланиб, салоҳиятли олим ва ташкилотчи мураббий Ш. Баротовга баъзи тилакларим ва истакларимни билдирмоқчиман. Мамлакатимизда этнопсихология масалалари юзасидан илмий изланишларни кучайтириш лозим. Миллатимиз қадимий, шундай экан қадим Моварауннаҳрда яшаган мутафаккирларнинг шу фан соҳасидаги қарашлари, яъни психология фанининг тарихий илдизлари ҳақида тадқиқотлар яратиш мавруди келди. Бундан ташқари, психология фани бўйича луғат ва психологик анталогия тайёрлаш ишларига эътиборни қаратиш лозим. Бу ишда Шариф Баротов каби забардаст олимларнинг ғайрат-шижоати жуда катта аҳамият касб этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |