Асосий воситаларни камомад ёки йўқотиш натижасида ҳисобдан чиқариш бухгалтерия ҳисобида «Инвентаризация жараёнида аниқланган мол-мулк камомади ва ортиқчасининг бухгалтерия ҳисоби тартиби тўғрисидаги Низом» га мувофиқ акс эттирилади.
Инвентаризация вақтида асосий воситалар камомади ёки йўқотилиши аниқланганда, улар балансдан баланс қиймати бўйича ҳисобдан чиқарилади.
Аниқ айбдор шахслар аниқланган ҳолларда инвентаризация натижасида аниқланган асосий воситаларнинг камомади суммаси моддий жавобгар шахс ёки айбдордан ундирилади. Иш берувчининг мулкига етказилган зарар ҳажми, зарар учун ходимнинг моддий жавобгарлик чегаралари ва тартибини аниқлаш Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси билан тартибга солинади.
Бир ойлик ўртача иш хақидан ошмайдиган етказилган зарар суммасини айбдор ходимдан ундириш иш берувчининг фармойишига мувофиқ амалга оширилади. Фармойиш етказилган зарар аниқланган кундан бошлаб бир ойдан кечикмасдан чиқарилиши мумкин. Бунда зарар ҳажми инвентаризация ўтказиш даврида мазкур жойда амал қилаётган бозор баҳолари бўйича ҳисобланади.
Агар ходимдан ундирилиши лозим бўлган етказилган зарар суммаси унинг ўртача ойлик иш хақидан юқори ёки зарар аниқланган кундан бошлаб бир ойлик муддат ўтган бўлса, ундириш суд орқали амалга оширилади.
Иш берувчининг мулки ўғирланганда, кам чиққанда, қасддан йўқотиш ёки қасддан бузиш натижасида ҳамда бошқа ҳолларда етказилган зарар ҳажми бозор қиймати бўйича ҳисобланади.
Юридик шахс таъсисчилари таркибидан чиқаётган таъсисчига асосий воситаларни бериш таъсисчилар йиғилиши қарорига асосан ёки таъсис ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Юридик шахс таъсисчилари таркибидан чиқаётган таъсисчи билан асосий воситалар билан ҳисоб-китоб қилинганда, корхоналарнинг балансидан асосий воситалар баланс қиймати бўйича ҳисобдан чиқарилади.
Юридик шахс таъсисчилари таркибидан чиқаётган таъсисчи билан асосий воситалар орқали ҳисоб-китоб қилиниши натижасида асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан молиявий натижа (фойда ёки зарар), чиқиб кетаётган таъсисчининг улуши бўйича қарзни ҳисоб-китоб қилиш учун берилаётган асосий воситанинг бериш қиймати билан чиқиб кетаётган асосий воситанинг қолдиқ (баланс) қиймати ўртасидаги фарқ сифатида, қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олган ҳолда, резерв капиталини ҳисобга олувчи счётларда ҳисобга олинган асосий воситанинг қайта баҳолаш натижаси (қолдиғи), яъни ушбу асосий воситанинг олдинги қийматининг оширилиши олдинги қийматининг камайтирилишидан ошган суммасига тузатишлар киритиб аниқланади.
Чиқиб кетаётган таъсисчининг улуши бўйича қарзини ҳисоб-китоб қилиш учун берилаётган асосий воситанинг қиймати унинг қарзидан ортиқ бўлса, фарқ чиқиб кетаётган таъсисчи томонидан қопланади.
Чиқиб кетаётган таъсисчининг улуши бўйича қарзини суммаси уни қарзини ҳисоб-китоб қилиш учун берилаётган асосий воситанинг қийматидан ортиқ бўлган ҳолларда, фарқ бераётган корхона томонидан қопланади.