ДИЛИМГА ЯҚИН ИНСОН
Шукрулло Нуруллаев,
Қоракўл тумани Жанафар ҚФЙ. Меҳнат фахрийси
Оқил киши жамиятда одамлар билан бирга яшар экан, улар билан дўстона яшашга интилади. Бундай инсонлар ўзларининг эзгу ишлари, солиҳ амаллари ва манфаатли юмушлари билан эл назарига тушиб, уларнинг қалбига чуқур жой оладилар. Шундай инсонлардан бири куёвим Баротов Шарифжон.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ш.Баротов раҳбарлигида ўндан ортиқ тадқиқотчилар ўз илмий ишларини муваффақиятли якунлаб, фан номзоди илмий даражаси соҳиби бўлдилар. Айтиш мумкинки, бу ажойиб куёвимнинг айни пайтгача босиб ўтган ҳаёт йўли ҳозирда шу соҳада фаолият кўрсатаётган ёшлар учун ибрат намунаси бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Куёвим оилапарвар, меҳнаткаш, фидойи ва бағрикенг инсон. Илмий педагогик салоҳиятини чуқурлаштириб, олимлик рутбасининг юқори чўққисини забт этди. Унинг яхши фазилатларидан бири факультетдаги жамоат ишлари, ташкилий ва ўқув ишлари билан қаттиқ банд бўлишига қарамай, кундалик газета ва журналлар ҳамда турли соҳага доир адабиёт ва рисолаларни мунтазам кузатиб бориб, ўзининг илмий-педагогик салоҳияти ва дунё қарашини янада кенгайтиришга ҳаракат қилишидир.
Яна бир мулоҳаза: Шариф Баротов қўли очиқ саховатпарвар инсон, кучли психолог. Қизим Яхшигул билан куёвим Шариф қурган оила ўз маърифати, ахлоқий гўзалликлари билан эл юртга танилди. Менинг бу ёзганларимни ўқиган одам: “Мақтов жуда кўпайиб кетибдику!” деб ўйлаши мумкин. Лекин ишонинг, бу гаплар ҳаммаси айни ҳақиқатдир. Зеро бу тафсилотларнинг деярли барчасида шахсан ўзим гувоҳ бўлганман.
Бугун куёвим Шарифжонни ушбу улуғ сана билан муборакбод этаман, унинг ҳаёт йўли бардавом бўлиб, узоқ йиллар фарзанду неваралари ва ёру дўстлари ардоғида умргузоронлик қилишини астойдил истаб қоламан.
III.4. ДАДАМИЗ – БАХТИМИЗ
Дилафрўз Баротова, Хумоюн ва Шуҳрат Баротовлар
Аллоҳ таоло баъзи инсонларни инсонларга яхшилик қилиш, уларнинг мушкулини осон этиб, ҳамиша кишилар манфаати йўлида фидойилик қилиб яшаш учун дунёга келтиради шекилли. Бундай инсонлар ўзларининг эзгу ишлари, манфаатлари билан эл назарига тушиб, уларнинг қалбидан чуқур жой оладилар. Ана шундай инсонлардан бири бизнинг падари бузрукворимдирлар.
Биз қалби дарё, бағри кенг ва меҳрибон инсоннинг фарзандлари эканлигимиздан ҳар доим ғурурланиб, фахрланиб яшаймиз. Дадажонимнинг оилага, тарбияга, маърифатга ҳам шундай юксак масъулият билан ёндошишлари, волидамнинг маънавий гўзаллиги, бизларга бўлган беқиёс меҳрлари билан оилада 3 та фарзанд туғилиб ўсмоқдамиз. Ана шундай табаррук оилада меҳнатсеварлик рухида шаклланиб, ҳозирда ўзимизнинг қизиққан соҳаларимиз бўйича олий маълумотли бўлиб элга хизмат қилиб келмоқдамиз. Дадамизнин саховати ва мардлиги, илмпарвар ва кўнгилчан фазилатлари, онамнинг нафосати ва болажонликлари биз фарзандларнинг маънавий оламини шакллантирган бўлиб, ҳамиша маънавий юксакликни умр мазмуни деб билганмиз. Дадамиз доимо бизга талабчанлар. Ҳар биримиз билан алоҳида суҳбатлашиб бизга дўст бўлиб, қалбимиздаги гапларни илғаб, тўғри йўл кўрсатиб келмоқдалар.
Биз шундай меҳри дарё инсоннинг фарзандлари эканлигимиздан фахрланиб яшаймиз. Бизнинг муваффақиятимиз падаримиз ва волидамиз меҳнатлари меваси, деб биламиз. Доимо соғ–саломат бўлиб юришлари тилаймиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |