2.13. Амортизацияни ҳисоблаш Маълумки номоддий активларнинг қиймати амортизация ҳисоблаш йўли билан қопланади. Амортизация бўлиб фойдали хизмат муддати мобайнида номоддий активнинг амортизацияланадиган қийматини унинг вазифасидан келиб чиққан ҳолда маҳсулот (ишлар, хизматлар) таннархига ёки давр харажатларига тизимли тақсимлаш ва киритиш ҳисобланади. Амортизацияланадиган қиймат – бу кутилаётган (баҳоланган) тугатиш қийматини чегирган ҳолда активнинг бошланғич (қайта тиклаш) қиймати суммаси ҳисобланади. Амортизацияланадиган қиймат фойдали хизмат муддати мобайнида корхона харажатларига амортизация ажратмалари кўринишида тизимли тақсимланади.
Тугатиш қиймати деганда номоддий активнинг чиқиб кетиши бўйича кутилаётган харажатларни чегирган ҳолда унинг фойдали хизмат муддати охирида активни тугатиш чоғида олиниши кутилаётган, активнинг тахмин қилинаётган (баҳоланган) суммаси тушунилади. Тугатиш қиймати номоддий активларнинг хизмат муддати охирида тугатиш бўйича кутилаётган харажатларга камайтирилган бўлиши керак.
Номоддий активларнинг амортизацияланадиган қийматини ҳисоблашда уларнинг тугатиш қиймати ҳисобга олинади. Тугатиш қиймати муҳим бўлмаган тақдирда, у амортизацияланадиган қийматни ҳисоблаб чиқаришда ҳисобга олинмаслиги мумкин. Агар тугатиш қиймати аҳамиятга эга бўлса, у номоддий активлар харид қилинган санада ёки уларни қайта баҳолаш санасида аниқланади.
Номоддий активнинг тугатиш қиймати қуйидаги ҳолларда нолга тенг деб ҳисобланади:
- кутилаётган фойдали хизмат муддати охирида учинчи тараф билан уни сотиб олиш ҳақидаги битим мавжуд бўлмаса;
- номоддий активнинг тугатиш қиймати фаол бозордаги далиллар билан ишончли аниқланиши мумкин эмаслиги муносабати билан ушбу номоддий актив учун фаол бозор мавжуд бўлмаса ҳамда номоддий активнинг кутилаётган фойдали хизмат муддати охирида бундай бозорнинг мавжуд бўлиш эҳтимоли бўлмаса.
Амортизация фойдали хизмат муддати мобайнида активнинг амортизацияланадиган қийматини номоддий активларнинг вазифасидан келиб чиққан ҳолда маҳсулот (ишлар, хизматлар) таннархига ёки давр харажатларига мунтазам тақсимлаш ва ўтказиш кўринишида эскиришнинг қиймат ифодаси сифатида аниқланади.
Шуни таъкидлаш керакки номоддий активлар бўйича амортизация ажратмаларини ҳисоблаш мазкур номоддий активлар қабул қилинган ойдан кейинги ойнинг дастлабки санасидан бошланади ҳамда мазкур номоддий активларнинг амортизацияланадиган қиймати тўлиқ қоплангунга қадар ёхуд бу номоддий активларни балансдан ҳисобдан чиқарилгунча амалга оширилади. Ўз навбатида агар номоддий активлар бўйича амортизация ажратмаларини ҳисоблаш мазкур номоддий активларни қабул қилинган ойдан кейинги ойнинг дастлабки санасидан бошланадиган бўлса, у ҳолда мазкур номоддий активлар бўйича амортизация ажратмаларини ҳисоблаш ушбу номоддий активларнинг амортизацияланадиган қиймати тўлиқ қопланган ёки бу номоддий активлар балансдан ҳисобдан чиқарилган ойдан кейинги ойнинг дастлабки санасида тўхтатилади.
Номоддий активнинг фойдали хизмат муддати давомида амортизация ажратмаларини ҳисоблаш тўхтатилмайди, номоддий активдан фойдаланишда бевосита ва билвосита чекловлар (масалан: асосий воситалар ва бошқа активларни консервациялаш, реконструкция, модернизация қилиш) мавжуд бўлган ҳолатлар бундан мустасно.
Номоддий активлар бўйича амортизация ажратмаларини ҳисоблаш ҳисобот давридаги корхона фаолияти натижаларидан қатъий назар амалга оширилади ва у тегишли бўлган ҳисобот даврининг бухгалтерия ҳисобида акс эттирилади.