Товар-моддий захиралар таннархини аниқлашнинг меъёрий усули хом-ашё, материаллар, меҳнат ва ишлаб чиқариш қувватидан фойдаланишнинг белгиланган меъёрлари бўйича харажатларни ҳисобга олишга асосланган. Меъёрномалар вақти-вақти билан таҳлил қилиб турилади ва зарур ҳолларда жорий шарт-шароитларга мувофиқ қайтадан кўриб чиқилади.
Харажатларни ҳисобга олишнинг ва маҳсулот таннархини аниқлашнинг меъёрий усули шу билан белгиланадики, корхонада тайёрланаётган ҳар бир маҳсулот тури бўйича дастлабки меъёрий кулькуляция, яъни ой бошида амалда бўлган материаллар, меҳнат харажатлари ва ишлаб чиқариш устами харажатлари меъёрлари бўйича ҳисобланган таннарх калькуляцияси тузилади. «Меъёр» атамасига таъриф беришга уриниб кўрамиз. Одатда «меъёр» деганда илғор технологиялар ва ишлаб чиқаришни ташкил қилиш шароитидаги хўжалик фаолияти натижаларининг олдиндан бергиланган сонлардаги миқдорий ифодаси тушунилади. Ўз навбатида, меъёрнома (норматив) – бу меъёр қийматларининг пулдаги ифодаси ёки калькуляция қилиш нуқтаи назаридан – олдиндан белгиланадиган харажатлар суммаларидир.
Меъёрий харажатлар бўйича таннархни аниқлашнинг меъёрий усули кўпроқ фаолияти бир қатор умумий ёки такрорланувчи операциялардан иборат бўлган корхоналарга, шунингдек, ҳар бир маҳсулот бирлигини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган бирламчи ресурслар миқдорини аниқлаш мумкин бўлган ҳолатларга мос келади. Тегишли равишда, ишлаб чиқариш жараёнлари тез-тез такрорланадиган қайта ишлаш саноати корхоналарида бундай усулдан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Алоҳида шуни таъкидлаш лозимки, ўз табиатига кўра такрорланмайдиган фаолият турларига нисбатан ушбу усулни қўллаб бўлмайди, чунки бу ҳолда такрорланувчи операцияларни кузатиш учун моддий асос мавжуд эмас, тегишли равишда, меъёрларни ҳам белгилаб бўлмайди.
Шу билан бирга, турли хил маҳсулот ишлаб чиқариладиган корхоналарда таннархни аниқлашнинг меъёрий усулидан қай даражада фойдаланилиши ишлаб чиқариш жараёнининг қанчалик умумий операциялар сериясидан иборатлиги билан белгиланади. Масалан, агар корхонада маҳсулотнинг чиқиши бешта умумий операциялар натижаси бўлса, ушбу операциялар давомида маҳсулотнинг бир қанча турлари ишлаб чиқарилиши мумкин. Шу сабабли, кўп сондаги умумий операциялар натижасида катта ассортиментли маҳсулот чиқиши бўлади. Бироқ, бу ерда ҳам умумий қоида амал қилади: меъёрий харажатлар такрорланувчи операциялар учун ҳисобланашиши керак, маҳсулот ишлаб чиқаришга кетадиган меъёрий сарф-харажатлар муайян маҳсулотни ишлаб чиқаришга зарур бўлган операцияларнинг меъёрий харажатларини оддий қўшиш орқали аниқланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |