КИМГА 15 КУН ОЗЛИК ҚИЛАДИ
Йиллик асосий узайтирилган таътил - МКнинг 134-моддасида назарда тутилган асосий энг кам таътил билан қиёслаганда аввалбошдан узоқроқ давом этадиган таътилдир. Чунончи, 18 ёшга тўлмаган шахсларга ва ишлаётган I ва II гуруҳ ногиронларига мажбурий тарзда 30 календарь кун муддатида йиллик таътил берилади (МКнинг 135-моддаси).
Бундан ташқари, бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда қуйидагиларга асосий узайтирилган таътиллар берилиши назарда тутилган:
депутатларга, сенаторларга - 36 иш куни, қонун ҳужжатларида кўпроқ муддатли таътил назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно (2.12.2004 йилдаги "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида"ги 704-II-сон Қонуннинг 16-моддаси учинчи қисми);
судьяларга - 36 иш куни (2.09.1993 йилдаги "Судлар тўғрисида"ги 924-XII-сон Қонуннинг 75-моддаси учинчи қисми, 14.12.2000 йилдаги 162-II-сон Қонун таҳририда);
прокуратура органлари ходимларига - 30 календарь кун. Бундан ташқари, "Прокуратура тўғрисида"ги Қонуннинг (9.12.1992 йилдаги 746-XII-сон, 29.08.2001 йилдаги 257-II-сон Қонун таҳририда) 50-моддаси учинчи қисмига мувофиқ:
15 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган прокуратура органлари ходимларига 5 календарь кун;
25 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлганларга эса 10 календарь кун қўшимча таътил берилади;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментида хизматни ўташ тўғрисида низомнинг 53-бандига кўра Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти ходимларига - 30 календарь кун. Иш стажи:
15 йилдан ортиқ бўлганда - 5 календарь кун;
25 йилдан ортиқ бўлганда - 10 календарь кун ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади.
Таълим муассасалари ходимларига ҳам "Таълим тўғрисида"ги Қонуннинг (29.08.1997 йилдаги 464-II-сон) 21-моддаси биринчи қисмига кўра ҳақи тўланадиган узайтирилган таътил берилади. Узайтирилган таътиллар муддатини белгилашда ҳозирги вақтда собиқ СССР ҳужжатларининг меъёрлари қўлланади. Масалан, олий ўқув юртлари ўқитувчиларининг узайтирилган таътили 48 иш кунини ташкил қилади (СССР Министрлар Кенгашининг 21.04.1949 йилдаги "Илмий тадқиқот, таълим ва маданий-маърифий муассасалар ходимларининг таътиллари тўғрисида"ги 1577-сон Қарорига 1-илова). Бундай ҳужжатлар Ўзбекистоннинг тегишли қонун ҳужжатлари қабул қилингунига қадар, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонун ҳужжатларига зид келмайдиган қисмида қўлланиши мумкин (21.12.1995 йилдаги ОМнинг "Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини амалга киритиш тартиби тўғрисида"ги 162-I-сон Қарори 6-банди; ВМнинг 29.04.1992 йилдаги 210-сон Қарори 1-банди).
Давлат органлари хизматчилари учун илгари белгиланган таътил муддати - 24 иш куни сақланиб қолади (махсус қонун ҳужжати қабул қилингунига қадар).
Do'stlaringiz bilan baham: |