3. Молиявий таҳлилида қўлланиладиган ахборотларнинг турлари
Ўзбек тилининг изоҳли луғатида (1981 йил) ахборотга иккита изоҳ берилган:
1) Хабар; хабарлар; маълумот, информация. 2) Вақти-вақти билан чиқиб турадиган баъзи тўпламларнинг номи. Буларнинг ичида иқтисодий таҳлилга мосроқ атама - бу маълумотдир.
Ушбу китобда “Маълумот” атамасига ҳам иккита изоҳ берилган:
1) Ўқиш-ўрганиш натижасида олинган билим даражаси. 2) Хабар, ахборот. Далил бўладиган хужжат, рақам ва шу каби материаллар.
Кўриниб турибдики, бу икки ҳолда ҳам ахборотларнинг мазмуни иқтисодий таҳлил ва бошқарув нуқтаи назаридан етарли даражада очиб берилмаган.
Бизнинг фикримизча ахборотлар табиат, жамият ва инсон тафаккурида содир бўлган, бўлаётган ва бўладиган жараёнлар туғрисида доимий равишда олиниши мумкин бўлган маълумотлар мажмуасмидан иборатдир. Лекин иқтисодиётни бошқариш ва тахлил қилиш учун бизга барча ахбаротлар ичидан ижтимоий иқтисодий жараёнларни ўз ичига олган иқтисодий ахборотлар зарур.
Иқтисодий ахборотлар иқтисодиётда содир бўлган, бўлаётган ва бўладиган жараёнлар тўғрисидаги маълум бир хуқуқий кучга эга бўлган маълумотлар мажмуидан иборатдир. Масалан, ўтган даврда ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажми тўғрисидаги ахбаротни биз ушбу хўжалик юритувчи субъектнинг ўтган даврдаги ҳисоботидан оламиз. Ҳисобот қонуний кучга эга бўлади қачонки, унинг тўғри тузилганлигини кафолотловчи ташкилот раҳбарининг ва бош бухгалтернинг ёки бошқа масъул шахсларнинг имзоси ва шу имзоларни тасдиқловчи юмалоқ муҳири босилган бўлса. Ушбу кўрсаткичнинг ҳозирги ҳолати ва келгуси истиқболдаги ҳажми ҳам тегишли тарзда ҳссоб-китоб қилиниб масъул шахслар томонидан тасдиқлансагина улардан иқтисодий таҳлилда фойдаланиш мумкин.
Табиат, жамият ва инсон тафаккурида содир бўлаётган жараёнлар тўғрисида, одатда инсон бехабар бўлади. У тўлиқ маълумотга эга бўлади, қачонки шу жараёнлар тўғрисидаги тегишли ахбаротларга эга бўлса. Ахбаротлар қанчалик тўлиқ, қанчалик ҳаққоний бўлса ундан чиқариладиган хулосалар ҳам шунчалик тўлиқ ва тўғри бўлади.
Аммо шуни таъкидлаш жоизки, ахбаротлар зарур миқдорда бўлиши лозим. Унинг кам бўлиши тўлиқ ва тўғри хулоса чиқариш имконини бермайди, кўпи эса улардан тез ва соз фойдаланишда қийинчиликлар туғдириши, ортиқча вақтни олиши мумкин. Ахбаротларнинг кўпи яхши, лекин улар ортиқча бўлмаслиги лозим. Шу туфайли ҳар бир жараённи таҳлил қилганда, айнан шу жараёнга тегишли ахбаротларни олишни тақозо қилади. Иқтисодий таҳлилда қўлланиладиган маълумотлар ва ахбаротларни бир-биридан фарқламоқ лозим.
Маълумотлар деганда содир бўлган ходиса ва жараёнларни ўзида ифода этган бирламчи хужжатлар ва бошқа воситаларда акс этиладиган рақамлар, белгилар, хабарлар тушинилади. Масалан, 15 киши бир ой ишлади деган маълумот табелда, 2 киши касаллик варақасида, шунча маҳсулот сотилди деган маълумот счет-фактурада, қанча пул ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумот тўлов-буюртмасида ифодаланади. Буларнинг ҳаммаси у ёки бу ижтимоий-иқтисодий жараёнлар тўғрисида аниқ маълумотлар беради.
Ахбараотлар деганда, юқорида таъкидланганидек, шу маълумотларни жамлаш, уларни ишлаш орқали маълум тизимга келтириш натижасида ҳосил бўлган ижтимоий-иқтисодий жараёнларни ифода этадиган маълумотлар мажмуи тушунилади. Иқтисодий таҳлилда асосан ахбаротлардан кенгроқ фойдаланилади. Баъзан таҳлилни чуқурлаштириш, аниқлик киритиш учун бевосита бирламчи маълумотлардан ҳам фойдаланиш мумкин.
Ахборотлар қаерда ифодаланишига қараб учга бўлинади: оғзаки, ҳужжатларда ва машинада.
Оғзаки ахбаротлар кўпгина тезкор ҳисобда қўлланилади. У бевосита мулоқат, телефон ва бошқа воситалар орқали берилиши мумкин. Бозор муносабатлари шароитида оғзаки ахбаротлар жуда кенг қўланилади. Бунда ахбарот берувчи ва унинг истеъмолчиси ўртасида юксак ишонч бўлиши лозим.
Содир бўлган иқтисодий жараёнлар, хужжатларда ифода этилади. Булар энг аввало, бухгалтерия ҳисобида ўз ифодасини топади. Ҳар бир жараённинг қонунийлиги айнан шу ва шу каби ҳисобларда, хужжатларда ўз тасдиғини топади. Шу жиҳатдан жуда кўп ахбаротлар иқтисодий таҳлил учун хужжатлардан олинади. Ҳар бир хужжат қонуний кучга эга бўлиши керак. Бу учун юқорида таъкидланганидек ташкилот рахбари, бош бухгалтери каби масъул шахсларнинг имзоси ва муҳири қўйилган бўлиши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |