БАРКАМОЛЛИК БЕЛГИЛАРИ
Васила Каримова,
психология фанлари доктори, профессор, Халқаро Психология фанлари Академиясининг мухбир аъзоси
Баъзан менга ҳаёт - фикрлар уммонига ўхшаб кўринади... Фикр ва ғоялар алмашинуви эса ўз навбатида тараққиётни белгилайди. Одамлар орасида шундайлар борки, уларда ҳамиша тараққиётга , эзгуликка алоқадор фикрлар туғилади, ва иккинчи томондан, улар айнан соғлом фикрларини ҳаётга татбиқ эта оладилар. Назаримда, айнан шу тоифа инсонлар жуда бахтлилар... Шарифжон Баротов айнан шундай инсонлардан. Чунки у ўз фаолияти мобайнида буни бот-бот исботлаб келмоқда. Менга унинг Ўзбекитонда “Психология” журналиини таъсис этиб, унинг нашрини йўлга қўйиш билан боғлиқ амалий иши жуда ёқади ва бу билан у яна бир карра илмий жамоатчиликка, соғлом ғояларни татбиқ эта оладиган шахс сифатида ўзлигини кўрсатди. Зеро, шахсан ўзимнинг бошимдан ўтган, бир илмий ёки оммабоп нашрни қанчалик машаққатли, инсондан катта ирода, сабот ва интилувчанликни талаб этадиган иш эканлигини биламан, чунки Фарғона давлат университетининг “Илмий хабарлари”, “Оила” - илмий-оммабоп журналлари мисолида бу каби ишлар инсондан нафақат илмий ғоя, интилиш ва истак, балки амалда жуда катта ҳаракатларни талаб қилишини ўз бошимдан ўтказганман. Шу маънода мен психология фанлари доктори, профессор Шарифжон Баратовни ҳаммиша ҳурмат қиламан ва буни неча маротаба ўзига ҳам айтганман.
Мен Шарифжон билан Фарғонада, айнан “ФарДУ хабарлари” илмий журналини нашр этиш билан банд бўлган йилларимда танишганман. Фарғонага камтарин, лекин сўзларида маъно мужассам, истараси иссиқ йигит Ўзбекитонда психологик хизматни ташкил этишнинг ижттимоий психологик муаммолари билан шуғулланаётганлигини айтиб мени жуда хушнуд этган эди. Мен унинг докторлик ишига расмий оппонентлик қилганман. Ўтган давр мобайнида унинг тинимсиз изланишлари, меҳнати, табиатан ҳамиша янгиликкка ва яхшиликка интилганининг гувоҳи бўлиб келмоқдаман. Психология осҳасида профессорлар бизда унчалик кўп бўлмаса-да, Шарифжондек забардаст йигитларнинг қаторимизда борлиги мени ҳамиша қувонтиради, албатта. Баротов яратган илмий мактабнинг айнан Бухорода муқаддас заминда мавжудлиги ҳам рамзий маънога эга. Мен ишонаманки, бу мактаб, янада кенг қулоч ёзади, Шариф Рамазонович ўз ортидан иқтидорли, илмга чанқоқ ёшларни эргаштиради ва Ўзбекистонда психология ва унинг янада ривожланиб бораётган соҳаси ижтимоий психологиянинг ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади. Мен бунга ишонаман. Шариф Рамазоновичнинг Халқаро миқёсда олиб бораётган ишларига ҳам омадлар тилаб, ҳамкасбимизга бу ишларда мустаҳкам соғлиқ, омад ва меҳнатларининг роҳатини қўриб юришини истайман. Муҳими бу йўлда уни қўллаб-қувватловчилар кўп бўлишини, улар қаторида оила қўрғони ҳам ҳамиша мустаҳкам бўлишини тилаб қоламан.
“Психология” журнали ҳақида мулоҳазалар
Бухорои шарифдек, азиз шаҳарда, Бухоро Давлат университети қошида “Психология” журнали таъсис этилганлиги шахсан мен учун катта воқеа бўлди. Чунки, мустақил Ўзбекистонимизда барча соҳада буюк ислоҳотлар жадал олиб борилаётган бир шароитда мамалакат психологларининг ўз минбари бўлиши жуда долзарб ҳисобланади. Ўтган қисқа давр ичида бу минбарда юзлаб иқтидорли ёшлар, етакчи олимлар ўз илмий тадқиқотларининг нақадар долзарб эканлигини исбот қила олдилар. Муҳими-журнал айнан илмий бўлгани учун ҳам тадқиқотчилар олдига талай талабларини қўя олдики, бунинг натижасида ҳар бир изланувчи олим ўз ишининг энг муҳим қирраларини, аҳамиятини, қўллаган услубларининг ноёблигини аудиторияга етказиш имкониятига эга бўлди.
Ўтган қисқа лекин мазмунли давр ичида журналнинг ҳар бир сонини нафақат унинг бевосита муштарийлари бўлган ёшлар, балким изланишлари натижалари дунёга танилган олимлар ҳам журналининг ҳар бир сонини кутадиган бўлишди. Назаримда бу жуда муҳим ҳолат, чунки шахсан ўзим ҳам унинг ҳар бир сонини кутаман, унда ёритилган мақолаларнинг мазмунини таҳлил қиламан, Ўзбекистонда психологик билимларнинг қай йўсинда ва қай босқичда ривожланаётганлигини мушоҳада қиламан. Очиғи, кўнглим тўлган ҳолатлар ҳам бўлади, қандай муаммолар ўз ечимини кутётганлигининг ҳам гувоҳи бўламан.
“Психология” журнали учун мақола тайёрлаган ҳар бир шогирдимнинг қўлёзмаларига жуда жиддий эътибор бераман, уларнинг мазмуни, долзарблиги, қандай янгиликларни ёрититаётганлиги, сифати ва хулосаларига қайта-қайта назар ташлайман. Бу билан ҳар бир шогирдимнинг катта минбар олдида масъулиятни ҳис қилишини, шу йўл билан илм аҳли олдида ўзига хос ҳисобот бераётганини англашини истайман. Мақсадим ҳар бир шогирдим Ўзбекистондаги психология фанининг ривожига ўз ҳиссасини қўшаётганини англашини ҳоҳлайман. Журналнинг биз олимлар учун ва иқтидорли ёшлар учун ижтимоий аҳамияти ҳам айнан шундадир.
Мен Ўзбекистонда психология фанини ривожини истайдиган бир олима сифатида, 5 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган қадрдон журналимизга бардавомлик ва боқийлик тилаб, унинг заҳматкаш таҳририятига, унинг Бош муҳарририга ҳамда ушбу фаолиятни қўллаб-қувватлаб келаётган Бухоро давлат университетининг маъмуриятига соғлиқ –саломатлик, ҳамиша омад ёр бўлишини истаб қоламан.
Do'stlaringiz bilan baham: |