4.2. Товар-моддий заҳираларнинг келиб тушиши ва баҳоланиши Корхонада келиб тушган ва мулкий ҳуқуқи корхонага ўтган товар-моддий захираларнинг қиймати бухгалтерия балансига киритилиши керак.
Товар-моддий захиралар корхона балансига қуйидагилар натижасида киритилиши лозим:
- маҳсулот етказиб бериш (олди-сотди) шартномаси бўйича харид қилиниши;
- таъсисчилардан корхонанинг устав капиталига улуш сифатида келиб тушиши;
- таъсисчилар таркибидан чиқишда ёки тугатилаётган ташкилотнинг мол-мулки унинг иштирокчилари ўртасида тақсимланаётганда ташкилотнинг илгари бошқа ташкилотнинг устав капиталига киритилган таъсис улуши қайтарилишидан келиб тушиши;
- бепул келиб тушиши (хадя шартномаси буйича);
- айирбошлаш (алмаштириш);
- узоқ муддатли активлар таркибидан ўтказилиши;
- ортиқча (ҳисобга олинмаган) товар-моддий захираларнинг аниқланиши;
- илгари берилган товар қарзининг қайтарилиши ёки товар қарзини олиниши;
- корхонанинг ўзида тайёрланиши;
- ҳисобот даври охирида тугалланмаган ва тугалланмаган ишлаб чиқариш тарзида ҳисобга олинадиган ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш;
- товар-моддий захираларга нисбатан мулкий ҳуқуқи олинишига олиб келган бошқа операциялар ва ҳодисалар.
Ўзбекистон Республикаси «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида» ги Қонунининг ва 4-сон БҲМСга мувофиқ, товар-моддий захираларни баҳолаш қуйидаги икки баҳонинг энг пасти бўйича – баланс тузилаётган санадаги таннарх (сотиб олиш нархи ёки ишлаб чиқариш таннархи) бўйича ёки бозор баҳоси (реализация қилишнинг соф қиймати) бўйича амалга оширилади. Бошқача қилиб айтганда, товар-моддий заҳиралар қолдиқлари қийматини молиявий ҳисоботда акс эттиришда (бухгалтерия балансининг 140-сатри - 1-шакл), корхоналар баланс тузилиши санасидаги товар-моддий заҳиралари аниқ моддасининг қийматини (сотиб олиш нархи ёки ишлаб чиқариш таннархи) унинг баланс тузилиши санасида аниқланган бозор қийматига солиштириши ва бухгалтерия балансининг тегишли сатрида олинган нархларнинг энг ками бўйича акс эттириши керак.
Товар-моддий заҳираларнинг бухгалтерия ҳисобида тегишли тарзда тан олинган таннархи Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва 4-сон БҲМС билан белгиланган ҳоллардан ташқари ўзгартирилмайди.
Товар-моддий захиралар корхонанинг бухгалтерия балансига таннархи бўйича киритилади ҳамда улар харид қийматини (етказиб берувчига тўланадиган сумма) ва харид қилиш билан боғлиқ бўлган барча харажатларни ўз ичига олади. Амалиётда бухгалтерия ҳисоби товар-моддий захираларни харид қиймати (етказиб берувчи тўланадиган суммалар) ва уларни сотиб олиш билан боғлиқ барча харажатлар товар-моддий заҳираларнинг харид қилиш қиймати деб аталади.