САМИМИЙЛИК – УМР МАЗМУНИ
Б.Б.Маъмуров,
БухДУ Жисмоний маданият факультети декани, педагогика фанлари номзоди, доцент
Мамлакатимизда юрт равнақи йўлидаги беминнат хизматлари билан халқ ҳурматига созовор бўлаётган инсонлар кўплаб топилади. Агар бу эзгу хизмат илм-фан тараққиёти, ижодкорлик, яратувчанлик салоҳияти билан мустаҳкамланса унинг қиймати янада ошади. Бир умр ўзи танлаган касбидан барака, ҳузур ҳаловат, обрў-эътибор топиб яшаш, ҳар қандай инсон қалбидаги энг олий орзу ҳисобланади. Шу мақсад йўлида киши бутун ҳаётини, фаолиятини, қалб қўрини бағишлашга интилади.
Таниқли олим, психология фанлари доктори, профессор, Шариф Рамазонович Баротов ана шундай инсонлардан бири ҳисобланади. Мен ҳам Олий таълим даргоҳига қадам қўйган кезларим жуда кўп устозларнинг собоқларидан баҳраманд бўлганман. Айниқса, талаба сифатида менга Ш.Р.Баротовнинг инсонпарварлиги, меҳрибонлиги, ўз фанини мукаммал билиши, маъруза ўқиш маҳорати катта таасурот қолдирган. Ўз навбатида у кишининг юриш-туриши, маданияти, касбдошлари ва талабалар билан муомаласи, жамоа жойларида ўзини тутиши менга тарбия мактаби бўлган.
Педагоглик касби унинг умри мазмунига айланган десам хато қилмаган бўламан. Бу инсон менинг қалбимда ҳам эзгу хислатлар соҳиби бўлиш истагини уйғотган азиз устозлардан биридир.
Маълумки, республикамизнинг саноат ва қишлоқ хўжалигида психологик хизматнинг ўрни беқиёс. Шуни инобатга олган ва давр билан ҳамнафас бўлган Ш.Р.Баротов таълим соҳасида психологик хизматнинг ўрнини тадқиқ қилди ва шу соҳада республикада ўз илмий мактабини яратди. Унинг илмий раҳбарлигида ўнга яқин тадқиқотчилар илмий изланишлар олиб бориб, номзодлик диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилдилар ва доцентлик унвонига сазовор бўлдилар. Менинг номзодлик ишимда ҳам Ш.Р.Баротов муаммонинг психологик жиҳатларини ёритишда қимматли маслаҳатларини аямаганлар
Ш.Р.Баротов моҳир педагог, шу билан бир қаторда ажойиб ташкилотчи раҳбардир. Унинг раҳбар сифатида ҳар бир педагог-ходимнинг ютуқ ва камчиликларини эринмай тушунтириши ва амалий маслаҳатлар бериши менда катта таасурот қолдирган.
Ш.Р.Баротовнинг қўп йиллик қизғин ва самарали илмий педагогик фаолияти Бухоро давлат университети билан чамбарчас боғлиқ.
Шу илм даргоҳида сал кам 40 йилга яқин меҳнат қилиб, меҳрибон устоз ва психолог юксак салоҳиятли олим даражасига эришдилар. Устозлар нақадар улуғ мартаба эгасидирлар. Уларнинг ҳар бирлари шогирд учун дўст, унга қўлидан келгунча аямай яхшилик қилишга интиладилар. Сўзимнинг якунида кўнгли тоза ва беғубор, илмий жамоатчиликнинг назарига тушган ҳассос психолог олим, устоз Ш.Р.Баротовни 55 ёшлик муборак тўйлари билан табриклаб, у кишига узоқ умр, ижодий баркамоллик тилаб қоламан.
Do'stlaringiz bilan baham: |