Муомалада юзага келадиган зиддиятлар ва инсон феъл-атвори
Тараққиёт зиддиятларнинг пайдо бўлиши, ривожланиши ва бартараф қилиниши жараёнидан иборат. Шунга кўра, зиддиятларнинг кўриниши ҳам турли хил бўлиб, улар нарса-ҳодисаларнинг ҳаракати ва ривожланишида турлича аҳамият касб этади. Зиддиятлар ички, ташқи, асосий, асосий бўлмаган каби кўринишларга эга. Жумладан, ички зиддиятлар – нарса ва ҳодисалардаги ички жараёнларнинг ифодаси, ҳаракатланишманбаи ҳамда ривожланишнинг асосий сабабидир. Ташқи зиддият – нарса ва ҳодисалар ўртасидаги муносабатларнинг ифодаси ҳисобланади. Жамият ривожланишининг мазмуни ва моҳияти ҳам асосан ички зиддиятларнинг ҳал қилиниши билан белгиланади. Бироқ ривожланишда ташқи зиддиятларнинг иштироки камроқ бўлади, деган фикрга бормаслик керак. Зеро, глобаллашув ва интеграция жараёнларида ташқи зиддиятларнинг ҳам ўз ўрни бор. Нарса-ҳодисаларнинг моҳияти, ҳолати, келиб чиқиш ва ривожланиш қонуниятларини белгиловчи зиддиятлар эса асосий зиддиятлар деб аталади. Асосий зиддиятлар тараққиётда белгиловчи (бошқарувчилик) вазифани бажаради ва барча бошқа зиддиятларга таъсир кўрсатади.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, зиддият муомалада – инсонлар ўртасидаги мулоқотларда – сўзлашиш, фикр алмашиш, музокара олиб бориш, баҳслашишда бири иккинчисини инкор этадиган иккита муомала натижасида вужудга келади.
Шуни таъкидлаш лозимки, зиддиятли вазиятлар асосида алоҳида шахслар ва гуруҳларнинг қарама-қарши фикрлари, мақсади ҳамда шу мақсадга эришиш воситалари ётади. Ижтимоий психология зиддиятларни манбаига қараб бир неча турларга ажратади. Масалан, зиддият ички-шахсий (раҳбар билан ходим ўртасида) ва шахс-ташкилот (шахслар, гуруҳлар ва ташкилот ўртасида) бўлиши мумкин. Шунингдек, зиддиятларнинг горизонтал таснифи ҳам мавжуд (бир-бирига бўйсунмайдиган ходимлар ўртасида), вертикал (бир-бирига бўйсунувчи ходимлар ўртасида) ва аралаш турдаги зиддиятлар ҳам мавжуд. Кундалик ҳаётда вертикал ва аралаш турдаги зиддиятлар учраб туради. Агар бундай зиддиятлар жамоада 70-80%ни ташкил этса, бу раҳбар учун хавфли ҳисобланади. Бундай вазиятда раҳбарнинг ҳар қандай ҳаракати зиддиятлар призмаси орқали олиб қаралади.
Муомала маданиятида зиддиятлар англашмовчилик, бир-бирини тушунмаслик ҳамда ўзаро манфаатлар тўқнашуви натижасида келиб чиқади. Шунингдек, зиддиятларни келтириб чиқарувчи сабаблар хусусиятига қараб тавсифлаш мумкин. Р.Л.Кричевский ўзининг “Агар сиз раҳбарсиз” китобида зиддиятларни келтириб чиқарувчи омилларни 3 гуруҳга бўлади:
Биринчи гуруҳ – меҳнат жараёнидаги зиддиятлар.
Иккинчи гуруҳ – инсонлараро муносабатларнинг психологик хусусиятлари, яъни симпатия ва антипатия, маданий-этник хилма-хиллик, раҳбар хатти-ҳаракатлари, психологик мослаша олмаслик ва ҳоказо.
Учинчи гуруҳ – жамоа аъзоларининг ўзига хослиги. Масалан, ўзини бошқара олмаслик, эҳтиросларга берилиш, тажовуз, дўқ-пўписа, ҳақоратлаш-сўкиниш, муносабатга кириша олмаслик.
Муомала жараёнида юзага келадиган зиддиятлардаги муаммо шундаки, инсонлар муомалада бўлиб, баъзида бир-бирларини умуман тушунмайдилар, ҳаттоки рақибингиз аниқ, лўнда гапирса ҳам. Сизнингча, инсонлар гўёки сизни эшитмаётгандек. Худди шунингдек, айрим ҳолларда сиз ҳам уларни тингламаслигингиз мумкин.
Муомала жараёнидаги қийинчиликларни инобатга олиб, Е.Мелбурд, В.Зигерт ва Л.Ланг томонидан инсоннинг зиддиятли вазиятлардаги хатти-ҳаракатларининг психологик стандарт билан мос равишдаги модели ишлаб чиқилган. Бу борада зиддиятни конструктив ҳал этиш қуйидаги омилларга боғлиқ:
- зиддиятни адекват тарзда идрок этиш, яъни шахсий кечинмаларсиз иккала томонни ҳам тўғри баҳолай олиш;
-муомаланинг самимийлиги ва самарадорлиги, муаммонинг ҳар томонлама ечимини топиш, зиддиятларда холисликка амал қилиш;
- ўзаро ишонч ва ҳамкорлик муҳитини яратиш. Раҳбарнинг зиддиятларни вужудга келтирувчи индивидуал хусусиятларни билиши муҳим аҳамиятга эга;
Психологларнинг бу борадаги тадқиқотларини умумлаштириб қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:
- ўз имкониятларини тўғри баҳолай олмаслик, мазкур ҳолатда атрофдагиларнинг тўғри фикрларига зид келиб, зиддият учун замин яратилади;
- устунлик қилишга интилиш;
- ўз фикрига содиқлик туфайли янгиликлардан воз кечиш;
- фикрларни баён этишда ортиқча тўғрилик, ҳақиқатни айта олиш;
- қатъийлик;
- шахс эмоционал йиғиндиси – безовталик, дарғазаблик, қайсарлик;
Зиддиятлар юқоридаги ҳолатлар билан бирга зиддиятга мойиллик туфайли ҳам вужудга келади. Шахслараро ва ижтимоий психологик муносабатларда фикрларнинг бир-бирига мос келмаслиги шулар жумласидан. Масалан, муайян шарт-шароитда фаолият олиб борувчи турли темпераментдаги инсонларни олиб кўрайлик. Одатий муҳитда ҳолерик ва флегматик темпераментли кишилар ишни самарали бажарадилар (флегматикнинг фавқулодда мулоҳазакорлиги ва ҳолерикнинг шиддат билан ҳаракат қилиши).
Шунингдек, кўп ҳолларда шахслараро зиддиятларнинг асосини манфаатлар ва мақсадлар эгаллайди. Масалан, корхона раҳбари ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш ва иш самарадорлигини оширишдан манфаатдор бўлса, ходимларни эса кўпроқ ойлик маош қизиқтиради. Бундай ҳолат ҳам зиддиятни вужудга келтиради. Аксарият ҳолларда зиддият шахснинг имкониятларига нисбатан қўйилган юқори талаблар туфайли вужудга келади.
Тадқиқотчилар К.Томас ва Р.Клименс зиддиятларда ўзини бошқаришнинг қуйидаги усулларини кўрсатадилар:
Do'stlaringiz bilan baham: |