5. Меҳнат ва унга ҳақ тўлаш ҳисоби
5.1. Меҳнатга ҳақ тўлаш ҳисобини ташкил этишнинг асослари
Жамиятда моддий неъматларни ишлаб чиқариш жараёни меҳнат қуроли ва меҳнат буюмларидан ташқари, бевосита жонли меҳнат ҳам ўз ичига олади. Ишлаб чиқариш жараёнида ишлаб чиқариш воситаларидан фойдаланиб кишининг истеъмолини қондирадиган маҳсулот вужудга келтирилади.
Хўжалик юритишнинг бозор тизимига ўтиш шароитида меҳнатга ҳақ тўлаш соҳасида янги муносабатлар пайдо бўлади, меҳнат ресурслар бозори бўлган меҳнат бозори шаклланади. Унинг субъектлари сифатида қуйидагилар майдонга чиқади: иш берувчи (якка тартибдаги тадбиркор, тадбиркорлар бирлашмаси) - у муайян сифат хоссаларига эга бўлган маълум миқдордаги меҳнат ресурсига талаб билдиради; ёлланма ходимлар - улар меҳнат ресурсининг эгалари бўлиб, уларнинг миқдори ва касб-малака хусусиятлари меҳнат бозоридаги таклифни вужудга келтиради.
Хўжалик юритишнинг бозор тизимига ўтиш шароитида меҳнатга ҳақ тўлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ходимларни ҳимоя қилиш соҳасидаги давлатнинг кўплаб вазифалари бевосита корхоналарга берилган. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг шакллари, тизимлари ва миқдорини, меҳнат натижасига қараб рағбатлантиришни корхоналар мустақил ўзлари белгилайди. «Иш ҳақи» деган тушунча ҳозир қонунчилик асосида ишламаган вақтлари учун ҳам пул ва натура шаклида ҳисобланган иш ҳақининг барча турларини ўз ичига олади.
Ҳар бир ходимнинг меҳнат даромадлари, корхона фаолиятининг пировард натижасини ҳисобга олган ҳолда, унинг қўшган ҳиссаси билан аниқланади, солиқ билан тартибга солинади ва максимал миқдори чекланмайди. Лекин ходимларнинг минимал иш ҳақи миқдори бор ва у қонунчилик билан белгиланади.
Меҳнат муносабатларини, шу жумладан ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашни юридик асосини меҳнат тўғрисидаги қонуний ҳужжатлар, корхоналарнинг жамоат шартномалари ва бошқа муайян меъёрий ҳужжатлар ташкил этади.
Даромадларни индексация қилиш ва пулнинг қадрсизланиши билан боғлиқ бўлган аҳоли зарарларини қоплаш ижтимоий кафолатдаги янгилик бўлиб ҳисобланади. Аҳолини ижтимоий ҳимоялаш ва қўллаб - қувватлашда ижтимоий суғурта, пенсия фонди, бандлик фонди ва бошқа давлат бюджетидан ташқари фондлари алоҳида ўрин эгаллайди. Уларнинг ташкил этилиши тегишли қонуний ҳужжатлар билан тартибга солинади. Барча бюджетдан ташқари фондлар махсус мақсадли ажратмалар ва бошқа манбалар ҳисобидан ташкил этилиб, давлат бюджетидан ажралган ҳолда фаолият кўрсатади ва муҳим ижтимоий тадбирлар ва режаларни молиялаштиришда фойдаланилади.
Меҳнат ва унга ҳақ тўлаш ҳисобининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
- солиқлар ва иш ҳақидан ушланмалар ҳам қўшилган ҳолда корхона ходимлари билан меҳнатга ҳақ тўлашга доир ҳисоб-китобларни ўз вақтида олиб бориш;
- ҳисобланган иш ҳақи суммасини харажатлар счётларига ўз вақтида ҳамда тўғри ўтказиб боришни таъминлаш;
- бошқариш ва зарурий ҳисоботларни тузиш учун меҳнат ва иш ҳақи бўйича кўрсаткичларни оператив йиғиш ва гуруҳлаш;
- ишчи-ходимлар сони, уларнинг меҳнат унумдорлиги ва иш вақтидан фойдаланишини доимий назорат қилишдан иборат.
Do'stlaringiz bilan baham: |