Корхона томонидан бошқа шахслардан текинга (ҳадя шартномаси бўйича) ва давлат субсидияси ҳисобига олинган номоддий активларнинг бошланғич қиймати номоддий активларни харид қилиш билан боғлиқ харажатларни ҳисобга олган ҳолда, агарда жорий қиймат ушбу турдаги номоддий активлар учун фаол бозорни ҳисобга олган ҳолда белгиланган бўлса, ишончли ҳисобланган жорий қиймат бўйича аниқланади. Ушбу турдаги номоддий активлар учун фаол бозор мавжуд бўлмаган тақдирда, уларнинг бошланғич қиймати номинал қиймат бўйича ёки агарда номоддий активни фойдаланишга яроқли ҳолатга келтириш билан боғлиқ ҳақиқий харажатлар мавжуд бўлса, уларнинг суммаси бўйича аниқланади. Жорий қиймат дегандамаълум санадаги амал қилаётган бозор нархлари бўйича номоддий активларнинг қиймати ёки хабардор қилинган, битимни амалга оширишни хоҳловчи, бир-биридан мустақил тарафлар ўртасида битимни амалга оширишда активни сотиб олиш ёки мажбуриятларни бажариш учун етарли бўлган сумма тушунилади. Фаол бозор дегандаолди-сотди объектлари бир турда (бир хил) бўлган ва ҳар қандай вақтда битимни амалга оширишни хоҳловчи манфаатдор сотувчи ва харидорларни топиш мумкин бўлган, шунингдек нархлар ҳақидаги маълумотлар ошкор (ҳаммабоп) бўлган бозор тушунилади.
Номоддий активлар текинга (ҳадя шартномаси бўйича) олинганда уларнинг даромадлари бозор қиймати бўйича белгиланади. Номоддий активларнинг бозор қиймати ҳужжатлар билан ёки баҳоловчи ташкилотнинг баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботи билан тасдиқланади. Ҳужжатлар билан тасдиқлаш деб қуйидагилар эътироф этилади:
- етказиб бериш ёки топшириш ҳужжатлари;
- етказиб берувчиларнинг нархларга оид маълумотлари (прайс-варақлар);
- оммавий ахборот воситаларидан олинган маълумотлар;
- биржа маълумотлари;
- давлат статистикаси органларининг маълумотлари.
Мажбуриятлари умумий суммада ифодаланган мустақил объектларга эга номоддий активлар бўйича бошланғич қиймат мазкур суммани алоҳида объектнинг жорий қийматига мутаносиб (пропорционал) равишда тақсимлаган ҳолда аниқланади.
Бу ерда, агар корхона битта келишилган қийматга бухгалтерия ҳисобида алоҳида алоҳида объект сифатида идентификация қилинадиган бир нечта гуруҳ номоддий активларни харид қилса, у ҳолда битта умумий суммага харид қилинган номоддий активларнинг бошланғич қиймати, яъни хар бири номоддий активларни кирим қилиниши лозим бўлган қиймати ҳар бир номоддий активларнинг бозор (жорий) қийматининг харид қилинган номоддий активларнинг умумий бозор қийматидаги улушидан келиб чиқиб аниқланиши назарда тутилган.
Мол етказиб берувчилардан келиб тушган номоддий активларни қабул қилишда аниқланган камомад ва йўқотишлар, шунингдек уларнинг шартномада назарда тутилгандан юқори камомади ёки бузилиши 4860 «Даъволар бўйича олинадиган счётлар» счётининг дебетида ҳисобга олинади. Йўқотишларнинг айбдорларига даъво тақдим этилади ва агар улар даъвони қанотлантирмасалар хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилинади. Суд томонидан юқоридаги йўқотишлар суммасини айбдорлардан ундириш рад этилган ҳолларда, бундай операциялар бухгалтерия ҳисобида 9430 «Бошқа операцион харажатлар» счётининг дебети ва 4860 «Даъволар бўйича олинадиган счётлар» счётининг кредит бўйича ёзув билан акс эттирилади.
Номоддий активларнинг бухгалтерия ҳисобига қабул қилинган бошланғич қиймати Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида ва 7-сон БҲМСда белгиланган ҳолатлардан ташқари ҳолларда ўзгартирилмайди. Бухгалтерия ҳисобига қабул қилинган номоддий активларнинг бошланғич қийматини ўзгартиришга тегишли номоддий активлар модернизация қилинган, қисман тугатилган ва улар қайта баҳоланган ҳолатларда рухсат этилиши мумкин.
Номоддий актив дастлаб тан олингандан сўнг молиявий ҳисоботда жамғарилган амортизация айрилган ҳолда бошланғич қиймат (қолдиқ қиймат) бўйича ёки қайта баҳоланган қиймат (мумкин бўлган муқобил усул) бўйича акс эттирилади.
Номоддий активни дастлаб тан олингандан сўнг молиявий ҳисоботда акс эттиришда қўлланадиган усул мажбурий тартибда корхонанинг ҳисоб сиёсатида кўрсатилиши керак.