ҚАЙТА ҲИСОБЛАШ: БОР ЁКИ ЙЎҚ
Агар ходим унга вақтинча белгиланган маош билан таътилга чиқса, таътил пули унга таътил олдидан тўланган маош бўйича ҳисобланади. Масалан, ходим асосий иш жойи бўйича 0,5 ставкада банд. Иш ҳажмининг кўпайиши муносабати билан уни вақтинча юқорироқ маошли лавозимга ўтказиб, унга тўлиқ ставка учун ҳақ тўлашди. 3 ойдан кейин унга жадвал бўйича таътил берилади. Таътил пули ҳисоб-китоб санасидаги тарификация ёки лавозим маоши бўйича иш ҳақига қараб, яъни ходимнинг ушбу лавозимга вақтинчалик ўтказилишига қарамай, оширилган маош ва тўлиқ ставкадан келиб чиқиб белгиланади.
Камроқ лавозим маошига эга лавозимга ўтказиш чоғида таътил пули камроқ томонга қайта ҳисоб-китоб қилинмайди. Масалан, Ягона тариф тизими бўйича 8-разряд белгиланган ходима ана шу бўлимнинг бошқа ходимаси болани парвариш қилиш таътили даврида раҳбарнинг буйруғи билан вақтинча унинг лавозимига ўтказилди, бунда у Ягона тариф тизими бўйича 9-разрядга эга бўлади. Унга ўтказилган ходима навбатдаги меҳнат таътилини расмийлаштирди, 10 кун ўтгач болани парвариш қилиш таътилида бўлган ходима ишга чиқди. Унинг ўрнида ишлаб турган ходима иш берувчининг буйруғи билан автомат тарзда меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича аввалги 8-разрядга ўтказилди. Ходима таътилда бўлган даврда тариф (лавозим маоши) камроқ тарафга ўзгарганда ўртача ойлик иш ҳақи қайта ҳисоб-китоб қилинмайди, тегишинча, таътил вақтида аввалги 8-разрядга ўтказилган ходимага тўланган таътил пули суммаси қайта ҳисоб-китоб қилинмайди.
Ходим меҳнат таътилида бўлган даврда тариф ставкалари, лавозим маошларининг миқдорлари ошган ҳолларда корхона меҳнатга ҳақ тўлашнинг янги шартларида ишлаган кунларга тўғри келадиган иш кунларининг ҳақиқатдаги сони учун тўловни қайта ҳисоб-китоб қилади. Яъни иш ҳақи кўпайган пайтдан бошлаб таътил тугаган пайтгача бўлган давр учун ўртача иш ҳақи қисмига тузатиш киритилади. Бундан ташқари, қўшимча ҳисобланган таътил пули суммасидан ЖШДС ва суғурта бадалларини қайта ҳисоблаш лозим.
МИСОЛ. Ишлаб чиқариш цехи ишчиси 2013 йил 1 майдан ишга қабул қилинган. 18 иш куни муддатидаги биринчи таътил унга 2014 йил 14 февралдан берилган.
Унинг тариф бўйича иш ҳақи таътилдан олдин 400 минг сўмни ташкил қилган. 2014 йил 1 мартдан бошлаб у 20%га кўпайди ва 480 минг сўмни ташкил қилди.
Ишланган давр учун ходимга қуйидаги қўшимча тўловлар ҳисоблаб ёзилган:
мукофот - 800 минг сўм;
йўлкира ва овқатланиш учун компенсация - 600 минг сўм.
Ходим таътили 14 февралдан 6 мартгача (6 март ҳам киради) давом этади - февралда 13 иш куни ва мартда 5 иш куни.
Ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоб-китоб кунидаги лавозим маошидан келиб чиқиб, ҳисоб-китоб даврида белгиланган маошдан ошадиган суммани 1/9 га кўпайтириш йўли билан белгиланади (чунки ходим 9 ой тўлиқ ишлаган).
Ўртача ойлик иш ҳақи 555,556 минг сўмни (400 + (800 + 600) / 9); таътил пули 393,696 минг сўмни (555,556 / 25,4 х 18) ташкил қилади.
Мартга тўғри келадиган таътилнинг 5 куни учун тўлов янги шартларда қайта ҳисоб-китоб қилинади.
Янги маош бўйича ҳисобланган мартдаги 5 иш куни учун таътил пули 125,109 минг сўмни (635,556 / 25,4 х 5) ташкил қилади,
бунда 635,556 - ўртача ойлик иш ҳақи (480 + (800 + 600) / 9), илгари 109,361 минг сўм (555,556 / 25,4 х 5) ҳисоблаб ёзилган эди. Бинобарин, ходимга 15,748 минг сўм (125,109 - 109,361) қўшимча ҳисоблаб ёзилиши керак.
Таътил пули ходимга жамоа шартномасида белгиланган муддатда, бироқ таътил бошланиши арафасидаги охирги иш кунидан кечиктирмай тўланиши керак.
Таътил пулини ҳисоб-китоб қилишга доир тавсиялар "Ходимлар билан ҳисоблашишлар" ("Расчёты с персоналом") электрон маълумотнома тизими асосида тайёрланди.
"Norma Ekspert"
мутахассислари тайёрладилар
Do'stlaringiz bilan baham: |