17-модда. Ўзбекистон Республикаси ўз таркибидаги Қорақалпоғистон Республикасининг ҳудудий бутунлигини ва мустақиллигини эътироф этади. Ўзбекистон Республикаси билан Қоракалпоғистон Республикаси ўртасидаги ўзаро муносабатлар тенг ҳуқуқлилик асосида улар ўртасидаги икки томонлама шартномалар ва битимлар воситасида қурилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибидан тегишли қонунлар асосида эркин чиқиш ҳуқуқини сақлаб қолади.
Мустақил Ўзбекистонда ҳокимиятлар бўлиниши. Жаҳон давлатчилик ва демократик тараққмёти тажрибасидан маълумки, ҳуқуқий давлат қуришни мақсад қилиб қўйган ҳар бир жамиятда давлат ҳокимиятини ташкил этиш ҳокимиятлар бўлиниши назариясига асосланиши керак. Чунки бундай принцип юз бериши мумкин бўлган суистеъмолликни олдини олишнинг ишончли воситаси сифатида намоён бўлади. Ҳуқуқий давлат ва эркин фуқоролик жамияти қураётган Ўзбекистон ҳам ўз давлат органлари идоралари тизимини ҳокимиятлар бўлиниши асосида ташкил этган.
Ҳуқуқий давлатнинг муҳим тамойилларидан бўлган ҳокимиятлар бўлиниши назарияси Ўзбекистон Конституциясининг 11 моддасида “Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими – ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниш принципларига асосланади”, деб мустаҳкамлаб қўйилган. Ҳокимиятларга бўлиниш принципининг амалга оширилишида “бир-бирини тийиб туриш ва ўзаро мувозанатда ушлаш” тизимининг самарали ишлаши жуда муҳим бўлиб, бу тизимнинг хуқуқий асослари Асосий Қонунда мустаҳкамланган. Унда ҳокимиятнинг ҳар бир тармоғи ваколатига кирувчи масалалар доираси аниқ чегараланиб, кўрсатиб берилган. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни – Олий мажлис, ижро этувчи ҳокимиятни – Вазирлар маҳкамаси, суд ҳокимиятини – судлар амалга оширади.
Таъкидлаш лозимки, илмий доиралар ва кундалик ҳаётда оммавий ахборот воситалари ҳақида баъзан мустақил тўртинчи ҳокимият тармоғи сифатида фикр юритилади. Аммо, оммавий ахборот воситаларини бундай ифода этиш қандайдир расмий ҳокимиятни билдирмайди. Шунга қарамасдан, оммавий ахборот воситалари жамоатчилик фикрини шакллантиришда ўта муҳим рол ўйнайди ва улкан аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикасидаги давлат идоралари давлат ҳокимиятини амалга оширишнинг ягона тизимини ташкил этади. Ўзбекистон фуқоролари давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини амалга оширар экан, сайловлар ва ўз вакиллари орқали давлат органларини шакллантиришга таъсир кўрсатиши мумкин. Конституцияга мувофиқ (99 модда), “Вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар(туманга бўйсунувчи шаҳарлар, шунингдек, шаҳар таркибига кирувчи туманлардан ташқари) ҳокимлар бошчилик қиладиган халқ депутатлари кенгашлари ҳокимиятнинг вакиллик органлари бўлиб, улар давлат ва фуқороларнинг манфаатларини кўзлаб ўз ваколатларига тааллуқли масалаларни ҳал этадилар”.
Олий мажлис ва унинг фаолияти. “Ўзбекистон Республикаси Олий мажлисига сайлов тўғрисидаги” Қонун лойиҳаси 1993 йил 4 сентябрда матбуотда эълон қилинди. Республикадаги кўплаб етакчи олимлар, ҳуқуқшунослар, мутахассислар унинг муҳокамасида иштирок этдилар. Натижада мазкур Қонун лойиҳасига бир қанча ўзгартиришлар киритилди. 1993 йил 28 декабрдаги Олий кенгашнинг ўн тўртинчи сессияси “Ўзбекистон Республикаси Олий мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонунни қабул қилди. Олий мажлисга биринчи сайловлар 1994 йил 25 декабрда бўлиб ўтди. Биринчи турда 205 та депутат, қолган икки турда (1995 йил 8 ва 22 январ) 45 та депутат (жами 250 та) сайланди.
Олий мажлис - Ўзбекистон Республикасининг олий вакиллик ва қонун чиқарувчи органи ҳисобланади. У икки палатадан иборат бўлиб, қуйи палата –Қонунчилик палатаси, юқори палата – Сенат деб номланади. Қонунчилик палатаси сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида сайланадиган 120 нафар депутатдан иборат. Қонунчилик палатасини иши палата барча депутатларнинг профессионал доимий фаолият кўрсатишига асосланади. Қонунчилик палатасининг ваколат муддати – беш йил. Ваколат муддати тугагач, у янги Қонунчилик палатаси иши бошлагунига қадар ўз фаолиятини давом эттириб туради. Ўзбекистон Республикасининг сайлов кунига қадар 25 ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон ҳудудида муҳим яшаётган Республика фуқороси Қонунчилик палатасининг депутати бшлиши мумкин.
Сенат – ҳудудий вакиллик палатаси ҳисобланиб, сенаторлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда – 6 кишидан сайланади. Юқори палатанинг 16 нафар аъзоси фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади.
Олий мажлис таркибида 12 та қўмита ва 4 та доимий комиссия мавжуд.
Do'stlaringiz bilan baham: |