4.12. Юк ташиш режасини бажариш
Юк ташиш режаларининг бутун ой давомида барча станциялар бўйича, барча юк жўнатувчилар томонидан бир маромда бажарилиши юк ташиш жараёнини мақсадга мувофиқ тарзда амалга оширишнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Юкнинг бир маромда ортилиши корхоналарга ёқилғи, хом ашё ва тайёр маҳсулотларнинг бир маромда ва ўз вақтида келиб тушишини; вагонлардаги юкларнинг бир маромда тушириб олинишини таъминлайди. Режани бажариш юк жўнатувчилар, МТУлар ва станцияларнинг ўзаро келишувлари асосида амалга оширилади.
МТУнинг бошлиғи юк жўнатувчилар билан юк ортишнинг ой ва кунлар давомида бир маромда ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминловчи режани бажариш, юк жўнатиш ҳажмини йириклаштириш ва юкларни жўнатилиши лозим бўлган йўналишлар бўйича жўнатиш тартиби ҳақида келишиб олади. Бунинг учун МТУларда ҳар ўн кунлик учун алоҳида юк ортиш режалари тузилади. Юк жўнатувчилар ўн кунликнинг бошланишига, юк ортиш учун вагон ажратиб берилган кундан ташқари, уч кун қолганда, станция бошлиғи орқали, МТУга юкнинг ҳар кунлик ортилиш миқдори кўрсатилган ўн кунлик буюртма (ГУ-11 насхадаги бланк) тақдим қилишлари лозим.
Одатда буюртмада ойлик режанинг 1/3 қисмидан кам бўлмаган вагонлар сони кўрсатилади. Бундай буюртмаларга мувофиқ МТУ бошлиғи ўн кунлик бошланишига икки кеча-кундуз қолганда ҳар бир юк жўнатувчи учун ҳар кеча-кундузда юк ортиладиган вагонлар сони, юк тури ва юк белгиланган манзилгача ташиб элтиладиган йўллар кўрсатилган юк ортиш топшириғини станцияларга эълон қилади (ГУ-100 намунадаги бланк). МТУ бошлиғи юк жўнатувчи билан келишилган ҳолда режани бажаришнинг бошқача тартибини ҳам белгилаши, масалан, юк йирик партияларда жўнатилатилаётганда юк ортиш ҳар кеча-кундузда эмас, ўн кунликнинг муайян кунларида амалган оширилиши ҳақида келишиб олиши мумкин. Йўл бўлими бошлиғи ва юк жўнатувчи томонидан келишиб олинган режани бажариш тартиби ҳисоб варақасига киритилади, ва унга риоя қилиниши учун ҳар икки тараф моддий жавобгар ҳисобланади.
Режа умумий ҳажмда ҳам, ҳар-бир юк тури ва юкни белгиланган манзилга ташиладиган йўллар бўйича ҳам, бажарилиши лозим. Ўн кунликнинг бошланишига бир кеча-кундуз қолганда станция бошлиғи ҳар бир юк жўнатувчини ўн кунликнинг ҳар бир кунида, бериладиган вагонлар сони, ортиладиган юк турлари ва юкларни белгиланган манзилга ташиладиган йўллар ҳақида хабардор қилади.
Жорий ойда режа бажарилмаган тақдирда МТУ ва юк жўнатувчи ушбу йил чорагининг кейинги ойларида ушбу ойда ортилмай қолган юкларни ортиб улгуришлари шарт. Агар ташиш воситалари МТУнинг айби билан ўз вақтида берилмаган бўлса, у ҳолда МТУ, юк жўнатувчининг талабига биноан, уни бундай воситалар билан мазкур чоракнинг кейинги ойи давомида таъминлаши шарт. Йил чорагининг охирги ойида ўз вақтида ажратиб берилмаган юк ташиш воситалари кейинги чоракнинг биринчи ойида ажратилади.
МТУнинг бошлиғига юкни қабул қилиб олувчи билан келишилган ҳолда, йўналишларни ташкил қилиш ва бир таркибда юк ташиш ҳажмини йириклаштириш, ҳамда ортилиши режалаштирилгани ҳолда ортилмай қолган юкларни ортиш учун юк ортиладиган вагон ва контейнерларнинг сонини кўпайтириш ҳуқуқи берилган. Юк ортиш ҳажмини кўпайтириш пайтида юк ортиш пунктларининг бир кеча-кундуз давомида ишнинг бажариш қобилияти ҳисобга олинади. Вагонлар сонини кўпайтириш дастури, МТУ бошлиғи томонидан тасдиқлангандан сўнг, МТУ ва юк жўнатувчи учун бажарилиши шарт бўлиб қолади.
Агар тонна ва вагон ҳисобида ташилиши режалаштирилаётган юкларни вагонлаб ортиш бўйича режа бажарилган, тонналаб ортиш бўйича эса бажарилмаган бўлса, у ҳолда компания, юк жўнатувчининг талабига биноан, уларга юк ортиш бўйича техникавий меъёрларнинг бажарилиши шарти билан, талаб қилинган сондаги вагонлар ажратиши лозим. Тонналаб юк ортиш режаси режада кўзда тутилганидан озроқ сонли вагонларни банд қилган ҳолда бажарилганда, юк ортиш учун ажратилган баъзи вагонларга юк ортилмай қолиши режанинг бажарилмаганидан далолат бермайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |