Мавзу. Бошкарув фаолиятида низолар ва уларни бартараф этиш йўллари. Раҳбар шахси психологияси ва мулоқот маданияти. Каръера турлари ва босқичлари. Бошқарув компетенциялари
Бошқариш маданияти ёхуд раҳбарлик санъати
Бошқариш бу – бошқаларни ишлашга ундаш, назорат қилиш, тўғри қарор қабул қилиш, жараённи ташкил этиш ва бошқариш демакдир. Раҳбарлик эса – бу турли хил вазифалар тўплами ёки амал курсисидан иборат эмас, балки касбдир. Раҳбарлик инсондан зарур характер, билим, кўникма, малака, маҳорат, маданият касбий назокат, тажриба, қобилият ва ўзтга хос хусусият талаб этади.
Бошқариш – келажакни кўрувчи, фаолиятни ташкиллаштирувчи, ташкилотни идора қилувчи, фаолият турларини мувофиқлаштирувчи, қарор ва буйруқларнинг бажарилишини назорат қилувчи кучли қуролдир, – деб таъкидлаган эди француз олими А.Файоль.
Раҳбар қандай жамоага раҳбарлик қилмасин биринчи жамоада аҳилликни юзага келтириши шарт, унинг учун қуйидаги шарт-шароит зарур:
• жамоада илиқ-иссиқ кайфият уйғотиши;
• жамоанинг қадриятлари, қарашларида ўзаро мослик шаклланиши;
• адо этилаётган иш юзасидан ўзаро алоқанинг мавжудлиги;
• қарор қабул қилишда барчанинг иштироки ва ходимлар манфаатига йўналган бошқарув услуби;
• барчанинг манфаат ва қизиқишларига бир хил эътибор, жамоадаги ижтимоий тенглик ва адолат
Раҳбар ушбу санаб ўтилган шарт-шароитни ривожлантириш орқали жамоа аъзолари ўртасидаги аҳилликни кучайтириши мумкин.
Раҳбар учун шакллантириши зарур бўлган сифатларга ҳам алоҳида эътибор бериш лозим. Чунки ҳар қандай фаолият маълум ички ва ташқи зиддиятларни енгиш билан боғлиқ. Касбий такомиллашув жараёни ниҳоятда мураккаб бўлиб, инсоннинг руҳий, ақлий ва жисмоний кучини маълум мақсадга йўналтириш асосида билим, малака ва кўникмаларни, амалий фаолият қирраларини эгаллашни талаб қилади.
Раҳбар шахсий сифатлари ичида раҳбарлик фаолияти учун аҳамиятли бўлган қуйидагиларни ажратиб кўрсатиш мумкин: Раҳбарнинг ўз қўл остидаги ходимининг ички дунёсини тушуниши, яъни ўзини ўқитувчи ўрнига қўя олиши, унинг ҳолатини ҳисобга олиш, фикрини тинглаши, қизиқиш ва ташвишларига шерик бўлиши. Бунинг учун раҳбарда юксак маданият, зарур коммуникатив малакалари ва аҳлоқий-ҳиссий сезгирлик бўлиши лозим.
Раҳбарнинг касбий жиҳатдан муҳим сифатлари қаторига: принципиаллик, сиёсий етуклик, ташкилотчилик, зийраклик, кузатувчанлик, адолатлилик, танқидни қабул қилиш маданияти, ходимларига ғамхўрлик туйғуси, ўзгаларни ишонтириш қобилияти ва бошқалар киради. Раҳбар фаолиятида шахсий сифатлар билан бирга профессионал-ташкилий кўникма ва қобилиятлар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Унинг бу кўникмаларига: билиш, лойиҳалаш, коммуникатив нутқ ва ташкилотчилик киради.
Ҳар қандай бошқарув вазияти интеллектуал мазмун касб этади, негаки юзага келган муаммони бошқариш мавжуд ресурслардан ўринли фойдаланишни, инсон онги, тафаккури ва хулқига таъсир кўрсатишни тақозо этади. Бошқарув тизим сифатида икки осттизимдан иборат бўлиб, булар: бошқарувчи ва бошқариладиганлардир. Уларни ҳар бири алоҳида таснифга эга. Улар ўз иерархиясига эга бўлиб, ички ва ташқи жабҳалари мавжуд.
Do'stlaringiz bilan baham: |